АХЛОҚАН ТУЗАЛМАГАН ЙИГИТ ТАКРОРАН ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ

Маълумки, ўғирлик жиноятлар ичида энг кўп тарқалгани, шу билан бирга, аянчлиларидандир. Айниқса, бир маротаба бу қилмишга қўл урган шахснинг кўзи ва қўли ўйнаб, яна ўғирликнинг «хумори» тутаверади.

Қува туманида яшовчи 35 ёшли Нурмирза Содиқжонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам ана шундай нопок йўлни танлади. Йўқ­са, у дастлабки ўғирлиги учун тайинланган жазони ўтаб чиққач, яна жиноят кўчасига қа­дам босмаган бўларди. Н. Содиқжонов 2017 йилнинг бошларида биринчи маротаба ўғирликка қўл ур­ди. Оқибатда жиноят иш­­­лари бўйича Қува тумани судининг 2017 йил 25 майдаги ҳукмига кў­ра, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. 2018 йил 14 июнда эса, жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани судининг ажримига биноан, Жиноят ко­декс­ининг 74-моддаси асосида 1 йил 11 ой 11 кун озодликдан маҳрум қи­лиш жазоси аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Мазкур жазони тўлиқ ўтаб, 2020 йил 9 июль куни озод бўлган. Аммо…

Бор-йўғи бир ой­­­гина «танаффус»дан сўнг Нурмирзанинг кўнг­ли яна ўғирликни тусаб қол­ди. Бинобарин, у хавф­ли рецидивист бўл­гани ҳол­да 2020 йил 13 ав­густдан 14 августга ўтар кечаси «Турк» маҳалласи, Минг­чинор кўчаси 202-уйга кириб, хонадон соҳиби Абдумутал Исроиловнинг нархи 1 200 000 сўмлик велосипедини ўғирлаб кетади. Сўнг уни дастлабки терговда аниқлашнинг имкони бўл­маган шахсга 320 000 сўмга сотиб, пулни ўз эҳтиёжига сарф­лаб юборади.

Шундан сўнг «ўғригина» йигит нақд 2 ой «жим» юрган, холос. Ана шу муддатдан сўнг — 2020 йил 14 октябрь куни фуқаро М. Урайимовнинг 24-умумтаълим мактаби ҳовлисида турган нархи 1 500 000 сўм­лик велосипедни ўғирлайди. Сўнгра аввалгидек номаълум шахсга 250 000 сўмга сотиб, пулни ҳамёнига уради. Пировардида «қаҳра­мон»­и­мизнинг «иштаҳа»си очи­­либ кетади. Яъни эртаси куни учинчи ўғирликка қўл уради. Аниқроғи, у бу гал «Гўзал» маҳалласи, Тинчлик кўчаси, 9-уй, 39-хонадонда яшовчи Абдумалик Қаҳҳоровнинг нархи 700 000 сўмлик «Ка­ма» русумли велосипедини ва баҳоси 230 000 сўм­лик уч жуфт пойабзални ўғирлайди. Ўғирланган велосипедни эски ва таъмирталаб велосипедларни созлаб сотувчи Акмалжон Мамадалиевга жиноий йўл билан қўлга киритилганини айтмай 100 000 сўмга, пойабзалларни эса, терговда шахсини аниқлашни имкони бўл­ма­ган кимсага сотиб юборади.

Буни қарангки, Акмалжон велосипедни обдон таъмирлаб, 2020 йил 18 октябрь — якшанба куни бозорга олиб чиқади. Шунда унинг олдига жиноят-қидирув бўлинмаси ходимлари келиб, ве­лосипедни қаердан олганини сўрашади. Шундагина А. Мамадалиев «Кама»нинг ўғирланганидан хабар топади. Оқибатда Нурмирза Содиқжоновга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан жи­ноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бў­йи­ча Қува тумани суди эса, уни айни модда билан айбдор деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этади. Лекин…

Судланувчи бундан норози бўлиб, апелляция шикояти берди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, биринчи бос­қич суди Жиноят кодексининг 8-моддасида жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши кераклиги ҳақидаги талабидан келиб чиқиб, Н. Содиқжоновга қо­нуний жазо та­йинлаган. Бинобарин, Фар­ғона вилояти судининг апелляция ҳайъати суд ҳукмини ўз­гаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирди.

Қилмишларидан тўғ­ри хулоса чиқармаган Нурмирза Содиқжоновнинг тақдири айримлар учун сабоқ вазифасини ўташи шубҳасиз. Чунки ҳалол яшаш ўрнига жиноятчиликни касб қилган кимсаларнинг аҳволи ҳамиша ачинарлидир.

Феруза СИДДИҚОВА,

Фарғона вилояти суди судьяси,

Зафаржон ОМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қува тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: