БЕКОР БЎЛГАН БУЙРУҚ
Маълумки, меҳнатга доир низоларни қонуний ҳал этиб, адолатни қарор топтириш фуқаролик ишлари бўйича судлар зиммасидаги энг муҳим вазифалардан бири саналади. Шунинг учун меҳнат ҳуқуқи бузилган фуқаролар аввало судга мурожаат қилади.
Бувайда туманида яшовчи Озодахон Парпиева ҳам меҳнат ҳуқуқи бузилгач, шундай йўл тутди.
О. Парпиева 2019 йил 17 апрель куни «Халқ банки»нинг Бувайда тумани филиалига сайёр касса кассири вазифасига ишга қабул қилинади.
Ўз ишига фидойилик билан ёндошган О. Парпиева тез орада жамоасида ҳам, мижозлар олдида ҳам ҳурмат-эътибор қозонади. Бироқ сентябрь ойида унинг тоби қочиб қолди. Шунинг учун у 2019 йил 6 сентябрдан 16 сентябргача, шунингдек, 19 сентябрдан 29 сентябрга қадар — 2 маротаба 10 кундан меҳнатга лаёқатсизлик таътилига чиқди. Таътил муддати тугагач, меҳнатга лаёқатсизлик тўғрисидаги касаллик варақасини олиб, банкка боради. Бироқ филиал мутасаддилари уни нохуш қарши олишади.
— Сизнинг штатингиз қисқартирилиб, Учкўприк тумани филиалига ўтказилди. Шунинг учун энди Учкўприк туманига бориб ишлайсиз, — деди Бувайда филиали масъул ходими.
Албатта, О. Парпиева филиал масъул ходимига эътироз билдирмайди, балки «Халқ банки»нинг Учкўприк филиали мутасаддиларига учраб, ишга келганини айтади. Бироқ Учкўприк тумани филиали мутасаддилари унга ҳали шахсий йиғма жилди етиб келмаганини билдириб, ишга қабул қилишмайди. Хуллас, шу тариқа О. Парпиеванинг оворагарчилиги бошланади. Аниқроғи, у икки туман филиалига ҳам ишга қабул қилинмайди.
Аксинча, 2019 йилнинг декабрь ойида банкнинг Бувайда филиали томонидан унга Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисм 1-бандига асосан огоҳлантириш хати юборилади. Лекин огоҳлантириш хатида на сана, на рўйхат рақами кўрсатилган эди.
О. Парпиева бундан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бувайда туманидаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилди.
Халқ қабулхонаси эса, мазкур мурожаатни туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига юборди.
О. Парпиеванинг мурожаати марказ ходимлари томонидан ўрганилганда «Халқ банки»нинг Бувайда филиали мутасаддилари қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйишгани аниқланди. Энг ачинарлиси, банк филиали мутасаддилари аниқланган қонунбузилиши ҳолатини бартараф этишга беписандлик билан қарашди. Фақат улар О. Парпиевага бир йиллик иш ҳақи тўлаш ҳақида маълумот беришди, холос.
Аммо бир йиллик иш ҳақи ҳам қоғозда қолиб кетди. Оқибатда бояқиш аёл ҳам моддий, ҳам руҳий жиҳатдан қийналди. Бинобарин, у банкнинг Бувайда тумани филиалига ишга қайтиши ҳақида почта алоқа тармоғи орқали ариза берди. Бунга жавобан эса, банк филиалидан 2020 йил 7 сентябрдан ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабарни олди.
Шундан сўнг О. Парпиева фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Халқ банки»нинг Бувайда филиалига сайёр касса кассири лавозимига ишга тиклаш, 2019 йил сентябрдан 2020 йил сентябрь ойигача мажбурий прогул юргани учун 10 344 000 сўм иш ҳақи ҳамда 6 000 000 сўм маънавий зарар ундиришни сўради.
Буни қарангки, суд мажлисида ҳам жавобгар томон ўз фикридан қайтмади.
Яъни банк филиали юридик бўлими бош юристконсультанти З. Ғуломқодиров О. Парпиеванинг иш ўрни қисқариб кетгани, бу ҳақда касаба уюшмасининг йиғилиши ҳам ўтказилиб, ходимга юборилганини қайд этиб, даъво талабини рад қилишни сўради. «Ўзи хон, кўланкаси майдон» филиал бошқарувчиси эса, белгиланган тартибда хабардор қилинган бўлса-да, суд мажлисига келмади.
Суд жараёнида маълум бўлдики, «Халқ банки» бошқарувининг 2019 йил 28 августдаги 104/5-сонли қарори билан штатларни кўриб чиқиш комиссиясининг шу кунги 3-сонли қарори маъқулланган. Унга кўра, туман филиаллари штатлар жадвалларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, банкнинг Бувайда филиалида 28 та штат бирлиги қисқартирилгани ҳолда Учкўприк филиалига 25 та штат бирлиги қўшиб берилган. Аммо шунда ҳам негадир О. Парпиева эътибордан четда қолган.
Айтиш керакки, амалдаги Меҳнат кодексининг 100-моддаси 1-бандига кўра, технология, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқаргани ёхуд корхонанинг тугатилгани муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи ходимни камида икки ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт. Қолаверса, бу борада бошланғич касаба уюшма қўмитаси розилиги ҳам талаб этилади.
«Халқ банки» Бувайда тумани филиали мутасаддилари ушбу қонун талабларига риоя этишмаган. Шу боис фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро суди О. Парпиеванинг даъвосини қаноатлантириб, «Халқ банки» Бувайда тумани филиалининг 2020 йил 7 сентябрдаги 224к-сонли буйруғини ғайриқонуний деб топди, О. Парпиевани банк филиалининг сайёр касса кассири лавозимига ишга тиклаш ва унинг фойдасига 10 344 000 иш ҳақи ҳамда 500 000 сўм маънавий зарар ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Кўриниб турганидек, қонун талабларига риоя этмаслик банк мутасаддиларига қимматга тушди. Энг ёмони, бу ҳолат бир ходимнинг узоқ вақт сарсонгарчилигига сабаб бўлди. Шу боис ҳамиша қонунга буйсуниш шарт.
Ўткиржон ИСМОИЛОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Қўқон туманлараро суди раиси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш