БОЛАНИ ТАРБИЯГА ОЛИШГА ОИД НИЗОЛАР: МУАММО ВА ЕЧИМ
Мамлакатимизда бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бунга судлар фаолиятида ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Статистик маълумотлар таҳлилига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилояти судлари томонидан 2021 йилда болаларни тарбияга олиш ҳақида 65 та ҳал қилув қарори қабул қилинган. Шундан 36 та фуқаролик иши бўйича даъво аризалари қаноатлантирилган, 10 тасини қаноатлантириш рад этилган, 3 таси бўйича иш юритув тугатилган, 16 та даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган. 2022 йилнинг 9 ойида эса, болаларни тарбияга олиш ҳақида 43 та ҳал қилув қабул қилинган. Шундан 23 та фуқаролик иши бўйича даъво аризаси қаноатлантирилган, 9 тасини қаноатлантириш рад этилган, 1 таси бўйича иш юритув тугатилган, 10 таси кўрмасдан қолдирилган.
Амалдаги Оила кодексининг 75-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилишига йўл қўйилмайди. Бундан ташқари бола манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим. Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади.
Агар ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд боланинг ота-она, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолгани, боланинг ёши, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатлари, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатлар, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароит яратиш имкониятини ҳисобга олади.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, илгари амалиётда аксарият ҳолларда болалар онаси билан қолган бўлса, ҳозирда болани отаси олиб қолиш ҳолатлари ҳам ошиб бормоқда.
Бу болани тарбияга олишга оид низоларнинг мураккаб хусусиятларга эга эканидан далолатдир. Шу боис суд бундай тоифадаги низоларни кўриб чиқишда боланинг ким билан яшашни исташи ҳақидаги фикрини аниқлаштириши, боланинг таъсирчанлиги, ўзгалар таъсирига қай даражада тушиб қолиши ҳолати, ўз қарорларини мустақил, онгли равишда қабул қилиш ва тушуниш салоҳиятини синчиклаб текшириши зарур.
Амалиётда эса, айрим ҳолларда мазкур тартибларга риоя қилинмаётгани туфайли турли чалкашликлар келиб чиқаётгани ҳам кузатилмоқда. Бундай муаммоларга ечим топиш мақсадида қуйидаги таклифларни билдирмоқчимиз.
Биринчидан, судлар таркибида махсус оилавий психологлар штати ташкил қилиниши керак. Улар бевосита мустақил эксперт ҳисобланиши мақсадга мувофиқ. Ана шунда болани ота-онадан қайси бири тарбиялаб, вояга етказишга қодирлигини аниқлаш осонлашади.
Иккинчидан, болани олиб бериш билан боғлиқ суд қарорини ижро этишда турли хил низоларнинг юзага келиши, ота ёки онанинг болани бермаслиги, бола психологиясига руҳий, жисмоний тазйиқлар, боланинг соғлиғи ёки ҳаётига хавф туғдириши мумкин бўлган турли хил ҳолатларнинг содир этилиши ижронинг қийинлашиши ёки тўхтатиб турилишига олиб келади.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, суд ижрочилари болани олиш ва уни бошқа шахсга бериш билан боғлиқ суднинг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этишда болаларни ҳимоя қилиш хизмати вакиллари ва оилавий психологлар иштирокида амалга оширишни йўлга қўйиши лозим.
Учинчидан, судлар болани олиш билан боғлиқ ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида бола кимга олиб берилаётгани, бу борадаги қарорни ижро этиш усули ва тартиби, қарор бола манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қаерда ижро этилиши, шунингдек, бир ёшга тўлмаган бола масаласи бўйича қарорнинг дарҳол ижро этилиши зарур деб топилиши, болани олиш жойи ва вақтини аниқ кўрсатиши шарт. Бу мазкур тоифадаги ишлар бўйича тўғри қарорлар қабул қилиш ва уларнинг ижросини таъминлашга хизмат қилади.
Тўртинчидан, бу тоифадаги ишларни судда кўриш учун 10 ёшга тўлган боланинг фикри талаб қилингани сабабли суд биноларида психологлар билан бирга болалар учун махсус хоналар ҳам ташкил этилиши лозим.
Қайд этилган чора-тадбирлар айни мазмундаги ишлар ҳажмининг камайиши ва низоларни қонуний ҳал этишга ёрдам беради, деган умиддамиз.
Гулнафис Худойбердиева,
Навоий вилояти суди судьяси
Фикр қолдириш