ФИРИБГАР «ҚАССОБ» СУДДА ҚОНУНИЙ ЖАЗО ОЛДИ
Ўтган йили қўшкўпирлик Ҳикмат Исоқов оғир жиноий қилмишга қўл урди. У ўн нафар фуқарони алдаб, уларнинг 25 миллион сўм миқдоридаги маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритди.
Ҳаммаси Ҳ. Исоқовнинг ҳамқишлоғи Отабой Бобоевнинг хонадонига кутилмаганда келишидан бошланди. Меҳмон уй эгасининг қўйнига қўл солар экан, қассобчилик билан шуғулланиш ниятида эканини айтди.
“Сотиладиган молингиз бор деб эшитдим, нархини келишсак, нақдга сотиб оламан”, деди у пировардида мақсадга кўчиб.
Мезбон харидорнинг уйига ўз оёғи билан кириб келганини яхшиликка йўйди. Бир бош қорамолни 5,8 миллион сўмга харид қилиш юзасидан Ҳ. Исоқов ўртага ташлаган таклифни оғриниброқ бўлса-да, қабул қилди.
Харидор келишилган пулнинг 2 миллион сўмини шу ернинг ўзида санаб берди, 3,8 миллион сўми эса, вақтинчалик насияга айланди. Харидор қолган пулни яқин кунлар ичида келтириб бериш ҳақида шундай “ишонарли” ваъда бердики, эътирозга асло ўрин қолмади. Аммо орадан ҳафта, ойлар ўтса-да, ваъда бажарилмади. Ҳ. Исоқов иши битгач, қорасини ҳам кўрсатмади. О. Бобоев қарзини сўраб, бир неча бор унинг олдига борди. Хайриятки, Ҳ. Исоқов 3,8 миллион сўмнинг 1,7 миллион сўмини берди. Аммо 2,1 миллион сўм яна насиялигича қолди.
Маълумки, фирибгарликка муккасидан кетган кимсалар ўзгаларнинг бойлигини қўлга киритишнинг турфа йўли ва усулларини ўйлаб топишган.
Бундай кимсалар бир-икки нафар эмас, балки беш-ўн нафар кишини алдов йўли билан чув тушириши, навбат ваъданинг вафосига етганида эса, турфа баҳона-ю, узрхоҳликларни рўкач этиши бу қилмишнинг анчайин оммалашган кўриниши ҳисобланади. Ўз навбатида, огоҳлик ва ҳушёрликни унутган кишилар фирибгарлар учун яхшигина ўлжа саналади.
Ҳ. Исоқов ҳам шундай йўл тутди. Унинг О. Бобоевни алдаб, қўлга киритган маблағидан кўнгли тўлмади. Шу боис орадан роппа-роса бир ҳафта ўтгач, қўшни қишлоқда яшайдиган Ш. Оллабергановнинг уйига кириб борди. Қоп-қоп ваъдалар асносида кечган савдо якунида хонадонда боқилаётган 10 миллион сўмлик новвоснинг ипи “қассоб”нинг қўлига тутқазилди. Ҳ. Исоқов келишган пулнинг 6 миллион сўмини бераркан, қолганини қайтариш учун атиги уч кун муҳлат сўради. Начора,10 миллионнинг 6 миллионини берган киши қолган 4 миллионини бермай қайга ҳам борарди?! Шундай фикрни хаёлидан ўтказган Ш. Оллаберганов рози эканини билдирди. Аммо воқеалар ўзгача тус олди. Гарданидаги тўлов фарзини уч кун ичида адо этишга сўз берган “қассоб” мол эгасининг олдига орадан нафақат ўттиз-қирқ кун, балки бир неча ой ўтса-да, қайта келмади. Аксинча, Ш. Оллабергановнинг ўзи уни излашга тушди. Хайриятки, “қассоб” топилди.
Аммо пул топилмади. Ҳ. Исоқов қарзнинг атиги 500 минг сўминигина санаб берди, буни ҳам миннатдорчилик билан эмас, аксинча, юз миннат билан берди. “Қолганини кейин оласиз”, деди. Бироқ шу кўйи қайта қорасини кўрсатмади, телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермай қўйди.
Шундан сўнг у туманнинг Ших қишлоғида яшайдиган С. Машариповнинг хонадонида пайдо бўлиб, қорамол харид қилиш учун келганини айтди.
Мол эгаси ҳам савдога розилик билдирди. Узоқ давом этмаган савдодан сўнг молнинг баҳоси 7 миллион сўмга келишилди. “Қассоб” эски одатини канда қилмади. Келишилган пулнинг 4,5 миллион сўмини шу ернинг ўзидаёқ санаб бергач, “Энди бу ёғига кутиб турасиз, пулнинг қолганини 20 кун ичида оласиз”, деди ишонарли оҳангда. Мол эгаси рози бўлди, аммо Ҳ. Исоқов ўз билганидан қолмади. Орадан анча вақт ўтса-да, 2,5 миллион сўмдан ҳам, “қассоб”дан ҳам дом-дарак бўлмади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас — фирибгар Ҳ. Исоқов алдов йўли билан О. Иватовни 9,8 миллион сўм, М. Жонибековни 2,7 миллион сўм, Б. Абдуллаевни 1,2 миллион сўм, У. Маткаримовни 2 миллион сўм, Э. Абдиевни 1,2 миллион сўм, М. Сатторовни 3 миллион сўм, О. Холбоевни 1 миллион сўмга чув туширган. Фирибгар “қассоб”га алданганлар берилган ваъдалар унут бўлгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат этишди. Охир-оқибат бир варакайига 10 нафар фуқарони нақд 25 миллион сўмга чув туширган Ҳ. Исоқовнинг ўзи ҳам қилмишининг оқибатини ўйлаб ҳушёр тортди. Бу ҳол унинг фирибгарлик ҳаракати жиноят ишлари бўйича биринчи босқич суди тарафидан батафсил муҳокама қилиниб, унга нисбатан 3 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлангач, рўй берди. Аслида унга нисбатан бирмунча оғирроқ жазо ҳам тайинланиши мумкин эди. Чунки айбланувчи 2021 йилнинг 2 февралида Жиноят кодексининг гиёҳвандликка доир 276-моддаси бўйича 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилганини ҳам эслатиб ўтиш керак. Гап шундаки, судланувчи фириб аталмиш давомли қилмишга ана шу жазони ўтаётган пайтда қўл урган. Суд Ҳ. Исоқовнинг фирибгарликка оид қилмиши тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” бандига асосан тўғри малакаланган деб топди ва қўлланилиши зарур бўлган асосий жазога аҳлоқ тузатиш ишлари жазосининг ўталмай қолган 1 йилу 10 ойдан иборат муддатини ҳам қисман қўшди.
Буни қарангки, суднинг ҳукми ўқилгач, маҳкумнинг сўқир кўзи бирдан очилди. Шу боис у қариндошлари кўмагида айбини ювишга киришди.
Озодликдан мосуво тарзда ўтган бир неча ҳафта мобайнида ўзининг алдовга учиб, молини қўшқўллаб тутқазган О. Бобоев, Ш. Оллаберганов, С. Машарипов, О. Иватов, М. Жонибеков, Б. Абдуллаев, У. Маткаримов, Э. Абдиев, М. Сатторов, О. Холбоевлардан олган қарзини тўлиқ узди.
Маҳкум бу борадаги мажбуриятини адо этгани, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганини жабрланувчилар ҳам эътироф этишди. Шундан сўнг маҳкум Хоразм вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига аппеляция аризаси билан мурожаат қилди. Апелляция инстанцияси жиноят ишини атрофлича ўрганиб чиқди. Жабрланувчи сифатида кўрсатма берган фуқаролар маҳкумга нисбатан ортиқ даъвоси йўқ эканини билдиришди. Қонунчилигимизда ифодасини топган адолат тамойили бу жараёнда яна намоён бўлди. Маҳкум етказилган зарарни тўлиқ адо этгани тан олинди. Дастлабки босқич суди ишни Жиноят кодексининг айбланувчини жазолашни назарда тутувчи 168-моддаси 3-қисми бўйича кўриб чиққан бўлса, аппеляция босқичи ушбу модданинг жазони истисно этувчи 5-қисми асосида муҳокама этиб, ўз ажримини эълон қилди.
Бинобарин, қонуннинг ушбу бандида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган ҳолда шахсга нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазосини қўлламаслик назарда тутилган.
Етказилган зарарнинг тўлиқ бартараф қилингани озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган Ҳ. Исоқовни оиласи бағрига қайтариш учун жиддий асос бўлди. Маҳкум суд залидан озодликка чиқарилди. Ҳозирда у озодликни чеклаш жазосини ўтамоқда.
Ҳа, бу унга қилмишидан тегишли хулоса чиқариш, ҳаётда тўғри йўлни топиш учун берилган имкониятдир. Бу имкониятдан у қандай фойдаланишини эса, вақт кўрсатади.
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш