СУД ВА ЁШЛАР
Жорий йилнинг 22 август куни жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суди биносида Янгиер шаҳар “Ёшлар иттифоқи” кенгаши билан ҳамкорликда “Суд ва ёшлар мавзусида” давра суҳбати бўлиб ўтди.
Чунончи, Муҳтарам Президентимизнинг раислигида 2017 йил 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, шунингдек, ёшларга суд томонидан жазо тайинлашда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг кафолат хатига асосан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турини тайинлаш механизмини жорий этиш бўйича таклифларни тайёрлаш юзасидан топшириқ берилган эди.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган.
Суд биносига ташриф буюрган Янгиер шаҳар ёшлар иттифоқи кенгаши фаолларига ёш авлод манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшлар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, ёшлар билан ўтказилган қизиқарли, фикр мулоҳазаларга бой давра суҳбати давомида жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ҳамда суд залидан озод этилган ёшлар, шунингдек, ёшлар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар бўйича ўзаро маълумотлар алмашиш орқали ёшларни тўғри йўлга қайтариш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш масалаларига эътибор қаратиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Тадбирда содир этилган жиноят, ҳуқуқбузарликлар бўйича суд томонидан жазо тайинлашда ҳар бир ҳукмнинг қонуний ва адолатли бўлишини таъминлаш мақсадида судланувчи ёшларнинг шахси юзасидан жамоатчиликнинг фикрини инобатга олиниши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашлари томонидан судга тақдим этиш мақсадида кафилликка олинувчи шахс янги жиноят содир этишининг олдини олиш, уни соғлом муҳитга қайтариш, ўқиш ёки касбга йўналтириш борасида аниқ ва мақсадли индивидуал дастурлар лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги маълум қилинди.
Ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида имзоланган меморандум мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида ёшларнинг иштирокини янада фаоллаштириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, ёш авлод вакилларини қонунга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Давра суҳбати давомида ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилган ёшларга тегишли тартибда жавоблар ва тавсиялар берилди.
А.Алиев
Янгиер шаҳар ёшлар иттифоқи кенгаши бошлиғи
Фикр қолдириш