ФИРИБ ТЎРИГА КИМЛАР ИЛИНАДИ?
Мамлакатимизда мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги кафолатланган. Лекин бозор иқтисодиёти шароитида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш тариқасидаги жиноятлар ҳам тез-тез содир этилмоқда. Хўш, фирибгарлик нима?
Қонунчиликда фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки унинг мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ҳақ тўламай эгаллашда ифодаланади. Бунинг оқибатида мулк эгаси мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради.
Шу каби ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига ўзи имконият яратади.
Амалдаги Жиноят кодексининг 168-моддаси мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, фирибгарлик йўли билан алдаш деганда, айбдор томонидан била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулк эгаси ёки бошқа шахсга маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий ҳолатни яшириш, мулк эгаси ёки бошқа шахсни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади.
Судларда фирибгарликка оид жиноят ишларини кўриш амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, фирибгар содда ва ишонувчан одамларни алдаб, уларнинг ишончини қозонади. Натижада жабрланувчи пул ёки мулкини қўли билан унга беради.
Кейинги пайтда Бухоро вилоятида одамларнинг қорамолларини алдаш йўли билан қўлга киритиб, уларнинг пулини ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юбориш жиноятлари сони анча ортган.
Масалан, ўтган йилнинг биринчи ярмида қорамолларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган 157 нафар шахсга нисбатан 134 та жиноят иши кўрилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида бу турдаги жиноят сони 206 тага етган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 72 тага кўпайган.
Қоракўл туманида ҳам чорва молларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаш билан боғлиқ учта жиноят иши мазмунан кўриб чиқилиб, жиноятчиларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланди.
Қоракўллик Фаррух Ёқубов (исм-шарифлар ўзгартирилган) эндигина йигирма олти ёшга тўлган. Оилали, икки нафар фарзанднинг отаси бўлган бу кимса одамларнинг чорва молларини сотиб бериш баҳонасида бир нечта фирибгарлик жиноятларини содир этган.
Хусусан, ўтган йилнинг 3 май куни у таниши Б. Тоғаевга тегишли 15 бош ғунажинни 85 миллион сўмга нархлаб, уларни насияга олиб кетади. Бироқ берган ваъдасини бажариш ўрнига Б. Тоғаевга фириб беради.
Зайнаб Худойқулова ҳам фарзандлари билан беш бош қорамол боқаётган эди. Бундан хабар топган Ф. Ёқубов молларни 53 миллион сўмга сотиб олишини, бироқ пулини икки ойдан кейин беришини айтади.
Аммо З. Худойқулованинг ишончини суиистеъмол қилган фирибгар молларни сотиб, пулини ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади.
Ф. Ёқубовга чув тушганлардан яна бири И. Муҳиддинов 15 бош ғунажинни 115 миллион сўмга нархлаб, фирибгарга насияга бериб юборган.
И. Муҳиддинов Ф. Ёқубовнинг уйига қатнай-қатнай 4 миллион 500 минг сўм олишга муваффақ бўлади, холос.
Афсуски, Ф. Ёқубовнинг фирибгарлик жинояти фақат шулардан иборат эмас. У фирибгарлик йўли билан ўн беш нафар фуқарони «чув» туширган.
Суд унга тегишли жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, Ф. Ёқубовнинг жиноят содир этганликдаги айбини унинг иқрорлиги, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ва жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар билан тўлиқ исботланган деб топди.
Суд жабрланувчи Б. Аҳмедов, Н. Рўзиқулов, Ғ. Раҳимов, Х. Юнусов, О. Тонгжариқов, Ж. Нўъмонов, И. Хонкелдиевга жиноят оқибатида етказилган моддий зарар судланувчи томонидан қопланганини инобатга олди. Суд ҳукмида М. Ёқубовдан Т. Келдиёров фойдасига 18 миллион 500 минг, Ш. Насриддинов фойдасига 9 миллион, С. Бердибеков фойдасига 77 миллион, Б. Тоғаев фойдасига 85 миллион, З. Худойқулова фойдасига 53 миллион, И. Муҳиддинов фойдасига 110 миллион 500 минг, Ж. Турдиқулов фойдасига 26 миллион 300 минг, Ҳ. Қосимова фойдасига 10 миллион сўм ундирилиши лозимлиги қайд этилди. Бундан ташқари жабрланувчиларга етказилган бошқа моддий ва маънавий зарарларни ундириш бўйича фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги ҳам тушунтирилди.
Суд Ф. Ёқубов содир этган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, қилмишнинг сабаби, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдори, айбдорнинг шахсини ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда суд Ф. Ёқубовга саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Кўриниб турганидек, фирибгарлик жинояти ортидан жабрланувчилар моддий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолади. Улар ҳалол меҳнатлари орқали топган даромадини қайтариб ололмай сарсон бўлишади. Хўш, бунга сабаб нима? Халқимизда «Синалмаган отнинг сиртидан ўтма» деган нақл бор. Фирибгар алдовига учиб, панд еб қолмаслик учун дуч келган одамга ишониб, мол-мулкни унинг қўлига топшириш керак эмас. Аксинча, ўзига ҳушёр бўлиш, ҳар бир ишни қонун асосида бажариш зарур. Ана шунда фирибгарлик тегирмонига сув қуйилмайди.
Жалол САДИРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Қоракўл тумани суди раиси,
Абдуҳамид Худойбердиев,
журналист
Фикр қолдириш