Kun.uz интернет-нашрида эълон қилинган А. Абдуғаниев ва А. Шамаровга оид жиноят ишларига доир мақола юзасидан
Мақолада жиноят ишлари бўйича Тошкент тумани суди томонидан кўрилган иккита жиноят иши (бири А. Абдуғаниевга, иккинчиси эса А. Шамаровга оид) юзасидан муаллифнинг фикр-мулоҳазалари баён этилган. Аммо, улар шу даражада бирёқламаки, муаллиф ҳаттоки суд қарори қонунийлигига баҳо бериш ваколати юқори инстанция судларига тегишли эканлигини ҳам унутган кўринади. Акс ҳолда мақоланинг кириш қисмидаёқ “Айрим терговчи ва судьялар шахмат ўйинчисига ўхшайди: одамлар тақдирини истаса оқ, истаса қора катакка суради. Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги шундай “ўйинчилар” 20 ёшли йигитни давлат душманига, айбсиз эрни эса айбдорга чиқаришди”, дея ҳис-туйғуга берилмаган бўларди.
Ҳолбуки, мақолада қаламга олинган А. Абдуғаниевга оид жиноят иши юзасидан чиқарилган суд ҳукми ҳали қонуний кучга кирмаган. Нега дейсизми? Чунки, суд ҳукмига нисбатан судланувчи А. Абдуғаниев ва унинг адвокати томонидан апелляция тартибида шикоят келтирилган. Жиноят-процессуал кодексининг 528-моддасида белгилаб қўйилганидек, “Агар биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар шикоят бермаган бўлса, ушбу ҳукм унинг устидан апелляция тартибида шикоят ва протест бериш муддати ўтиши билан қонуний кучга киради. Апелляция шикояти ёки протест берилган тақдирда ҳукм, агар у бекор қилинмаган бўлса, иш юқори суд томонидан кўриб чиқилган кунда қонуний кучга киради. Апелляция инстанцияси судининг ҳукми эълон қилинган пайтдан эътиборан қонуний кучга киради”.
Муаллиф ўзининг шошма-шошарлик ва нохолислик оқибатида юзага келган тахминларини “Суд ҳукми ўқилади, жазо тайин. Айбланувчи адолат биносида адолат истаб, атрофга умидвор боқади. Афсуски, у ўзига олдиндан ҳукм чиқарилганини, суд мажлиси ўша ҳукмни расмийлаштириб қўйиш учун ўтказилган спектакль эканини сезмайди, ҳатто”, дея баён қилади. Судлар фаолиятини шубҳа остида қолдирадиган, судьяларни обрўсизлантиришга қаратилган бу уйдирма “ижодкори”га биргина тавсиямиз бор: у атиги бир кунгина ўзи истаган бирон судьянинг бир кунлик иш фаолиятини унга халал бермаган ҳолда кузатиши лозим! Шундагина судьяларнинг иш юкламаси, масъулияти ҳамда адолат, одиллик ва холислик тамойилига нечоғлик риоя этаётганларига ишонч ҳосил қилади ва юқоридаги каби ноўрин шубҳа-гумонларига унинг ўзи барҳам беради!
Умуман олганда, мақола бошдан-охир шу каби ножоиз ва ноўрин шубҳа-гумонлар асосида ёзилганки, уларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталишни лозим топмадик. Бироқ, қуйидаги эътироз ҳеч бир қуюшқонга сиғмайди: “Айблов хулосаси ва суднинг ҳукмидан кўринадики, Абдураҳим Абдуғаниевни Жиноят кодексининг 159-моддасида кўрсатилган, яъни Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш жиноятини содир қилгани бирорта аниқ далил билан исботланмаган. Бу – терговчи М. Ҳамидов ва судья С. Муҳамедов айбланувчига айнан ушбу моддани атай қўллаш орқали унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган оғир жазо тайинлашни олдиндан режалаштирган, деган фикрни уйғотмай қолмайди”. Ўзида “уйғонган фикр”га таянган ҳолда “судьяни терговчи билан олдиндан режа” тузганликда айблаган муаллиф Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодексининг 4-моддасини ҳаттоки ўқиб ҳам чиқмаган кўринади. Ушбу моддада белгилаб қўйилганидек, “Ўзи тарқатаётган ахборотнинг ишончлилигини текшириш ва холис ахборот тақдим этиш журналистнинг мажбуриятидир. Журналист ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилган ахборотнигина тарқатади ва шарҳлайди (камида иккита мустақил манба орқали ахборотни текшириб кўриши тавсия этилади). Ишончсиз ва далилларга асосланмаган ахборот тарқатган тақдирда журналист зудлик билан ўз хатосини тан олиши, узр сўраб, хатосини тузатиш чорасини кўради”.
Хўш, ҳақиқатдан ҳам судланувчи А. Абдуғаниевнинг айби муаллиф таъбири билан айтганда, “бирорта аниқ далил билан исботланмаган”ми? Аслида судланувчининг айби унинг айбига қисман иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари, суд мажлисида сўроқ қилинган гувоҳлар, қўшимча гувоҳларнинг тушунтиришлари, жиноят иши юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳамда бошқа обьектив далиллар йиғиндиси билан тўлиқ тасдиғини топган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита диншунослик экспертизаси бўлими диншуноси ҳам А. Абдуғаниевнинг мобил телефонида амалдаги давлат тузумини конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга, халифалик давлати қуришга хизмат қилиши мумкин бўлган ғоялар, Ўзбекистон Республикасида фаолияти тақиқланган “Ўзбекистон исломий ҳаракати – ЎИҲ (Туркистон исломий ҳаракати – ТИҲ)” террорчи ташкилотига тегишли, ақидапарастлик билан йўғрилган маълумотлар сақланганлиги тўғрисида кўрсатувлар берган ва уларни юртимиз ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланганлигини алоҳида қайд этган.
Юқорида таъкидланганидек, А. Абдуғаниевга оид жиноят иши айни чоғда Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида апелляция тартибида кўриб чиқилади ва биринчи инстанция судининг қонунийлигига, албатта, ҳуқуқий баҳо берилади.
Ўз навбатида А. Шамаровга оид жиноят иши хусусида ҳам тўхталиш жоиз. А. Шамаров жиноят ишлари бўйича Тошкент туман судининг 2021 йил 9 февралдаги ҳукмига кўра Жиноят кодексининг 140-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилган. Унга ушбу модда билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Мазкур ҳукмга нисбатан судланувчи А. Шамаров ва унинг адвокати томонидан апелляция шикоятлари келтирилган. Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 3 июндаги ажримига кўра А. Шамаровга оид ҳукм бекор қилиниб, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан реабилитация қилиниб, оқланган. А. Шамаровга оид жиноят иши тугатилган.
Ушбу жиноят иши юзасидан жабрланувчи Ш. Мўминова томонидан кассация шикояти келтирилган. Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг ажрими билан А. Шамаровга нисбатан чиқарилган Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 3 июндаги ажрими бекор қилинган. Жиноят иши янгидан кўриш учун апелляция инстанциясига юборилган.
Муаллиф А. Шамаровни оқлашга шу даражада берилиб кетганки, сира иккиланмай “Аммо Олий суд кассация инстанцияси оқловни бекор қилиб, қайта кўриш учун ишни апелляция инстанциясига юборди. Шу зайлда бир сўз ёки бир ҳарф қиймати инсонлар тақдирида акс этмоқда. Адолат қила олмайдиган суд эса ишни у инстанциядан бу инстанцияга отиб, ўйинчоқ қилишдан бўшамаяпти”, дея иддао қилган. Бундай бемаъни мушоҳадани кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этган муаллиф Жиноят-процессуал кодексининг 509-9 моддасини ўқиб ва уқиб олса, мақсадга мувофиқ бўларди. Мазкур моддага мувофиқ кассация инстанцияси суди жиноят ишини кўриш натижалари бўйича қуйидаги ажримлардан бирини қабул қилади:
1) биринчи инстанция, апелляция инстанцияси судларининг ҳукмларини, ажримларини ўзгаришсиз қолдириш, кассация шикоятини, протестини эса қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида;
2) апелляция инстанцияси судининг ҳукмини, ажримини бекор қилиш ва биринчи инстанция судининг ҳукмини, ажримини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида ёки ишни апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш учун юбориш тўғрисида;
3) иш бўйича қабул қилинган барча суд қарорларини бекор қилиш ва ишни тугатиш тўғрисида;
4) биринчи инстанция, апелляция инстанцияси судининг ҳукмини, ажримини ўзгартириш тўғрисида.
Апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши лозим, агар:
1) кассация инстанцияси суди ушбу қарорлар билан аввалги ҳукмлар ёки ажримлар асоссиз равишда бекор қилинган ёки ўзгартирилган деб топса;
2) ишни кўраётганда улар апелляция инстанцияси суди ҳукмининг, ажримининг ёки кассация инстанцияси суди ажримининг қонунийлигига таъсир кўрсатган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қонун бузилишига йўл қўйган бўлса.
Англаганингиздек, кассация инстанцияси муаллиф ёзганидек, “ишни у инстанциядан бу инстанцияга отиб, ўйинчоқ” қилмаган, балки адолатни қарор топтириш мақсадида Жиноят-процессуал кодексининг 509-9-моддасида белгиланган ваколатига асосан ишни янгидан кўриш учун апелляция инстанциясига юборган.
Демак, А. Шамаровга оид суд ҳукми ҳам ҳали қонуний кучга кирмаган. Хулоса ўрнида муаллифга “Судлар тўғрисда”ги қонуннинг 66-моддаси, 4-қисмини наинки унутмаслигини, айни чоғда доимо ёдда тутишини тавсия қиламиз: “Оммавий ахборот воситалари ўз хабарларида муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан ўзича ҳал қилиб қўйишга ёки судга қандай шаклда бўлмасин, таъсир кўрсатишга ҳақли эмас”.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар бошқармаси
Фикр қолдириш