ҚОНУНГА ЗИД ДАЛИЛ ОҚЛОВ ҲУКМИ ЧИҚАРИЛИШИГА АСОС БЎЛДИ

Аслида ҳар қандай одам қилган жиноий қилмиши учун албатта, жавоб бериши керак. Шундагина жамиятда барчанинг қонун олдида тенглиги таъминланади. Шунинг баробарида айбсиз одамни асоссиз равишда жазолаш адолатсизликдир. Бу ҳол қонунга хилоф, инсонийликка зид, муқаддас динимизда ҳам оғир гуноҳ саналади.

Шу ўринда ҳаётий бир мисол келтирамиз. Гап шундаки, Зарбдор тумани ИИБ профилактика инспектори, майор Қи­личбек Ўролов дастлабки тергов ва биринчи босқич су­ди­нинг асослантирилмаган, тахмин ва фаразлардан иборат айблови билан бир ярим йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.

Вилоят суди апелляция инс­танциясининг очиқ суд мажлисида Қ. Ўролов ва унинг ҳимоя­чилари томонидан берилган апелляция тартибидаги ши­коят­ ҳар тарафлама, мазмунан кўриб чиқилди. Қ. Ўроловнинг қилмиш юзасидан жиноятга дахли йўқлиги ўз исботини топди ва у оқ­ланди.

Хўш, аслида воқеа қандай содир бўлганди?

Ўшанда 2019 йилнинг 16 март куни эди. Зарбдор ту­ма­ни ИИБ навбатчилик қисмига «Самодаги нур» чойхонасидан қўнғироқ бўлади. Чойхона иш бошқарувчисининг турмуш ўр­тоғи икки нафар фуқаро чой­хо­нада овқатланиш чоғида спиртли ичимлик истеъмол қил­гани, кейин эса, овқат пулини тўламасдан эри Н. Фахриддинов билан жанжал қилаётгани ҳақида хабар беради.

Бироздан сўнг чойхона иш бошқарувчиси Н. Фахриддиновнинг ўзи ҳам «102» рақамига мурожаат қилади.

Аммо навбатчилик қисми навбатчиси Х. Болиев чақирув хабарини қасддан тегишли тартибда рўйхатдан ўтказмайди. Бу ҳам етмагандек, у ушбу ҳо­лат юзасидан туман ИИБ бошлиғига ахборот бермайди.

У фақат ҳудудга бириктирилган профилактика инспектори Ў. Избосаровга қўнғироқ қилиб, воқеа жо­­йи­га етиб бориши зарурлигини айтиш би­лан чекланади. Аниқроқ айтганда Х. Болиев профилактика инспектори Ў. Избосаровга «Самодаги нур» чой­хона­си­га етиб бориши лозимлиги ҳа­қи­да соат 18.30 да қўнғироқ қилганди.

Бу пайтда Қиличбек Ўролов ўз хизмат ҳудуди ҳисобланган «Оқар» ва «Ёшлик» маҳалла фуқарлар йиғинларидан энди қайтиб келиб, ИИБда бўладиган йўриқномадан ўтиш учун эшик олдида Ў.Избосаров билан суҳбатлашиб турганди.

Хабарни олган Ў. Избосаров Қ. Ўроловдан «Ойбек» маҳалласидаги чойхонага бирга бориб келишни илтимос қилади. Шундан сўнг иккаласи манзилга етиб борганда, ҳақи­қатан ҳам, икки нотаниш фуқаро бир-бири билан ғи­жиллашиб турганди.

Ў. Избосаров улар билан гаплашишга ҳаракат қилади, аммо маст фуқаролар гапга тушунмайди. Чойхона иш юритувчиси Н. Фахриддинов улар ароқни ўзлари билан олиб келгани, истеъмол қилган овқати пу­лини тўламай, жанжаллашаётганини айтади.

Бу гапни эшитгач, Ў. Избосаров «овқатлангандан кейин пулини тўлаб кетмайсизларми?!» — дейди.

— Мана, пул, — дейди ке­йин­чалик шахси аниқланган Ғ. Шодмонқулов чўнтагидан 300 минг сўм чиқариб. — Лекин харажатни мен тў­ламайман, Фур­қат берсин.

Ғ. Шодмонқуловнинг бу гапидан шериги Ф. Неъматов баттар жаҳлланади.

Улар бир-бирини ҳақо­ратлашга ўтишади.

Ў. Избосаров устки кийимида қон доғлари бор, ўнг қўлининг юзасида қон қалқиб турган Ф. Неъматовни чойхонадан ташқарига олиб чиқади. Уларнинг ортидан Ғ. Шодмон­қулов ҳам эргашади.

Шундан сўнг Ғ. Шодмон­қулов билан Ф. Неъматов Ў. Избосаровнинг «Матиз» русумли автомашинаси ор­қа ўриндиғига ўтиришади. Эшикни очиб юбормасин, деган мақсадда Қ. Ўролов ҳам уларнинг ёнидан жой олади.

Улар аввал туман тиббиёт бирлашмасига боришади. Нарколог врач С. Умиров Ғ. Шодмонов билан Ф. Неъматовни текшириб кўриб, мастлик ҳолати бўйича маълумотнома ёзиб беради.

Шундан сўнг улар Ички ишлар бўлимига келишади. Қ. Ўролов йиғилиш ўтадиган залга кириб кетади. Бундан кейинги воқелардан у хабарсиз эди.

Шу ўринда судланувчиларга нисбатан қў­йилган айблов масаласига қайтадиган бўл­сак, туман ИИБ навбатчилик қисми навбатчиси лавозимида ишлаб келган Х. Болиев мансабдор шахс бўла туриб, навбатчи ёр­дамчи А. Ҳа­санов, туман ИИБ профилактика инс­пекторлари Ў. Избосаров ва Қ. Ўролов билан бир гуруҳга бирлашиб, жиноий тил бириктириб, ҳокимият ёки мансаб ва­колати доирасидан четга чиқиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзи­ни ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўзига қонун билан берилган ваколат доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиши ҳамда ҳокимият ҳаракатсизлиги, яъни давлат ор­гани мансабдор шахсининг ўз хизмат вазифаси юза­сидан бажариши лозим ёки мумкин бўлган ҳаракатларни қасддан бажармаслиги ва мансаб сохтакорлиги жи­ноят­ла­рини содир этган.

Шунингдек, судланувчилар Ички ишлар вазирлигининг 2016 йил 12 ноябрь ва 2017 йил 14 ноябрдаги тегишли буйруқлари талабларини қў­пол равишда бузишган. Хизмат вазифасига масъу­лият­сизлик билан ёндашиши оқи­батида фуқаролар Ғ. Шод­мон­­қу­лов ва Ф. Неъматовнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига сабабчи бўлишган.

Ғ. Шодмонқулов билан Ф. Неъматов Ички ишлар бў­лими биносига олиб келингач, уларнинг қўлига асоссиз равишда кишан тақилган, эркинлиги чекланиб, шахсий тинтувдан ўтказилган. Спирт­ли ичимлик истеъмол қилганлиги ҳолатини тасдиқловчи маълумотнома ва Ў. Избосаровнинг билдиргисига асосан улар туман ИИБ биносида жойлашган вақтинча сақлаш ҳибсхонасига асоссиз равишда, ҳеч қандай расмий ҳужжатларсиз мажбуран қамаб қўйилган.

Шу тариқа Ғ. Шодмонқулов 2019 йил 16 март куни соат 18.50 дан 21.10 га қадар, Ф. Неъматов эса, 18.50 дан 21.40 га қа­дар ушлаб турилган.

Жабрланувчилар ИИБ маъмурий биноси ички қисми йўлаги ҳамда қурол сақланадиган хонанинг кириш қисмида ва фуқароларни вақтинча сақлаш ҳибсхонасида турли уятли сўз­лар билан ҳақорат қилинган. Танаси, қўл ва оёқ­ларига резина таёқ билан уриб, тан жароҳати етказилган.

Судга оид тиббий экспертиза хулосаларида Ғ. Шодмонқулов «соғлиғининг бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати», Ф. Неъматов эса, «Соғлиғининг бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳати» олганлиги кўрсатилган.

Энди судланган Қ. Ўроловнинг апелляция шикоятига тўхталамиз. У биринчи бос­қич суди томонидан жиноят иши бир томонлама кўриб чиқилгани, ўзининг қайси қилмиши жиноий ҳаракат деб топилгани асослантирилмагани, суд ҳукми тахминларга асосланиб чиқарилгани, жабрланувчиларга нисбатан ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширмаганини баён қилган.

Ушбу ҳолатлар гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқланганлигини билдириб, жиноят содир қилмаганлиги ва айбсизлиги ҳақида важлар келтирган. Суд ҳукмининг ўзига оид қисмини бекор қилишни ва оқлов ҳукми чиқаришни сў­раган.

Апелляция инстанцияси су­ди биринчи босқич суди ҳукмининг Қ. Ўроловга оид қисмини бекор қилиб, шикоятни тў­лиқ қаноатлантиришни, унга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни лозим топди.

Хўш, Қиличбек Ўроловга оқ­лов ҳукми чиқаришга нималар асос бўлди?

Бу ўринда биринчи галда амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасига тўхталиш лозим. Негаки, ушбу моддада суд жиноят юз берганлиги, унинг содир этилишида ким айбдорлиги, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳо­­латларни аниқлаш шарт­лиги қайд этилган.

Унга кўра, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши керак. Иш­да юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчи ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳи­собга олиниши лозим.

Мазкур кодекснинг 23-моддаси талабига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имко­ният­лари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланаётганда келиб чиқадиган шуб­ҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал этилиши керак.

Бундан ташқари Жиноят-процессуал кодексининг 463-моддаси талабига кўра, айблов ҳукмига жи­ноят­ содир этилишининг иш бў­йича барча мумкин бўл­ган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим.

Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги «Суд ҳукми тўғрисида»ги қарори 6-бандида эса, қонунга зид равишда олинган далилларга тергов олиб боришнинг ноқонуний, руҳий ва жисмоний куч ишлатиш усулларини қўллаб олинган далиллар ёки жиноят-процессуал қонуннинг бош­қа нормалари бузилиши, масалан, ҳимоя ҳуқуқи­нинг бузилиши натижасида олинган даиллар кириши, далил қонунга зид равишда олинган деб топилган тақдирда суд ишдаги далиллар йиғиндисидан уни чиқариш тўғрисидаги ўзининг қа­рорини, қо­нун­нинг бузилиши нимадан иборат эканини кўр­сатган ҳолда асослантириши лозимлиги баён қилинган.

Шу каби далиллар қонунга зид равишда олинганлиги сабабли улар далил ҳисобланмаслиги ёки қў­йилган айбловда судланувчининг тўлиқ айбдорлиги тўғрисидаги шубҳани бартараф қилишнинг имкони йўқлиги ҳақидаги суднинг асослантирилган хулосаси оқлов ҳукми чиқариш учун асос бўлиши ҳақида тушунтиришлар берилган.

Апелляция суд мажлисида биринчи босқич суди томонидан қонун талаблари ва Олий суд Пленуми қа­рорлари тушунтиришларига риоя қилинмаганлиги равшан бўлди.

Судлов ҳайъати жабрланувчилар Ғ. Шодмонқулов ва Ф. Неъматовнинг апелляция инс­танцияси судида судланувчи Қ. Ўролов уларни урмаганлиги, унга нисбатан даъвоси йўқлиги ҳақида берган ариза ва кўрсатмаларини, хизмат текширувида Қ. Ўролов урмаганлиги ҳақида берилган тушунтириш хатларида баён қилинган кўрсатмаларни ишнинг ҳақи­қий ҳолатига мос кўрсатмалар деб баҳолади.

Биринчи босқич судида Қ. Ўроловнинг иши бўйича ис­бот­ла­ниши лозим барча ҳо­латлар синчковлик билан, тў­лиқ ва холисона текшириб чиқилмаган, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг ҳар бир важи текширилмасдан, иш ҳолатларига ойдинлик киритилмасдан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан унга нисбатан асоссиз айб қўйилган, деган тўхтамга келди.

Мухтасар айтганда, шахсни қонунга зид далил билан айблаб, асоссиз равишда жазога тортишга қонун йўл қўймайди.

Судлов ҳайъати ажрими билан биринчи босқич судининг 2019 йил 10 сентябрдаги ҳукми Қиличбек Ўроловга оид қисми бекор қи­линди. Содир қилинган жи­ноят­га дах­ли бўлмаганлиги сабабли Қ. Ўролов айбсиз деб топилиб, оқланди.

Қонунга зид далил оқлов ҳукми чиқарилишига асос бўлди.

Шуҳрат ХУДОЁРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Жиззах вилояти судининг судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: