МУШТ КЕТДИ… ВА ҚАЙТДИ
Болалигимизда «Мушт кетди» деган ўйин бўларди. Унга кўра, кимдир ёнида турган болага бир мушт туширса, у бошқасига мушт тушириши керак эди. Кейин тескари тартибда мушт эгасига қайтиб келарди. Шу тариқа тўпланиб турган болалар орасида мушт емагани қолмасди. Қуйидаги воқеа ана шу ўйинга жуда ўхшаб кетади.
Ёзнинг жазирамасида кимдир ўзини соя-салқин жойларга уради, бошқаси тоғ бағрида дам олади. Тоҳир (воқеа иштирокчиларининг исмлари ўзгартирилди) эса пойтахтимиздаги Қорасув каналида чўмилишга қарор қилди.
У сувга калла ташлаши билан аввалига аъзои бадани совқотиб титради.
Аммо аста-секин сувнинг ҳароратига кўниккач, яйрагандан яйради. Билган усулларида сузди, сув остига шўнғиди, ўзини эркин қўйиб, оқим бўйлаб оқди.
Хуллас, маза қилди.
Чўмилиб, тоза хумори босилгач, қирғоққа чиқаётиб, шундоқ канал бўйида ўсиб ётган ёввойи наша ўсимлигига кўзи тушди. Унинг бир бутоғи синиб, ерда ётарди. Хаёлидан бир фикр ўтиб, «Қуруқ қайтмайдиган бўлдим», деди.
Чор атрофга аланглаб, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, наша баргларидан териб, чўнтагидаги гугурт қутисига жойлай бошлади. Сўнг апил-тапил кийиниб, уйи томон йўл олди.
Ғафур Ғулом номидаги метро бекати ёнидан ўтиб кетаётганда қариндоши Барот олдидан чиқиб қолди. Шунда хаёлидан ўтган режаси ёдига тушиб, Баротга гугурт қутисига жойланган баргларни кўрсатди.
– Бу нима? – ҳайрон бўлиб сўради Барот.
– Наша, – деди шивирлаб Тоҳир. – Мабодо харидор чиқиб қолса, менга хабар қил. 50 минг сўмга сотаман. Баҳонада ўзинг ҳам уч-тўрт сўмлик бўлиб қоласан.
– Хўп, бўпти, – деди Барот ҳам паст овозда.
Тоҳирга башоратчиликдан озгина юққан, шекилли. Бундай деяётганимизнинг боиси, эртаси куни кечки соат 22:00 ларда Баротга собиқ синфдоши Баҳриддин қўнғироқ қилиб, «Ўртоқ, «ҳайдар» топишнинг иложи борми?» деб сўраб қолди. Барот аввалига мужмалроқ қилиб, «Суриштириб кўраман», деди. Бироздан кейин ўртоғига қўнғироқ қилиб, «Айтган нарсангни топдим. Ҳозир бориб оламан», деди. Кейин Тоҳир билан қўнғироқлашиб, «Себзор» мавзесидаги фитобар олдида кечаси соат 22:30 ларда учрашиб, «товар»ни олди. Пулини кейин беришини айтиб, Баҳриддин билан шу мавзедаги мактаб олдида кўришди. Нашанинг нархи 100 минг сўм бўлишига олдиндан келишишган эди. Баҳриддин ҳам «мол»ни олди-ю, пулини насия қилди.
Барот «Эртага пулни қўлга киритарман» деган умидда ухлагани кетди.
Гарчи Барот заҳри қотилнинг бирламчи нархи 50 минг сўмлигини айтган бўлса ҳам, бежиз Баҳриддин унга 100 минг сўм беришга кўнгани йўқ. Чунки синфдоши Шавқиддин қўнғироқ қилиб, наша эвазига 50 АҚШ доллари ваъда қилганди. Баҳриддин «мол»ни эгасига топшириш учун шошиб кетаётганида олдидан икки таниши чиқиб қолди. Уларнинг машинасига ўтириб, «Оғайнилар, машинага бензин қуйиб бераман. Мени Машҳадий кўчасига олиб боринглар», деб илтимос қилди.
Кўча бўйида турган Шавқиддинни узоқдан кўргач, «Машинани шу ерда тўхтатиб юборинглар. Дўкондан менинг ҳисобимдан сув-пув олиб туринглар», деб машинадан тушди. Шавқиддиннинг ёнига бориб, машинадаги танишларига сездирмай, наша жойланган гугуртни узатди.
«Товар»ни олгач, Шавқиддин «Шу ерда кутиб тур», деб шипшиди-да, қаёққадир югуриб кетди. Аниқроғи, у таниши Ринат топган «мижоз»га «мол»ини 100 АҚШ долларига пуллаш учун шошаётган эди. Кечаси соат бирларга яқин қабристон ёнида заҳри қотилни буюртмачига топшираётган пайти ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинди. Дастлабки суриштирув чоғидаёқ нашани кимдан олганини айтди. Шу тариқа бирин-кетин гиёҳфурушларнинг барчаси қўлга олинди.
Шундай қилиб, Тоҳир чўмилаётиб кўриб қолган ёввойи наша ўсимлиги қанча одамни суднинг қора курсисига ўтқизди. Аслида бунга уларнинг ўзи айбдор.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди уларнинг ҳар бирига қилмишига яраша жазо тайинлади.
Суд материаллари билан танишар экансиз, баъзи нарсаларга ҳайрон қоласиз. Ушбу жиноятга қўл урганларнинг аксарияти Тошкент шаҳрилик.
Лекин бирортаси ҳам тайинли жойда ишламайди. Улар орасида талабалар, ҳали 18 ёшга тўлмаган коллеж ўқувчиси ҳам борлиги кишини янада афсуслантиради.
Қаҳрамон МИРСАФАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Яшнобод тумани суди судьяси,
Бобомурод ТОШЕВ,
«Postda» мухбири
(“Postda” газетаси,
2019 йил 25 сентябрь)
Фикр қолдириш