ПИШМАГАН «САВДО» ЁХУД ФОШ ЭТИЛГАН ҚИНҒИРЛИК

Кўпчилик ҳалол меҳнат қилиб, фойда топиш, унинг ортидан фаровон яшашни истайди. Аммо ҳаётда баъзан қинғирлик ва жиноят орқали мўмай даромад олишни кўзлаган кимсалар ҳам учраб туради.

Самарқандлик Адҳамжон Эрдонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўтган йилнинг апрел ойида Оқ­дарё туманидан ижарага ер олиб, тадбиркорлик фао­лияти билан шуғулланишни ният қилди. Шу мақ­­садда Н. фермер хўжалиги раҳбари Мусо Жўраевга учрашди. Фермер хў­жалиги раҳбари Адҳамжонга сувга қулай, ҳосилдор ер майдонини кўрсатиб, бир гектарини 70 минг АҚШ долларига сотмоқчилигини билдирди. Улар ўзаро савдолашиб, 57 минг 500 АҚШ долларига келишишди. Аслида уш­бу ер майдони 2020 йил 4 ноябрь куни туман давлат хизматлари марказидан юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўт­ган Н. фермер хўжалигига тегишли эди.

— Фермер хўжалиги ташкилий бошқарув шаклини масъу­лияти чекланган жа­мия­тига ай­­лантирамиз, — деди М. Жў­раев Адҳамжонга. — Унга раҳбар сифатида тадбиркорлик фаолияти билан бемалол шуғулланаверасиз…

М. Жўраев харидорнинг ишончини қозониш учун Оқ­дарё тумани ҳокимлиги ин­вес­тициялар ва ташқи савдо бўлимида бош мутахассис ла­возимида ишловчи Шаҳриёр Турдиевга қўнғироқ қилиб, ҳужжатларни тайёрлашга ёрдам беришни сўради. Ш. Турдиев ҳам бунга рози бўлди.

Орадан икки кун ўтгач, М. Жў­раев Адҳамжонга қўнғироқ қилиб, ҳужжатларни расмийлаштириш учун 5 минг АҚШ доллари олиб келишини айтди.

Шунда Адҳамжон онасига ер сотиб олмоқчи эканини билдирди. Онаси ерни сотиш ва сотиб олиш ноқонунийлигини, фермер алдаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Онасининг маслаҳатини об­­дон ўйлаб кўр­­­ган Адҳамжон ҳуқуқ­ни муҳофаза қилиш идорасига бориб, ҳо­латни тушунтирди ва М. Жў­раев катта миқ­дордаги пул эвазига ер майдонини сотмоқчилиги ҳа­қи­да ариза берди.

Унинг мурожаатига мувофиқ тезкор тадбир режаси ту­зилди. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Самар­қанд ви­лоя­ти бошқармаси ходимлари томонидан Ад­ҳамжонга овоз ёзиш учун диктофон, 50 минг АҚШ доллари (шундан 1 минг АҚШ долларига «пора» деб ёзилиб, кимё­вий усулда ишлов берилган) тақдим этилди.

Оқдарё томонга йўлга чиқишдан олдин А. Эрдонов М. Жўраевга қўнғироқ қилди ва улар гўшт дўкони олдида учрашишга келишишди.

Учрашганларида М. Жўраев ер ҳужжатларини Адҳамжонга кўр­сатиб, уни Шаҳриёр Турдиевнинг олдига бошлаб борди.

Ш. Турдиев ҳокимият биноси олдида ҳужжатларни узо­ғи билан бир ҳафтада тайёрлаб беришини, фермер хўжалигини масъулияти чекланган жамиятга ўзгартириб, ун­га Адҳамжонни раҳбар қи­лишини айтади. Шундан сўнг М. Жў­раев А. Эрдонов берган пулни санаб олаётганида қўлга олинди.

Мазкур жиноят ишини очиқ суд мажлисида кўриш жараёнида барча ҳолатларга тўлиқ ойдинлик киритилди. Оқдарё тумани ҳокимлиги ҳуқуқшуноси З. Қаландаровнинг таъкидлашича, фермер хўжалигини ташкилий бошқарув шаклини масъулияти чекланган жамия­тига айлантириш ҳокимият ваколатига кирмайди. Қолаверса, тадбиркорлик субъекти шаклини ўз­гартириш давлат хизматлари маркази орқали амалга оширилади. Би­роқ туман ҳокимлиги инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бош мутахассиси Ш. Турдиев М. Жў­раев билан ўзаро жиноий тил бириктириб, туман ҳокимининг қарорини тайёрлаб бериш эвазига пора талаб қилган.

Суд ҳайъати судланувчилар М. Жўраев ва Ш. Турдиевнинг пора бериш, яъни муайян­ ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши эвазига ун­га бевосита ёки воситачи ор­­­­­­­­­қали қо­нунга хилоф эканлигини била туриб, жуда кўп миқ­дорда моддий қимматликлар беришга иштирокчилик қи­лишда ифодаланган жиноий хатти-ҳаракатлари дастлабки тергов органи томонидан Жиноят­ кодексининг 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан тўғри малака­лан­ган деб ҳисоблади.

Бироқ судланувчиларнинг жиноий ҳаракатлари тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан но­тўғ­­­­ри малакаланган. Чунки Олий суд Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиё­ти тўғрисида»ги қа­рори 7-бандида «Мулкни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний эгалигига ўтган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилади» дея тушунтириш берилган.

Суд тергови давомида аниқ бўлдики, А. Эрдоновнинг судланувчиларнинг ноқонуний ҳа­ракатларидан норози бўлиб, ҳуқуқни му­ҳофаза қилувчи идораларга ёзган аризаси асосида тезкор тадбир ўтказилган.

Судланувчилар 57 минг АҚШ долларини пора тариқасида талаб қилиб, А. Эрдоновдан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган ва жиноий ҳаракатларини ўзларига боғлиқ бўл­маган ҳолатларга кўра, охирига етказолмаган. Аниқроғи, судланувчи 50 минг АҚШ долларини А. Эрдоновдан фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида ушланган ва ғайриқонуний эгалигига ўт­ган мулкдан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш имкониятига эга бўлмаган.

Суд ана шу асосларга мувофиқ судланувчилар М. Жў­раев ва Ш. Турдиевнинг жиноий хатти-ҳаракатларини Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» бандидан Жи­ноят ко­дексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» бандига қайта малакалашни лозим топ­ди.

Суд М. Жўраевга 36 миллион 750 минг сўм жарима ва саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш, Ш. Турдиевга нисбатан 36 миллион 750 минг сўм жарима ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади. Бундан таш­қари Ш. Турдиев икки йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ер билан боғлиқ муносабатлар қонун асосида тартибга солинади. Ҳозирги пайт­да бу борадаги қонунчилик механизми янада такомиллаштирилиб, фуқаролар ва тадбиркорларга кўплаб енгиллик ҳамда қулайликлар яратилмоқда. Шу боис ер майдонларидан жиноий йўл билан эмас, балки қо­нуний равишда фойдаланиш зарур.

Илёс ДОНИЁРОВ,

 жиноят ишлари бўйича

Оқдарё тумани суди раиси,

 Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ, журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: