ИСНОД ЮКИ
Ҳаётда жиноий қилмишга қўл урган кимсаларнинг аксарияти жазо тайинлаш чоғида пушаймонлигини билдиришади. Олтмиш ёшли ҳазорасплик Комил Саидхонов ҳам (исм-шарифлар ўзгартирилган) шундайлар сирасидан. Аслида бунга унинг ўзи сабабчи бўлди. Яъни ноқонуний қилмиш кулфат келтиришини билса-да, ҳалол меҳнати билан топган ризқ-насибасига қаноат қилмади.
Шу боис Саноат қишлоғида яшовчи Ҳамза Ёқубовнинг мўмай даромад ҳақидаги таклифини дарҳол қабул қилди.
Гапни узоқдан бошласак, Ҳамза таниши К. Саидхоновга иморат қуриш учун ер майдони излаётганини айтиб қолади. Шунда Комил Саидхонов ўзига тегишли Янгибозор қишлоғи «Алоқали кўл» маҳалласи ҳудудида 13 сотих бўш ер майдони борлигини маълум қилади. Аслида у туман ҳокимлиги заҳирасидаги ер майдони бўлиб, мутасадди ташкилотларнинг назоратсизлиги ва лоқайдлиги туфайли К. Саидхонов ундан ўзбошимчалик билан фойдаланиб келаётган эди.
Шу йилнинг 16 март куни икковлон ер майдонини ўлчаб кўришиб, 13 минг АҚШ долларига баҳолашди. Ҳ. Ёқубов келишилган миқдордаги пулни К. Саидхоновнинг қўлига тутқазади. Ўзини ҳимматли қилиб кўрсатган «сотувчи» 300 АҚШ долларини харидорга қайтариб беради. Бироқ олди-сотдини расмийлаштириш чоғида К. Саидхоновнинг жиноий қилмишга қўл ургани ойдинлашди.
Дастлабки тергов ва суд муҳокамаси жараёнида К. Саидхонов қилмишига чин кўнгилдан пушаймонлик ва астойдил иқрорлик билдириб, оиласи ночор аҳволга тушгани, унинг ёлғиз боқувчиси экани, нафақа эвазига кун кечираётгани, 8 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказгани, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиб келгани, етказилган зарарни бартараф этгани, муқаддам судланмаганини билдирди.
Инсонийлик, бағрикенглик — бебаҳо фазилат. Суд ана шу тамойилга таяниб, К. Саидхоновнинг қилмишини тугалланмаган жиноят сифатида эътироф этди. Чунки Олий суд Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорида қайд қилинишича, мулкни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний эгалигига ўтган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этишнинг реал имконига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилиши керак. К. Саидхоновнинг ҳаракати бундай ҳолатлардан ҳоли. У ўзбошимчалик билан фойдаланиб келган ер майдонини 13 минг АҚШ долларига сотган пайтда қилмиши фош этилди.
Жиноий ҳаракат айнан шу туфайли унга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра тугалланмасдан қолди. Шу боис тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди бўйича эълон қилинган айб қайта малакаланди ва тугалланмаган фирибгарлик ҳаракати, яъни қонунбузарликка суиқасд сифатида баҳоланди.
Суд К. Саидхоновга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдоридаги жарима жазоси тайинлади.
Ўзганинг ҳақини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришга қаратилган қилмиш шу тарзда қонуний ва мантиқий якунини топди. Кексалик остонасига қадами етган бир маҳалда К. Саидхоновнинг шаънига доғ тушди. Энди у исноднинг оғир юкини кўтариб яшашга маҳкум. Бу жиноят йўлини танлаган кимсалар учун ҳаётий сабоқ вазифасини ўташи шубҳасиз.
Илҳом Исмоилов,
жиноят ишлари бўйича
Тупроққалъа тумани суди раиси,
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш