ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУДЛАРНИНГ 2021 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА АХБОРОТ
2021 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 61 263 нафар шахсга нисбатан 47 647 та жиноят иши кўриб чиқилди.
932 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди, судланган шахслар сони 45 010 нафарни ташкил этиб, шундан 12 926 нафар шахсга озодликдан махрум қилиш ва 30 871 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 1 213 нафар шахс шартли ҳукм қилинди. Судланган шахсларнинг 39 970 нафари эркаклар, 5 040 нафари аёллар, 18 158 нафари ёшлар (шу жумладан 1 152 нафари вояга етмаганлар) ва 1 364 нафари 60 ёшдан ошган шахслар.
5 930 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди, 21 780 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 7 480 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди ва 10 115 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
883 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
2020 йилга нисбатан айрим жиноят турлари, хусусан, фирибгарлик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш, қасддан баданга енгил шикаст етказиш, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ўғрилик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, безорилик ва мансаб сохтакорлиги каби жиноятлар учун судланганлик кўрсаткичлари сезиларли даражада ошган.
Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 13 624 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Етказилган 753 млрд. сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 5 365 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 527 740 нафар шахсга нисбатан 428 869 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар ҳам кўриб чиқилди.
331 749 нафар шахсга нисбатан жарима, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш, муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоққа олиш ва чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилди.
Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини ҳақорат қилиш, майда безорилик, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, солиқ солинадиган объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёки касса операцияларини юритиш тартибини, шунингдек тўлов интизомини бузиш ва ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.
Хусусан, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича 37 535 нафар шахсга нисбатан 37 129 та иш кўриб тамомланган. Шундан 36 599 нафар шахсга нисбатан жарима, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва маъмурий қамоққа олиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.
Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 7 560 нафар шахсга нисбатан 7 004 та жиноят ишлари кўриб чиқилди. 1 574 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 154 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Шунингдек, кассация тартибида 922 нафар шахсга нисбатан 880 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилди. 251 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 156 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари
билан алоқалар бошқармаси
Фикр қолдириш