ШАНХАЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИГА АЪЗО ДАВЛАТЛАР ОЛИЙ СУДЛАРИ РАИСЛАРИНИНГ XVI ЙИҒИЛИШИ
2021 йил 24 сентябрь куни Олий суд раиси К. Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) га аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг Қирғизистон Республикаси Олий суди раислигида видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган ўн олтинчи йиғилишида иштирок этди.
Йиғилишда Ҳиндистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий судлари раислари ва судьялари, кузатувчи мамлакатлар – Беларусь Республикаси, Эрон Ислом Республикаси Олий судлари раислари ва судьялари иштирок этди. Шунингдек, тадбирда ШҲТ Бош котиби В. Норовнинг йиғилиш қатнашчиларига йўллаган видеомурожаати намойиш этилди.
Томонлар ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш дўстлик ва яқин қўшничилик, ўзаро англашув ва ишонч, ШҲТ Хартияси, ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ истиқболга мўлжалланган яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотини 2025 йилгача ривожлантириш Стратегиясига мувофиқ минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш тамойиллари асосида амалга оширилаётганини таъкидладилар.
ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ўзаро манфаатли фаолиятни янада такомиллаштириш, адолат, қонунийлик ва ҳуқуқ тартиботини мустаҳкамлашга хизмат қилиб, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштириш учун муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.
Тадбирда қайд этилганидек, ШҲТ умумий манфаатларни ҳимоя қилишнинг самарали тизимидир. Яхши қўшничилик ва дўстликни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда бу нуфузли тузилма муҳим роль ўйнамоқда.
ШҲТ ташкил этилганидан буён унга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тушуниш, юқори даражадаги ишонч ва биргаликда қарорлар қабул қилиш руҳи шаклланди.
Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг қонун устуворлиги, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ушбу соҳада тажриба алмашиш борасидаги ҳамкорлигини янада фаоллаштиришга қаратилган қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Кун тартибига асосан суд тизимини оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқаси, хусусан, ОАВнинг судларга одил судловни амалга оширишдаги таъсири масалалари кўриб чиқилди.
Делегатлар суд ишларини экстерриториал тартибда кўриб чиқишни жорий қилиш масаласига ҳам тўхталиб ўтдилар.
Томонлар ўз эътиборини судларни рақамлаштириш ва одил судловни амалга ошириш жараёнида IT-технологияларни қўллашга қаратди.
Иштирокчилар ҳакамлик судлари қарорларини ижро этиш амалиёти ҳамда давлат ва муниципал хизматларга қарши коррупциявий ва бошқа жиноятлар бўйича суд амалиёти масалаларини муҳокама қилди.
Йиғилиш давомида ШҲТга аъзо давлатлари жиноят қонунчилигида инсонпарварлик тамойилларини татбиқ этишнинг ижобий ва салбий томонлари ҳам кўриб чиқилди.
Тадбирда ўзбек томони судларда ишларни кўришнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ва аҳолининг судларга мурожаат қилиш имконият даражасини ошириш борасида судлар фаолиятига жорий этилган замонавий ахборот-коммуникация технологиялар ҳақида тақдимот намойиш этди.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий суди вакиллари томонидан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда коррупцияга оид жиноят ишларини кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Бундан ташқари, иштирокчилар Ўзбекистонда жиноят қонунчилигини либераллаштириш соҳасида, жумладан, муқобил жазо турларини тайинлаш ва уларни қўллаш механизмини ишлаб чиқиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда ШҲТ минтақасида суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш, шунингдек, суд тизимининг ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн олтинчи йиғилиши конструктив мулоқот ва самарали ҳамкорлик муҳитида ўтди.
Йиғилиш якуни бўйича қўшма баёнот қабул қилинди. Унда ШҲТга аъзо давлатларининг Олий судлари ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, хавфсизлик, барқарорлик, хайрихоҳлик, халқларимиз тинчлиги ва фаровонлигини сақлашга янада кўпроқ ҳисса қўшиш ниятида экани қайд этилди.
ШҲТга аъзо давлатларнинг Олий судлари ШҲТ Хартияси, Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ва ШҲТ доирасида қабул қилинган бошқа халқаро шартномалар қоидаларини инобатга олган ҳолда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича ўзаро муносабатларни янада кучайтириш тарафдори.
Йиғилиш иштирокчилари миллий ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига асосланган ШҲТга аъзо давлатлар суд тимзимларини ривожлантириш учун Олий судлар ўртасида мазмунли мулоқотни давом эттириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Имзоланган якуний баёнотга мувофиқ ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг навбатдаги йиғилиши 2022 йилда Тожикистон Республикаси Олий суди раислигида ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва
оммавий ахборот воситалари
билан алоқалар бошқармаси
Фикр қолдириш