АПЕЛЛЯЦИЯ АЖРИМИ ТАДБИРКОРНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚИНИ ТИКЛАДИ
Фарғона вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига Бағдод туманидаги «Зиёҳиддин ота лочини» фермер хўжалиги раҳбари апелляция шикояти билан мурожаат қилди. Фермер хўжалиги раҳбари Риштон туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 11 августдаги ҳал қилув қароридан норози бўлиб, ушбу шикоятни берган.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, фермер хўжалиги раҳбари биринчи босқич суди қароридан нега норози бўлди?
Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, 2019 йил 6 сентябрда имзоланган кредит шартномасига кўра, банк томонидан хўжаликка 12 ой муддатга, йиллик 30 фоиз устама тўлаш шарти билан савдо ва айланма маблағни тўлдириш учун 200 000 000 сўм миқдорида кредит маблағи ажратилган. Аммо мижоз кредит маблағи ва унга ҳисобланган фоизларни ўз вақтида тўлай олмаган. Натижада молия муассасаси Риштон туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилган.
Суднинг 2020 йил 9 мартдаги ҳал қилув қарори билан «Зиёҳиддин ота лочини» фермер хўжалигидан даъвогар фойдасига 22 223 000 сўм муддати ўтган асосий қарз, 177 777 000 сўм кредит қолдиғи ва 5 730 000 сўм кредит фоизини ундириш белгиланган. Суд қарори тўлиқ ижро этилган. Яъни жавобгар 2020 йил 12 май куни барча тўловларни амалга ошириб, зиммасидаги кредит мажбуриятларини тўлиқ бажарган.
Бироқ Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан банк манфаатини кўзлаб, яна судга даъво аризаси киритилган ва «Зиёҳиддин ота лочини» фермер хўжалиги ва қўшимча жавобгар — «SO’XGIDROQURILISH» масъулияти чекланган жамиятидан 13 359 000 сўм кредитнинг муддати тугаган қарздорлиги, 4 060 000 сўм кредит фоизи, жами 17 419 000 сўм ундириш, ундирувни гаров мулкига қаратиш сўралган. Риштон туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 11 августдаги ҳал қилув қарорига биноан даъво қаноатлантирилиб, юқоридаги қарздорликни ундириш ҳамда ундирув қўшимча жавобгарга тегишли бўлган, 2013 йилда ишлаб чиқарилган «LONKING LSW0225HHB» русумли экскаваторга қаратиш белгиланган. Шунинг учун ҳам фермер хўжалиги мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти берган.
Апелляция суди мажлисида маълум бўлишича, биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларни тўлиқ аниқламаган ва қонуний баҳо бермаган. Яъни даъвогар томонидан жавобгарга ажратилган 200 000 000 сўм кредит маблағи суднинг 2020 йил 9 мартдаги ҳал қилув қарори билан тўлиқ ундириб берилгани, шу боис даъвогар кредит шартномасининг ҳисоб-китоб тартиби бўйича келишилган шартларини асос сифатида кўрсатиб, жавобгардан ундириб бўлинган кредитнинг асосий қарзи бўйича қайта талаб билдиришга ҳақли эмаслигига эътибор қаратмаган ва банкнинг муддати тугаган кредит қарздорлигини ундириш тўғрисидаги даъво талабини қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келган.
Ваҳоланки, даъвогар жавобгардан ҳақиқатдан ҳам, ундириб бўлинган кредитнинг асосий қарзи бўйича қайта талаб билдиришга ҳақли эмас.
Бундан ташқари биринчи инстанция суди гарчи қўшимча жавобгар томонидан қарздорлик бартараф этилган бўлса-да, кредит қарздорлигига банк фоизлари ҳисоблангани ва натижада қўшимча қарздорлик юзага келгани, жавобгарлар томонидан кредитни тўлаш кечиктирилгани сабабли қарздорликларга нисбатан фоизлар ошиб боргани, натижада муддати тугаган қарздорлик юзага келганини кўрсатган ҳолда даъвогарнинг даъво талабини асосли деб ҳисоблаган. Лекин апелляция судлов ҳайъати бу ҳолат билан келишмади.
Бунинг ўзига хос қонуний асосолари бор. Хусусан, Иқтисодий процессуал кодекснинг 110-моддасига кўра, фуқаролик ишлари бўйича суд, иқтисодий суд ёки чет давлат ваколатли судининг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, бундан иқтисодий суд томонидан чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш рад этилган ҳоллар мустасно, суд иш юритишни тугатади.
Гарчи ушбу кодекснинг 68-моддасида ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши зарурлиги белгиланган бўлса-да, апелляция суди жараёнида даъвогар вакили даъво талабларига ҳамда жавобгарнинг апелляция шикоятига нисбатан билдирган эътирозларига асос қилиб келтирган ҳолатларни исботлаб бера олмади.
Ана шу асосларга таянган апелляция инстанцияси суди Риштон туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 11 августдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш бўйича янги қарор қабул қилди. Унга кўра, даъвонинг муддати тугаган кредит қарздорлигини ундириш ҳақидаги қисми бўйича иш юритиш тугатилди.
Шу ўринда масаланинг бир жиҳатига эътибор қаратиш лозим. Янги ҳал қилув қарорида банкдан почта ва ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ суд харажатлари, давлат божи ҳамда жавобгар фойдасига тўланган давлат божи, почта харажатларини ундириш ҳам белгиланди. Табиийки, бундан молия муассасаси моддий зарар кўрди. Бу акциядорлик тижорат «Халқ банки»нинг Бағдод филиали мансабдор шахслари ва масъул ходимлари зиммасига юклатилган вазифага масъулиятсизлик билан қараганини кўрсатади. Қолаверса, келгусида бундай ҳолатларнинг яна такрорланиши мижозларнинг ишончига путур етказмай қолмайди.
Бинобарин, суд банкнинг Бағдод филиали айбдор ходимларини интизомий жавобгарликка тортиш ҳамда аниқланган ҳолатларни муҳокама қилиш, келгусида бундай қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик чора-тадбирларини белгилаш юзасидан хусусий ажрим чиқарди.
Қисқаси, суднинг ажрими билан адолатни қарор топди, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқини тикланди, унинг ортиқча оворагарчилиги-ю сарсон-саргардонлигига чек қўйилди.
Мўминжон УМАРОВ,
Фарғона вилояти
суди судьяси
Фикр қолдириш