МАҒЗИ ПУЧ ТАКЛИФ АЛДАМЧИ КИМСАЛАРНИНГ НАЙРАНГИ БЎЛИБ ЧИҚДИ

Ҳаётда фирибгар кимса иш ёки ўқиш ёхуд бирон-бир масалада кўмакка муҳтож одамга ўзининг гўёки беғараз ёрдамини таклиф этади. Қулай фурсатдан фойдаланиб, ўзганинг машаққат билан топган бойлигини эгаллашга уринади. Аксарият ҳолларда бунинг уддасидан чиқади ҳам.

Ўтган йил олий ўқув юртла­ри­да тест натижалари эълон қилингач, Жиззахда ўза­ро жиноий тил бириктирган икки фи­рибгар етарли балл тўплай олмаган фуқароларни қандай алдаб, бойликларини қўлга киритгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди…

Сентябрь ойининг оддий кунларидан бирида Элдор (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг қўл телефонига нотаниш рақамдан бир қиз қўнғироқ қилиб, ўзини Жиззах шаҳридаги «Asia Consult» масъулияти чекланган жамия­ти менеджери деб таништиради ва «талабамисиз ёки абитуриент?» — дея сўрайди.

У Элдордан ҳали талабалик насиб этмагани, лекин институтга ўқишга кириш мақсадида тайёрланиб юрганини эшитгач, «телефон рақамингизни Давлат тест марказидан олдик, агар хоҳласангиз, сизни чет эл олий таълим муассасаларига ўқишга киришингизга ёрдам берамиз», дейди.

Табиийки, ўқишга иштиёқи баланд Элдор бу таклифни эшитиб, қувониб кетади. Сўнг қаерга, кимга учрашиш кераклигини сўрайди.

Қисқаси, Элдор уйдагилари билан маслаҳатлашгач, Жиззах шаҳрининг «Кимёгар» маҳалласида жойлашган «Asia Consult» масъу­лияти чекланган жамиятига боради. Уни ўзи­ни менеджер деб таништирган Муборак Омонкелдиева ва оператор Уйғун Избосаров кутиб олади.

Менеджер М. Омонкелдиева Элдорга чет эл олий ўқув юртлари йўналишлари ҳақи­да тушунтириш бераркан, ўқишга киритиш эвазига масъулияти чекланган жа­мият­ ҳисоб рақамига 7 миллион сўм тўлаши, яна шунча миқдордаги маблағни бир йиллик контракт тўлови учун амалга ошириши лозимлигини айтади.

Орадан уч кун ўтиб, Элдор яна уларнинг олдига боради. Бу гал у ҳужжатлари ва пул олиб келганди. Ҳужжатларни У. Избосаровга, 7 миллион сўмни М. Омонкелдиевага беради. Пулни олгач, М. Омонкелдиева қўлидаги олий таълим муассасалари рўйхатига кўз югуртираркан, «сизга Қозоғис­тон Республикасидаги Тараз инновацион гуманитар университетида ўқишни таклиф қиламан» дейди. Элдорга бу таклиф маъқул тушади.

Икки кундан сўнг М. Омонкелдиева Элдорнинг Телеграмига Қозоғистондаги ўша университетга ўқишга қабул қилингани ҳақи­даги маълумотномани жўнатади ва қўнғироқ қилиб, «дарслар онлайн тартибда бўлади, контракт тўловини тўлашингиз керак» дейди.

Шундан сўнг бироз вақт ўт­г­ач, Элдор М. Омонкелдиеванинг ишхонасига боради ва унга контракт тўлови учун 3 миллион 500 минг сўм беради. М. Омонкелдиева фирма тўлови учун 7 миллион, конт­ракт тўлови учун 3 миллион 500 минг сўм — жами 10 миллион 500 минг сўм тўлангани ҳақида маълумотнома ёзиб, Элдорнинг қўлига тутқазади. Маълумотномада «Asia Consult» масъу­лияти чекланган жамияти эмас, балки «Фурқон Мажид» номли фирма муҳри босилганди.

Бунинг сабабини сўраганида, М. Омонкелдиева «компа­ния­мизнинг номи ўзгарди, биз давлат ташкилоти бўл­дик» дея жавоб беради.

Шундан сўнг Э. Пўлатов М. Омонкелдиевадан университет билан тузилган контракт шартномасининг асл нусхасини беришни сўраб, кўп марта унинг олдига қатнайди. Бироқ М. Омонкелдиева турли баҳоналарни рўкач қилиб, шартноманинг асл нусхасини бермайди. Охир-оқибат Элдор шу йилнинг февраль ойида масъулияти чекланган жамиятига борса, бошқа бир ташкилот хонани ижарага олиб, фаолият­ юритаётган экан. Менеджер М. Омонкелдиевани ҳам, оператор У. Избосаровни ҳам танийман, деган одамни тополмагач, Э. Пўлатов алданганига амин бўлади ва вилоят ички ишлар бош­қармасига ариза билан мурожаат қилади.

*   *   *

Саидазим 2021 йилда Жиззах Политехника институтига ўқишга кириш мақсадида ҳужжат топширган, аммо етарли балл тўплай олмаганди. Бу йил эса, ўқиш ниятидан қайтиб, ишга кирганди.

Аммо ноябрь ойи ўрталарида унга М. Омонкелдиева қўн­ғироқ қилади.

— Телефон рақамингизни сиз ҳужжат топширган институт абитуриентлар базасидан олдим, — дейди у «Asia Consult» менеджери эканини таъкидларкан. — Хоҳласангиз, келинг, сизни ўқишга жойлаштирамиз.

Буни қарангки, олий таълим даргоҳида ўқиш ҳақидаги таклиф Саидазимга ҳам маъ­қул тушади. У ота-онаси билан маслаҳатлашгач, ҳо­жат­барор М. Омонкелдиеванинг ҳу­зурига йўл олади.

Қисқаси, улар учрашишгач, М. Омонкелдиева Саидазимга бир неч­та олий ўқув юртларининг номини айтиб, қайси бирида ўқиш истаги борлигини сўрайди. Саидазимга Тошкент халқаро молия ва технологиялари нодавлат университети маъқул тушади. Ушбу олий ўқув юртига ҳужжат топшириши учун 7 миллион сўм тўлаши лозим экан.

Орадан уч кун ўтгач, М. Омон­кел­диева­ Саидазимга қўнғироқ қилиб пулни сўрайди. Сўнгра унинг ўзи Саидазимнинг Жиззах шаҳрининг «Заргарлик» маҳалласидаги иш жойига келиб, ҳалиги маблағнинг ярми — 3 миллион 500 минг сўмни олиб кетади.

Саидазим пулнинг қолганини ўқиш ҳал бўлгач, беришини айтади. У М. Омонкелдиева ўзини олий ўқув юртига жойлаштиришига қаттиқ ишонган, ўшанда пул билан бирга ўрта маълумоти ҳақидаги ҳужжати, фуқаролик паспорти нусхаси, саккиз дона 3х4 ҳажмдаги фотосуратларни ҳам бериб юборганди.

Саидазим 2022 йилнинг февраль ойи тезроқ келишини ин­тиқлик билан кутади. Чунки унга ўқиш ўша пайтдан бошланишини айтишганди. Лекин февраль ойи ҳам аллақачон ўтиб кетса-да, ўқишдан дарак бўл­мади.

Кўнглини турли хил шубҳа-хавотирлар қоплаган Саидазим М. Омонкелдиевани ишхонасига излаб боради, аммо уни тополмайди.

Шундан сўнг қўнғироқ қилганида эса, М. Омонкелдиева узоқ жойда иш билан юрганини айтиб, уни алдайди. Кейинчалик унинг қўн­ғи­роқларига умуман жавоб бермай қўяди.

*   *   *

Фирибгар кимсаларнинг тузоғига тушганлар фақат Э. Пўлатов ва С. Абдуллаев эмас эди. М. Омонкелдиева ва У. Избосаров жарбланувчилар — Ш. Жўраев билан Қ. Бекназаровни 12 миллион, С. Қорақулова билан Ғ. Тиркашевни 14 миллион, Ф. Бозорбоевани 8 миллион 612 минг, А. Мустановни 13 миллион 750 минг сўмга «чув» туширганди. Шунингдек, бу фирибгар кимсалар жабрланувчи Г. Ниёзқулованинг 1 миллион сўм ва 150 АҚШ доллари, М. Абдураззоқова ва М. Аловуддиновнинг 900 АҚШ доллари, Х. Қорёғдиевнинг 800 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан ўз­лаштиришганди.

Энди ўн икки ҳолатда такроран фирибгарлик жинояти содир этиб, ҳамюртларини ал­дов тузоғига илинтирган кимсаларнинг шахсига ойдинлик киритиш, қилмишнинг бир қа­дар кенгайиб кетишига изн берган шарт-шароитга тўхталиш мавриди етди, назаримизда.

Одамларнинг ишончини суиистеъмол қилишнинг ҳадисини олган М. Омонкелдиева Жиззах шаҳрида яшайди. Бор-йўғи ўрта маълумотли, ҳеч қаерда ишламайди, турмушга чиқмаган. Гап шундаки, М. Омонкелдиева иш қидириб юриб, Тошкент шаҳрида қонуний тарзда фаолият юритаётган «Asia Consult» масъулия­ти чекланган жамиятининг Жиззах шаҳридаги вакили М. Раҳимов билан танишиб қолади. Бу ўтган йилнинг март ойидаги гап. М. Раҳимов ушбу жамият абиту­риент­ларни Ўзбекистон ва чет давлатлардаги олийгоҳларга ҳужжатларни жамлаш ва топширишда кўмаклашиши, ўқишни бир олийгоҳдан бош­қасига кўчириш билан шуғулланишини тушунтиради. Шундан сўнг М. Омонкелдиева корхонада норасмий менеджер вазифасида ишлай бошлайди.

М. Омонкелдиева М. Раҳимов берган рўйхат асосида фуқароларга қўнғироқ қилиб чақириш, уларга корхона тўғрисида маълумот бериш билан атиги беш ой, М. Раҳимов хорижга ишга кетиб қолгунига қадар шуғулланади.

Шундан сўнг масъулияти чекланган жамиятининг Жиззах вилоятидаги фао­лияти ҳам тўхтайди. М. Омонкелдиева корхонага тегишли ҳужжатлар билан бирга муҳрни Чилонзор тумани ҳудудида жойлашган масъулияти чекланган жамиятнинг бош офисига топширади.

У Тошкентдан қайтгач, кўнглида одамларни алдаб, уларнинг бойликларини фириб йўли билан эгаллашдек ғараз ният пайдо бўлади. У Жиззах шаҳар «Кимёгар» маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг пастки қисмидаги савдо дўконларидан бирини ижарага олади ва ўзи муқаддам норасмий менеджер вазифасида ишлаган «Asia Consult» масъулияти чекланган жамиятидаги фаолиятини яна ноқонуний тарз­да давом эттиради.

Унга консалтинг фирмаларида ишлаш қобилиятига эга ёрдамчи керак эди.

«Ўхшатмасдан учратмас» деганлари рост экан. Бу соҳада иш тажрибасига эга Уйғун Избосаров билан улар тасодифан танишиб қолишади. Фикрлари бир жойдан чиққач, бу фирибгар кимсалар хусусий корхона ташкил этиш, унинг муҳридан ҳужжатларни расмийлаштиришда фойдаланиш кераклигини билишади. Шу сабабли М. Омонкелдиева давлат хизматлари маркази Жиззах шаҳар бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, «Фурқон Мажид» масъу­лияти чекланган жамияти ташкил этади. У. Избосаровни жамият оператори вазифасига тайинлайди.

Масъулияти чекланган жамияти Низомига кўра, улар фаолияти фуқароларни чет элдаги олийгоҳларга ўқишга кириши учун ҳужжатларини жамлаш ва топшириш, туризм, яъни аҳолини чет эл саёҳатига чиқишини ташкил этишдан иборат эди. Аммо улар қинғир йўлни танлашади.

У. Избосаров олий ўқув юртларига ҳужжат топшириб, етарли балл тўплай олмаганларнинг исм-шарифи, яшаш манзили, фуқаролик паспорти серия рақами ва телефон рақамларини абитуриентлар базасидан топиб, рўйхат тузади ва М. Омонкелдиевага тақдим этиб туради. Фирибгарлар жабрланувчиларга юртимиз олий ўқув юртларидан таш­қари Қозоғистон, Тожикистон, Россия Федерацияси, Жанубий Корея Республикаси, Хитой, Италия, Туркия давлатлари ва Америка Қўшма Штатларидаги нуфузли таълим даргоҳларига ўқишни таклиф этиб, қизиқтиришади.

Халқимиз «Қинғирликнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади» деб бежизга айтмаган. Ушбу қилмишнинг ош­кор бўлишига унчалик кўп вақт кетмади. Тез орада М. Омонкелдиева ва У. Избосаров қилмишлари учун қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлишди. Улар жабрланувчиларга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплашди. Суд томонидан М. Омонкелдиева ва У. Избосаровга қилмишига яраша қонуний ва адолатли жазо тайинланди.

Гувоҳи бўлганингиздек, мағзи пуч таклиф алдамчи кимсаларнинг найранги бўлиб чиқди. Хулоса шуки, ҳаётда фирибгарларга эмас, қонун талабига амал қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди.

Мақсуд ЭРНАЗАРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Арнасой тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: