УЧ ЙИЛДАН СЎНГ ОҚЛАНГАН АЁЛ
Фарғона туманида яшовчи Шоирахон Исроилова “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятининг хўжалик қўриқлаш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келган. Аммо 2019 йилда ноҳақликка дуч келган.
Яъни Ш. Исроилова 2019 йил 13 апрель куни корхона балансига асосий воситалар сифатида киритилган ва ўзининг моддий жавобгарлигида бўлган, баҳоси 14 308 900 сўмлик 29 дона мебел ҳамда 300 метр пол артиш учун мўлжалланган матони ойлик ҳисоботларга қалбаки маълумотлар киритиш орқали, қолаверса, қоровул Давлатжон Ҳомиджонов билан олдиндан жиноий тил бириктирган ҳолда жамиятнинг “Парвоз” номли марказий омборига ўрнатилган сув иншоотининг 19 713 360 сўмлик қисмини номаълум шахсларга сотиб юбориб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликда айбли деб топилган. Оқибатда Шоирахон Исроилова ва Д. Ҳомиджоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2020 йил 1 февралдаги ҳукмига асосан иккала шахсга жиноий жазо тайинланган.
Хусусан, Ш. Исроилова Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “в” банди ва 228-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, кодекснинг 45 ва 59-моддалари тартибида 1 йил моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 3 йил озодликни чеклаш жазосига маҳкум этилган. Шунингдек, судланувчилардан жамиятга етказилган зарарларни ундириш ҳам белгиланган. Аммо…
Аммо Шоира опа ўзини айбсиз деб биларди. Бинобарин, у суд ҳукмидан норози бўлиб, юқори суд инстанцияларига мурожаат қилган. Аниқроғи, ўтган 3 йил мобайнида Ш. Исроилованинг шикоятлари Фарғона вилоят суди ҳамда Олий судда 5 маротаба кўрилган. Олтинчи маротаба эса аввалги барча ажримларнинг унга оид қисми бекор қилиниб, янгидан апелляция инстанциясида кўриш учун Фарғона вилоят судига юборилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жиноят ишини янгидан кўриш жараёнида Шоирахон Исроилованинг айбсизлиги ўз тасдиғини топди.
Натижада Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2021 йил 12 октябрдаги ҳукмининг Шоирахон Исроиловага оид қисмини бекор қилган ҳолда уни айбсиз деб топиб, оқлади. Шунинг баробарида оқланувчига етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини тегишли тартибда бартараф қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилган.
Ш. Исроилова то оқлов ҳукми чиққунга қадар фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг аввалги вазифасига ишга тиклаш, мажбурий прогул учун иш ҳақи ҳамда маънавий зарар ундиришни сўраган. Бироқ суд мазкур даъвони қисман қаноатлантириб, аёлга 5 миллион сўм маънавий зарар ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилган. Табиийки, Шоирахон Исроилова оқлов ҳукмидан руҳланиб, Фарғона вилоят судига апелляция шикоятини берган.
Апелляция суди мажлисида даъвогар аёлнинг ишдан ноқонуний равишда бўшатилгани ҳам аён бўлди.
Меҳнат кодексининг 271-моддасига биноан, меҳнат шартномаси қонуний асоссиз ёки белгиланган тартиб бузилган ҳолда бекор қилинган ёхуд ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган тақдирда, у меҳнат низосини кўриб чиқаётган орган томонидан аввалги ишига тикланиши керак. Бинобарин, Фарғона вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 5 январдаги ажрими билан “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг 2022 йил 29 июндаги 161 ХБИБ-сонли буйруғи бекор қилиниб, Ш. Исроилова жамиятнинг хўжалик бўлими қоровули вазифасига ишга тикланди. Шу билан бирга, корхонадан ходимнинг мажбурий прогулда юрган даври учун 15 531 270 сўм иш ҳақи ундирилди. Лекин акциядорлик жамияти Олий судга кассация шикояти берган.
Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан мазкур ишни кўриш мобайнида Шоирахон Исроилованинг даъвоси асосли эканлиги маълум бўлди.
Фуқаролик процессуал кодексининг 419-моддасига мувофиқ, кассация инстанциясининг суди кассация шикоятини (протестни) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Шу боис судлов ҳайъати Фарғона вилоят судининг 2023 йил 5 январдаги апелляция ажримини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдирди.
Бузрукхон АБРОРОВ,
Фарғона вилоят судининг судьяси
Фикр қолдириш