БОЙЛИК ВАСВАСАСИ ЁКИ ХОМХАЁЛГА АЛДАНГАНЛАР ҚИСМАТИ

Бир донишманддан сўрашибди: — Бу дунёда энг катта бойлик нима?

Донишманд жавоб қилибди: — Кўнгил хотиржамлиги ва саломатликдан ортиқ бойлик йўқ.

Албатта, бу ҳикматдан анг­лашиладики, бу икки неъмат инсон ҳаётида тенгсиз ва бебаҳо. Чунки хотиржамлик ва саломатлик осуда ҳаётнинг асосидир.

Аммо ҳаётда шундай иллатлар борки, улар энг аввало, инсонни ана шу бебаҳо неъ­матлардан маҳрум қилади. Бу — гиёҳвандлик балосидир.

Мамлакатимизда гиёҳвандлик балосининг инсон ҳаётига салбий таъсирини назарда тутиб, унга қарши курашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилди.

Мамлакатимиз БМТ­нинг «Наркотик моддалар тўғрисида», «Психотроп моддалар тўғрисида» ҳамда «Гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш тўғрисида»ги конвенцияларини ратификация қилганини алоҳида таъкидлаш керак.

Бундан ташқари юртимизда «Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ва заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида», «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қонунларнинг қабул қилингани бу иллатга қарши муросасиз курашда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Таъкидлаш керакки, амалдаги Жиноят кодексининг 270 — 276-моддаларини ўз ичига олган XIX боб «Гиёҳ­ванд­лик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муо­мала қилишдан иборат жиноятлар» деб номланган. Бу ҳуқуқий меъёрларга кўра, тақиқланган экинларни етиштириш, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш, ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатларни қилиш, гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишга жалб қи­лиш, ишлаб чиқариш ёки улардан фойдаланиш қои­даларини бузиш жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳар қандай жиноий қилмишга нисбатан судларда жазонинг муқаррарлиги таъминланмоқда.

Яқинда биринчи босқич судининг очиқ суд мажлисида тергов идораси томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан айбланиб, судга берилган Н. Ҳайдаров (исм-шарифлар ўзгартирилди) ва бошқаларга нисбатан жиноят иши мазмунан кў­риб чиқилди.

Буёғини сўрасангиз, судланувчилар Нажмиддин Ҳайдаров, Исроил Фармонов, Шеҳруз Ҳусанов қариндош, бир-бирларига амакивачча. Улар маҳалладоши Кенжабой Избосаров билан кўп миқдордаги «опий» гиёҳвандлик воситасини қо­нунга хилоф равишда сотиб, ноқонуний даромад олиш мақсадида ўзаро жиноий тил бириктиришган.

Гиёҳвандлик воситасини сотиб, бир зумда бойиб кетишдек хомхаёлга берилган судланувчи Н. Ҳайдаров жиноий ҳодиса юз беришидан икки йил аввал бир кило «опий» гиёҳвандлик воситасини 7 минг 500 АҚШ долларига терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган шахсдан сотиб олган ва уни ҳовлисига кўмиб қўй­ган. 2020 йилнинг 4 октябрь куни амакиваччаси И. Фармонов Нажмиддинга учрашади ва унга гиёҳвандлик воситаси кераклиги, бир кило «опий»ни 20 минг АҚШ долларига сотиб оладиган харидор борлигини айтади.

Қисқаси, бойлик васвасасига учган Н. Ҳайдаров, И. Фармонов, К. Избосаров ва Ш. Ҳусанов бир гуруҳ бўлиб, оғирлиги 966 грамм «опий»ни «Рустам» исмли шахсга 18 минг АҚШ долларига сотишга келишишади.

Ўша 2020 йилнинг 6 октябрь куни соат йигирма бирларда судланувчилар Ургут туманининг «Жартепа» маҳалласи ҳудудига келишади. Жиноий режага кўра, Н. Ҳайдаров ўзининг «Спарк» русумли автомаши­на­сида гиёҳвандлик моддасини олиб келиши, И. Фармонов билан бирга товарни харидор «Рустам»га топшириши ва пулни олиши, шериклари К. Избосаров билан Ш. Ҳусанов бироз нарироқда олди-сотдини кузатиб туриши керак эди.

Қисқаси, И. Фармонов умумий оғирлиги 966 грамм «опий»ни «Рустам» исм­ли тадбир иштирокчисига сотиб, ундан 18 минг АҚШ долларини олган вақтда ҳуқуқни муҳо­фаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинади.

Тезкор тадбир давомида К. Избосаров ва Ш. Ҳусанов ҳам ушланади.

Вилоят наркология диспансерининг берган хулосаларига кўра, судланувчи Н. Ҳайдаров, К. Избосаров, И. Фармонов ва Ш. Ҳусанов гиёҳвандлик касаллиги билан хасталанмаган, яъни улар Жиноят кодексининг 96-моддасига асосан тиббий йўсиндаги мажбурий даволанишга муҳтож эмас.

Мазкур жиноят ишини ўрганиш чоғида аён бўлдики, судланувчи К. Избосаров 22, Ш. Ҳусанов 25, Н. Ҳайдаров 27 ва И. Фармонов 28 ёшда экан.

Н. Ҳайдаров оилали, бир нафар фарзанди бор, бошқа судланувчилар ҳали оила қуришга улгурмаган.

Хўш, судланувчилар бу қабиҳ қилмишга нега қўл уришди?

Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, узоқни кўра олмаслик, ҳаёт­га енгил қараш, меҳнат қилмай тезда бо­йиб­ кетиш васваси уларни тўғри йўлдан оздирган. Энди эса, ҳар қанча пушаймонликдан фойда йўқ, улар ўз қўллари билан ўз тақдирига қора чаплашди.

Суд судланувчиларни Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, Н. Ҳайдаровга 10 йил 6 ой, К. Избосаровга 11 йил 6 ой, И. Фармонов ва Ш. Ҳусановга 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Шу ўринда яна бир мисолга эътибор қаратсак, тергов органи томонидан жиноий қилмишлари Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми би­лан малакаланган Шоҳжаҳон Мажидов 23, Салоҳиддин Рўзиқулов ва Бобур Наимов 24 ёшда. Ургут туманининг «Жарқишлоқ» маҳалласида яшовчи бу ёшларни ҳам енгил йўл билан бойлик орттириш васаваси жиноят кўчасига етаклаган.

Энг ачинарлиси, С. Рўзиқулов Са­мар­қанд шаҳридаги олий ўқув юртларидан бирининг учинчи босқич талабаси. У жиноят кўчасига кирмаганида, олий маълумотли мутахассис бўлиб етишганида ҳам оиласига, ҳам жа­мият­га фойда келтирарди. Ш. Мажидов эса, вақтинча ишсиз, уларнинг жиноий шериги Б. Наимов дуппа-дуруст касб эгаси — «Тез тиббий ёрдам бў­лими» ҳайдовчиси. Елкаларида рўз­ғор юки йўқ, бўйдоқ бу ёшлар кутилмаганда бойиб кетиш илинжида ўзларининг ширин турмушини заҳар-заққумга айлантиришди.

Воқеа тафсилотига қисқача тўхталадиган бўлсак, 2020 йилнинг 1 ноябрь куни Тайлоқ тумани ИИБ бошлиғи номига «Акбар» исмли шахс ариза билан мурожаат қилиб, Шоҳжаҳон Мажидов ва Бобир Наимов исмли шахслар гиёҳвандлик моддаси сотишаётганини айтади ва назорат тартибида тезкор тадбир ўтказилса, харидор сифатида иштирок этишини билдиради.

Шундан сўнг ушбу ҳолат юзасидан раҳбарият ИИБ жиноят қидирув бўлими тезкор вакили вазифасида ишлаб келаётган «С. Ҳамдамов»га гиёҳвандлик воситасини назорат тартибида со­тиб олиш тезкор тадбирини ўтказишни юклайди. Ушбу тадбирда «С. Ҳамдамов» «Акбар» билан бирга «шарт­ли харидор» сифатида иштирок этиши режалаштирилади.

Гиёҳвандлик воситасини назорат тартибида сотиб олиш учун махсус фонддан 13 минг 400 АҚШ доллари олиниб, икки нафар холис иштирокида ҳужжатлар расмийлаштирилади.

Хуллас, улар телефон орқали боғ­ла­ниб, келишувга кўра, туманнинг «Ишчан» маҳалласи ҳудудидаги дашт жойда учрашишади. Бу ерда тадбир иштирокчиларини С. Рўзиқулов билан Ш. Мажидов кутиб туришганди. Пулни кўргач, С. Рўзиқулов қўнғироқ қилиб, кимнидир чақиради. Шундан сўнг чайла томондан жиноят иштирокчиси Б. Наимов юкни олиб келади.

«С. Ҳамдамов» юкни текшириб кў­риб, ҳақиқатан ҳам, «опий» гиёҳвандлик моддаси эканини ай­­тади ва ўзи билан олиб келган электрон тарозида ўлчаб кўради: 857,82 грамм тош босади.

— Пул аралашган жойда ҳеч кимга ишониб бўлмайди, — дейди ёлғондакам «С. Ҳамдамов». — Биз турган ер ов­лоқ, яхшиси катта йўл ёқасида олди-берди қиламиз.

Судланувчилар бу таклифга розилик билдиришади. Катта йўл яқинида уларни вилоят ички ишлар бошқарма­си ҳамда туман ички ишлар бўлими ходимларидан иборат гуруҳ кутиб турганди.

С. Рўзиқулов «С. Ҳамдамов» берган 13 минг 400 АҚШ долларини санаб олиб, чўнтагига солаётган чоғда жиноий шериклари билан бирга ушланди.

Суд ҳукми билан судланувчиларга қонуний ва адолатли жазо тайинланди. С. Рўзиқулов ва Ш. Мажидов 10 йил 6 ойдан, Б. Наимов 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Шу тариқа енгил бойишни кўзлаганларнинг хатти-ҳаракати аянчли якун топди.

Баҳодир АЛИҚУЛОВ,

Самарқанд вилояти суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: