АДОЛАТ ТУШУНЧАСИНИНГ САЛМОҒИ ОҒИРМИ?

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган маърузасида судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашни устувор вазифа сифатида кун тартибига қўйди: суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт. Шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим.

Адолат тушунчасининг салмоғи оғир. Айниқса, судларнинг адолатни қа­рор топтириш, қонун устуворлигини таъминлашда ўрни ва аҳамияти ғоят катта. Ҳар бир суд идораси адолат қўрғони ҳисобланади. Бу ерда хато ва нохолисликка йўл қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Кейинги вақтда Президентимиз томонидан суд-ҳуқуқ тизимида жиддий ислоҳотларга киришилди, қисқа вақт ичида одамларнинг одил судловга бўл­ган муносабати бутунлай ўзгариб, ишонч пайдо бўлди.

Аҳоли билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар ишимиз мезонига айланди. Халқ дардини эшитиб, муаммолари ечимини топиш учун ҳаракат қилиб келаяпмиз. Бу эса, касбий фаолиятимиз самарадорлиги, адолат, ҳақиқат, холислик, одиллик ва албатта, қонунийлик тантанасига хизмат қилади. Судья ҳар қандай ҳолатда ўз қасамёдига содиқ қолиши, унинг учун қонун ҳамма нарсадан устун бўлмоғи лозим. Зеро, судья фақат қонунга бўйсуниб иш кўрар экан, ўзининг бутун фаолияти ва хулқи билан «Конституция ва қо­нун устуворлиги — фаровон ҳаёт гарови» деган тушунча фуқароларнинг онги ва қалбида чуқур жой олишида ҳам самарали фаолият кўрсатиши керак. Қонунларни ҳурмат қилган киши жи­ноят­га ҳам қўл урмайди.

Судьяларнинг халқ билан бевосита мулоқоти, маҳаллий кенгашларда уларнинг ахборотларини эшитиш йўлга қў­йилгани ҳам ях­ши самара бер­­моқда. Сайёр суд мажлислари, муҳокамаларда жамоатчиликнинг иштироки ва кафиллиги механизмининг жорий этилиши натижасида билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган фуқаролар, жумладан, йигит-қизлар ва аёллар, ёшлар жазодан озод қилинмоқда.

Судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш ама­лиё­тига бутунлай чек қўйилди. Илгари оқлов ҳукм­лари онда-сонда чиқарилган, шунда ҳам кенг жамоатчиликка ошкор қилинмаган бўлса, бу борада ижобий ишларга қадам қўйилди. Демак, астойдил ишласа, том маънода адолатли ҳукм чиқарса, бўлар экан.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 декабрда қабул қилинган «Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқу­қий маданиятни юксалтириш бў­йича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори суд тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Қарорда одил судлов тизимини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг обрўсини ошириш ва чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жумладан, ишнинг ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш, адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қа­рор чиқарилишига эришиш мақсадида, судьяга турли шаклда таъсир ўтказиш ҳолатлари бўйича жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Янгиланаётган Ўзбекистон тараққиёт сари дадил одимламоқда.

Бунда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳам залворли ишдир. Жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, судья­лик қасамёдига содиқлик, ҳалол ва покликни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантириш бизнинг муҳим вазифамиздир. Зеро, мамлакатимизда тобора жадаллашаётган ислоҳотларнинг янги босқичи биз, судьялар зиммасига ҳам катта масъулият юкламоқда.

Фурқатжон СОБИРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Бешариқ тумани судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: