ИНСОН ТАҚДИРИГА ЛОҚАЙДЛИК ОҚИБАТИ синов муддатини ўтаётган аёл саккизинчи бор жиноятга қўл урди
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида кейинги даврда жиноятчилик бир мунча камайди. Шундай бўлса-да, содир этилаётган жиноятлар орасида ўғирлик ва фирибгарлик каби жиноятлар кўпчиликни ташкил этмоқда.
Жиноят учун — жазо муқаррар. Шу маънода ҳар қандай жиноятга қонун ҳужжатларида тегишли жазо чоралари белгиланган.
Жумладан, амалдаги Жиноят кодексининг 169-моддаси биринчи қисмида ўғирлик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилганлик учун — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ё уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш назарда тутилган.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида киссавурлик учун жазолар кўзда тутилган. Хусусан, анча миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб, ўғирлик жинояти содир этгани учун — энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ё икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шу модданинг 169-моддаси учинчи қисмида эса, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, компьютер тизимига рухсатсиз кириб, кўп миқдорда, нефть қувурларида, газ қувурларида, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларида ўғирлик жинояти содир этганлик учун беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси мустаҳкамланган.
Миллий қонунчилигимизда бундай қатъий жазо чоралари белгилангани бежиз эмас, албатта. Зеро, ўғирлик жиноятининг оғирлиги, шу билан бирга, судланувчининг жамият учун ижтимоий хавфлилик даражаси алоҳида инобатга олиниши шуни тақозо этади.
Бугунги кунда мамлакатимизда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, балки турли жамоат ташкилотлари томонидан ҳам ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шунга қарамай, айрим фуқаролар қайта-қайта жиноят содир этаётгани жуда ташвишланарлидир.
Айниқса, ёш жувон томонидан, яна денг, бир неча марта жиноят содир этилиши ўта афсусланарлидир.
Халқимиз азалдан хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиб келган.
Бинобарин, аёл — жамиятимиз гултожи, оиламиз фариштаси, таъбир жоиз бўлса, гўзаллик, нафосат ва садоқат рамзидир.
Тўққиз ой вужудида асраб-авайлаб, фарзандни дунёга келтирган, тунлари бедор бешик тебратиб чиққан, гўдагининг биргина табассуми учун ширин жонини фидо қилиб, барча ҳузур-ҳаловатидан кечадиган меҳрибон ва мушфиқ она ҳам шу — табаррук аёлдир.
Зотан, бувимиз, онамиз, турмуш ўртоғимиз сифатида айнан аёл зоти фарзандларимиз онгу шуурига инсоний меҳр-оқибат, ҳалол яшашга фидойилик, камтарин одоб-ахлоқ, катталарга ҳурмат-эҳтиром, кичикларга иззат-икром каби эзгу фазилатларни сингдириб, камолга етказади, муносиб тарбиялайди.
Аммо минг афсуски, бундай юксак рутбага барча аёлларимиз ҳам бирдай муносиб, дея олмаймиз. Бу фикримизни ҳаётдаги мана бу очиқ ва аччиқ мисол ҳам тасдиқлайди.
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида 1984 йили туғилган Одина Камоловага (исм-шарифлар ўзгартирилган) нисбатан Жиноят кодексининг 25,169-моддаси 3-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят иши атрофлича кўриб чиқилди.
Айтиш керакки, О. Камолова ҳали ёш бўлса ҳам, саккиз марта суднинг қора курсисига ўтиришга «улгурган».
У дастлаб, яъни 2001 йилда — талончилик, 2002 йил январь ойида — талончилик ва ўғирлик, февралида — талончилик; 2005 йилда — қамоқдан озод этилган вақтда ўрнатилган маъмурий назорат қоидаларини бузиш, 2008 йилда — қўшмачилик, 2018 йилда — ўғирлик жиноятларини содир этгани боис жиноий жавобгарликка тортилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, суд томонидан О. Камоловага содир этган жиноий қилмишлари учун озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган. Бошқача айтганда, унга нисбатан бағрикенглик кўрсатилиб, ҳаётда тўғри йўлни топиб олиши учун имконият берилган. Аммо у берилган имкониятдан ўзига тўғри хулоса чиқармаган ва қилаётган жиноий хатти-ҳаракатининг оқибатини кўра-била туриб, яна ўғирлик жиноятига қўл урган.
Хусусан, у 2019 йил 21 сентябрь куни Наманган шаҳридаги «Чорсу» деҳқон бозорига олти ёшли ўғли билан бирга боради.
Аслида у бозорга рўзғорига у-бу харид қилиш мақсадида эмас, балки ўйлаб қўйган ғараз ниятини амалга ошириш учун келганди. Шу боис бувиси билан айланишга чиққан 3 яшар қизалоқнинг тилла зирагини ечиб олиш учун фурсат пойлайди ва бунга илк имкон туғилган заҳотиёқ қизчанинг бир қулоғидаги зиракни ечиб олиб, қочишга тушади. Яхшиямки, бу безориликка бошқалар бефарқ қарашмайди.
Аниқроғи, яқин атрофдаги сотувчи аёллар унинг ўғлини ушлаб қолишади. Шу боис у воқеа жойидан қочиб кета олмайди, бошлаб қўйган жинояти ҳам, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда, охирига етмай қолади.
Шундан сўнг суриштирув ва тергов ишлари натижасида О. Камолова Жиноят кодексининг 25,169-моддаси 3-қисми «а»-бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, жавобгарликка тортилади.
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди ушбу жиноят ишини атрофлича кўриб чиқди. Суд О. Камоловага 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман судининг 2018 йил 5 октябрдаги ҳукми билан тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосининг шартлилиги бекор қилиниб, узил-кесил ўташ учун 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тегишли қонунга кўра, вояга етмаган бир нафар фарзанди эса, Наманган вилоят васийлик ва ҳомийлик органига топширилди.
Энди бироз мулоҳаза юритишга тўғри келади. Негаки, суд жараёнида О. Камолова ота-онаси барвақт вафот этганини, ака-ука ва опа-сингиллари билан алоқаси узилиб кетганини, яшаш учун уйи йўқлиги, судланган вақтида Ички ишлар бўлими томонидан паспорти йўқотиб қўйилганини, янги паспорт олгали борганида эса, ўзининг вафот этганлар рўйхатида эканини билганини куйинчаклик билан айтиб берди.
Ачинарли томони шундаки, у янги паспорт олгани Наманган шаҳар ички ишлар бўлими ҳузуридаги фуқароларни рўйхатга олиш бўлимига борганида унга «сиз вафот этганлар рўйхатидасиз» деган жавоб бериш билан кифояланишган.
Ахир, бунинг ўрнига, марҳумлар рўйхатига қандайдир англашилмовчилик билан тиркаб қўйилган инсоннинг тириклигини кўрган инспекторлар бу ҳақда ҳокимлик ёки бошқа вакиллик идорасига мурожаат қилиши шарт эмасмиди?!
Бундан ҳам ачинарлиси — 2018 йилда жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман суди томонидан О. Камоловага нисбатан синов муддати белгилангани билан боғлиқ.
Шу муддатни ўташи даврида рўйхатга олган пробация гуруҳи инспектори аёлнинг аҳволини ўрганиб, уни доимий иш билан таъминланиши ва паспорт олишида кўмаклашиши керак эди-ку…
Бу ҳолатда, кўриниб турибдики, маҳаллий хотин-қизлар қўмитаси ва Наманган шаҳар ички ишлар бўлими ҳузуридаги пробация гуруҳи ўз вазифасини бажаришда эътиборсизлик ва лоқайдликка йўл қўйган.
Агар улар болали, бошпанасиз ва ишсиз бир аёл тақдири билан лозим даражада қизиқишганда, бугун у жиноят содир этиб, жавобгарликка тортилмаган бўларди.
Хулоса қилиб айтганда, бу ҳаётда ҳеч ким онадан жиноятчи бўлиб туғилмайди. Ҳар қандай ота-она қизининг улғайиб, муносиб оила бекаси, севимли рафиқа ва меҳрибон она бўлишини истайди.
Афсуски, турли сабабларга кўра, ўғирликка қўл ураётган, демакки, ўзгалар мулкига кўз олайтираётган хотин-қизларнинг орамизда борлиги жудаям ачинарли ҳолатдир.
Одам боласига кўрсатилган бир пайса меҳр ва эътибор уни ҳар қандай ножўя хатти-ҳаракатдан қайтаради, ҳалолликка ундайди.
Буни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз лозим.
Бумайрам Бобомирзаева,
Султонмақсуд Холботиров,
жиноят ишлари бўйича
Наманган вилоят судининг
судьялари
Фикр қолдириш