ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. 

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий ва иқтисодий судлар, ҳарбий судлар раислари ва судьялари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Олий суд раиси К. Комилов бошқарган мажлисда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар аввало фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини амалда кафолатли ҳимоясини таъминлаш орқали уларни суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва амалга жорий этилган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросининг таъминланиши амалда ўз самарасини бермоқда.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Фуқаролик ишлари бўйича биринчи инстанция судининг ажримлари тўғрисида” ва “Маъмурий ишлар бўйича суд ҳаражатларини ундириш амалиёти ҳақида”ги қарорлари лойиҳаси муҳокама қилинди.

Пленум мажлисида муҳокама этилган “Фуқаролик ишлари бўйича биринчи инстанция судининг ажримлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси янги таҳрирда қабул қилингани, биринчи инстанция суди томонидан ажримлар чиқаришда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Мазкур қарор лойиҳаси билан судларнинг эътибори ишни апелляция, кассация ва назорат тартибида кўриш натижаси бўйича чиқариладиган ажримлардан фарқли равишда биринчи инстанция судининг ажрими иш мазмунан ҳал қилинмайдиган суд ҳужжати ҳисобланишига қаратилмоқда. Биринчи инстанция судининг ажримлари мазмуни ва уни ижро этишнинг умумий қоидалари Фуқаролик процессуал кодексининг тегишли нормалари билан тартибга солинган. Биринчи инстанция судининг ажримлари қонунчиликда белгиланган тартибда суд томонидан алоҳида хонада (маслаҳатхонада) ҳам, суд мажлиси баённомасига киритган ҳолда жойида ҳам чиқарилиши мумкин. Иш бўйича иш юритиш жараёнида юзага келадиган алоҳида процессуал масалалар бўйича ажримлар ҳам, иш бўйича иш юритиш тугатиладиган (аризани кўрмасдан қолдириш, ишни иш юритишдан тугатиш тўғрисида) ажримлар ҳам чиқарилиши назарда тутилган. Белгиланган тартибда хусусан, қуйидаги ажримлар алоҳида хонада (маслаҳатхонада) чиқарилади: рад қилиш тўғрисидаги арзни қаноатлантириш ёки рад қилиш, ишни сиртдан иш юритиш тартибида кўриш, мажбурий келтириш, суд жаримасини солиш, ишни мазмунан муҳокама қилишни тиклаш, ҳал қилув қарори ёзувидаги хатоларни ва аниқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатиш, ҳал қилув қарорини тушунтириш, ҳал қилув қарорини дарҳол ижро этиш, ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ёхуд бўлиб-бўлиб ижро этиш, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш, дарҳол ижро этишга қаратилмаган ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш, сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриш, аризани кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш, процессуал муддатларни узайтириш ва тиклаш, эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаш ва ишнинг кўрилишини кейинга қолдириш ҳамда суд томонидан қарор қабул қилингунга қадар алимент ундириш ҳақидаги ишлар. Фуқаролик процессуал кодексининг тегишли моддасига мувофиқ мураккаб бўлмаган масалаларни ҳал этиш бўйича (учинчи шахслар, вакилларни ишга жалб қилиш ёки киришиши, гувоҳларни чақириш, суд муҳокамасини кейинга қолдириш, далилларни текшириш тартибини белгилаш, далилларни талаб қилиб олиш ёки ишга қўшиб қўйиш ва бошқалар) суд томонидан маслаҳат хонасига кирмасдан  жойида ажрим чиқарилади. Шу билан бирга, суд ўз хоҳишига кўра қайд этилган ҳар қандай масалалар бўйича алоҳида процессуал ҳужжат кўринишидаги ажрим чиқаришга ҳақли.

Шунингдек, Пленум йиғилиши иштирокчилари маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, судлар томонидан бу борадаги қонун талабларини тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Маъмурий ишлар бўйича суд ҳаражатларини ундириш амалиёти ҳақида”ги қарор лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар. Айтиш керакки, маъмурий ишлар бўйича суд харажатлари давлат божи ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан иборат. Қонунга кўра, давлат божи деганда, юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун олинадиган мажбурий тўлов тушунилади. Давлат божи бошқа мажбурий тўловлар қаторида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантиришнинг таркибий қисмини ташкил этиши туфайли, судлар маъмурий ишлар бўйича давлат божи ундиришга доир қонун талабларига сўзсиз риоя этиши шарт. Маъмурий ишлар бўйича давлат божи қуйидагилардан ундирилади: биринчи инстанция судига бериладиган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги аризалардан; давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги; сайлов комиссияларининг ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш ҳақидаги; нотариал ҳаракатни содир этишни, фуқаролик ҳолати далолатномаларининг ёзувларини қайд этишни рад этганлик юзасидан низолашиш ёхуд нотариуснинг ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги; давлат рўйхатидан ўтказишни рад этганлик ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаганлик устидан бериладиган шикоятлардан судларнинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни тугатиш тўғрисидаги, ариза (шикоят)ни кўрмасдан қолдириш ҳақидаги, суд жарималарини солиш тўғрисидаги ажримлар устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан; суд ҳужжатларнинг дубликатлари ва кўчирма нусхаларини берганлик учун. Иш ҳужжатларидан фото нусха олиш учун давлат божи ундирилмайди. Маъмурий ишлар бўйича давлат божини тўлаш билан боғлиқ муносабатлар Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги «Давлат божи ставкалари тўғрисида»ги 533-сонли қарори билан тартибга солинади. Давлат божи ариза, шикоят судга берилгунга қадар тўланади, агар қонунда бошқача белгиланмаган бўлса (масалан, тўловчи давлат божини тўлашдан озод қилинган, давлат божи тўлаш кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб тўланадиган ҳолларида). Давлат божи нақд пулсиз шаклда тўланганлиги факти банкнинг тўлов қабул қилинганлиги тўғрисидаги белгиси бўлган тўлов топшириқномаси билан тасдиқланиши шарт. Давлат божи нақд пул шаклида тўланганлиги факти банк томонидан тўловчига бериладиган белгиланган шаклдаги квитанция билан ёки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси белгилаган шаклда давлат божини қабул қилган ташкилот ёки мансабдор шахс томонидан тўловчига бериладиган квитанция билан тасдиқланиши керак. Агар муайян судда кўрилиши керак бўлган бир неча аризалар бўйича давлат божи бир тўлов топшириқномаси билан тўланган  бўлса, тўлов топшириқномаси ишлардан бирига илова қилинади. Қолган ишларга судья томонидан тўлов топшириқномаси санаси ва рақами кўрсатилган ҳамда тўлов топшириқномаси қўшиб қўйилган ишга ҳавола қилинган ҳолда давлат божи тўланганлиги тўғрисида, белги қўйилади (маълумотнома тузилади). Шуни назарда тутиш лозимки, тўланиши шарт бўлган давлат божи миқдори аризачи судга мурожаат қилаётган талабга боғлиқ бўлади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ставкалар бўйича аниқланади. Бир нечта мустақил талаблардан иборат бўлган аризалардан давлат божи ҳар бир талаб бўйича алоҳида, аризалар учун белгиланган тегишли ставкалар бўйича ундирилади.

Йиғилишда таъкидланганидек, муҳокама этилган Пленум қарорлари фуқаролик ва маъмурий ишларни қонуний ҳамда адолатли ҳал этишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга, қонун ҳужжатларининг суд амалиётида аниқ ва бир хилда татбиқ этилишига, ягона суд амалиётини шакллантиришга, шунингдек янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалиётда янада самарали қўлланилишига хизмат қилади.

Шунингдек, йиғилишда Пленум қарорларининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини аҳолига, тадбиркорларга, давлат органлари ва ташкилотлар ходимларига, судьяларга тушунтириш бўйича вилоятларда ва маҳаллаларда тадбирлар амалга оширилиши лозимлиги қайд этилди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Пленум мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: