ФИРИБ ТУЗОҒИ ЖАБРЛАНУВЧИГА 20 МИЛЛИАРД СЎМЛИК ЗАРАР ЕТКАЗДИ
Одатда, йиртқич ҳайвонлар ўлжани тутиш учун биргалашиб ҳаракат қилади. Ҳаётда шундай ашаддий фирибгарлар борки, улар ҳам бир инсонни чув тушириш йўлида худди шундай йўлни танлашади.
Данғара туманида яшовчи Умарбек Зоиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам Ирисбой Ниёзалиев билан жиноий тил бириктириб, Қўқон эркин иқтисодий зонасида фаолият юритувчи тадбиркор Баҳромжон Насимовни нақд 20 миллиард сўмга чув туширганини эшитган одам ёқасини ушлаши тайин.
«Global Medxpress Asia» масъулияти чекланган жамияти раҳбари У. Зоиров ва фирибгар И. Ниёзалиев 2018 йил август ойида «Astoria Invest» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Б. Насимовнинг Хитойнинг «Zengzhou Dingsheng Machine Manafacturing Co.Ltd» компаниясидан писта ёғи ишлаб чиқариш ускунасини сотиб олиб, Қўқон эркин иқтисодий зонасида ишга тушириш ҳақидаги бизнес режасидан хабар топгач, тадбиркорнинг маблағига эга бўлишни режалаштиради.
— АҚШда «Turon Capital Management LLC» деб номланган компаниямиз бор. Агар биз билан шартнома тузсангиз, сизга ўша ускунани тезроқ етказиб берамиз, — дея Баҳромжонни аврашади.
Қисқаси, Б. Насимовнинг ишончига кирган фирибгарлар 2018 йил 22 август куни «Astoria Invest» МЧЖ қўшма корхонаси, «Turon Capital Management LLC» компанияси ва «Zengzhou Dingsheng Machine Manafacturing Co.Ltd» компанияси ўртасида қиймати 2 060 350 АҚШ долларига тенг бўлган ZZAG-2 сонли уч томонлама шартномани тузишга муваффақ бўлишади. Ушбу шартнома акциядорлик тижорат «Asia Alliance Bank»га тақдим этилиб, 2018 йил 18 октябрда банк билан «Astoria Invest» МЧЖ қўшма корхонаси ўртасида 44-сонли кредит шартномаси тузилади. Унга асосан банк «Astoria Invest» МЧЖ қўшма корхонасига 17 000 000 000 сўм миқдоридаги мақсадли кредит ажратади. Орадан беш кун ўтгач, кредит маблағининг 75 фоизи, яъни 1 545 262 АҚШ доллари «Turon Capital Management LLC» компанияси ҳисоб рақамига ўтказилади.
Шартномага мувофиқ бу пул «Zengzhou Dingsheng Machine Manafacturing Co.Ltd» компанияси ҳисобига ўтказилиши керак эди. Аммо фирибгарлар бундай қилишмайди. Бундан бехабар Баҳромжон Насимов ускунани етказиб беришни тезлаштиришни сўраб, Умарбек ва Ирисбойни қистай бошлайди.
Шунда фирибгарлар ускуна пули тўлиқ ўтказиб берилмаса, хитойликлар уни юбормаслигини маълум қилиб, қолган йигирма беш фоизлик маблағни ҳам беришни талаб қилишади. Иши тезроқ битишини истаган тадбиркор бу гапга лаққа ишонади. Натижада 2018 йил 15 ноябр куни 510 992,97 АҚШ долларини ҳам «Turon Capital Management LLC» компанияси ҳисоб рақамига ўтказиб беради. Натижада фирибгарлар унинг 17 000 000 000 сўмлик маблағини осонгина қўлга киритади.
Бироқ фирибгар ҳамтовоқлар бу билан қаноатланмайди. Улар яна Баҳромжонни аврашга тушади:
— Биз ҳам банкдан кредит олиб, Ўзбекистонга АҚШдан тиббиёт анжомларини олиб келмоқчимиз. Шунинг учун бирорта мулкингизни гаровга қўйиб турсангиз, сизга ўша мулкингизни даромади билан қайтарамиз…
Хитойдан ускуна келишини сабрсизлик билан кутаётган Б. Насимов бу таклифга ҳам розилик билдиради. Шундан сўнг «Asia Alliance Bank»дан «Global-Medxpres Asia» МЧЖга 4 300 000 000 сўм миқдорида кредит ажратилиши учун ўзининг таъсисчилигидаги «Qoqon Farm Zavodi» масъулияти чекланган жамиятига тегишли қиймати 1 500 000 АҚШ долларига тенг бўлган 4 та тиббиёт синтези лаборатория дастгоҳини гаровга қўяди.
Бундан «унумли» фойдаланган фирибгарлар 2019 йил 25 март куни «Asia Alliance Bank» ва «Global-Medpres Asia» МЧЖ ўртасида 5-сонли кредит шартномасини расмийлаштириб, банкдан 3 000 000 000 сўм миқдорида кредит маблағини олишга эришишади. Тадбиркорни боплаб чув туширган фирибгарлар шундан сўнг турли баҳоналарни рўкач қилиб, уни сарсон қилади. Ниҳоят, тоқати тоқ бўлган Баҳромжон Насимов Хитойнинг «Zhengzhou Dingsheng Machine Manufacturing Co.Ltd» компаниясига расмий хат билан мурожаат қилади. Бунга жавобан компания «Turon Capital Management LLC» компанияси ҳеч қандай ускунага буюртма бермагани ва ҳисоб рақамига пул ўтказилмаганини маълум қилади. Шундан сўнг Б. Насимов «Аsia Alliance bank»дан «Turon Capital Management LLC» ташкилоти ҳисоб рақамига ўтказилган 2 056 254 АҚШ долларини қайтаришни сўрайди.
Лекин муаммо ҳал бўлмайди. Шундагина тадбиркор алданганини англаб, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига шикоят ариза билан мурожаат қилади. Оқибатда У. Зоировга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судининг 2020 йил 28 августдаги ҳукмига асосан фирибгар 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. Ҳукмда судланувчидан жабрланувчи фойдасига 20 000 000 000 сўм моддий зарарни ундириш ҳам белгиланади.
Шу билан Б. Насимовнинг бошидан ташвиш ариган бўлса кошки эди.
Афсуски, бундай бўлмади. Қарангки, бу орада Учкўприк тумани давлат солиқ инспекцияси Хитойнинг «Zengzhou Dingsheng Machine Manufacturing Co.Ltd.» компанияси билан тузилган шартнома бўйича ускуналар етиб келмагани ёки ўтказилган маблағ қайтарилмагани сабабли «Astoriya Invest» МЧЖга 6 335 701 200 сўм миқдорида молиявий жарима қўллаш ҳақида Қўқон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритди.
Суд ушбу даъво аризасини кўриб чиқишда Фуқаролик кодексининг 124-моддаси ва Иқтисодий процессуал кодексининг 73-моддаси талабларига риоя қилди. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судининг 2020 йил 28 августдаги ҳукмида «Astaria Invest» МЧЖ ва «Turon Capital Management LLC» компанияси ўртасида тузилган ZZAG-2-сонли импорт шартномасининг қалбаки битим экани қайд этилгани ҳамда «Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назорати тўғрисида»ги Низом талабларини инобатга олган ҳолда давлат солиқ инспекциясининг «Astoriya Invest» МЧЖга 6 335 701 200 сўм миқдорида молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги даъвосини рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Шу тариқа суд томонидан тадбиркорнинг манфаати ҳимоя қилиниб, бузилган ҳуқуқи тикланди. Зеро, қонун қинғирлик билан ҳеч қачон муроса қилмайди.
Бундан У. Зоиров ва И. Ниёзалиев сингари фирибгарликни касб қилиб олган кимсалар тегишли хулоса чиқарса, ажаб эмас.
Шуҳрат БАКАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек тумани суди раиси,
Шерзод МИРЗАҲАКИМОВ,
Қўқон туманлараро иқтисодий
суди раиси
Фикр қолдириш