ҲАДДИДАН ОШГАН ҲАМТОВОҚЛАР СУДДА ҚИЛМИШЛАРИГА ЖАВОБ БЕРИШДИ

Мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг асосий манбаи сифатида қаралмоқда. Ишбилармонлик ва инвестиция муҳитининг яхшилангани соҳада янги иш ўринлари яратиши баробарида аҳоли турмуш фаровонлигини оширишнинг муҳим шарти ҳамдир.

Айниқса, кейинги йилларда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига кўплаб имтиёзлар ҳамда қулайликлар яратиб берилди. Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатлари тубдан такомиллаштирилгани, табиийки, бунга ҳу­қуқий асос бўлди. Янги ҳуқу­қий нормалар асосида тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Эндиликда тадбиркорлар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари судлар томонидан ишончли тарзда муҳофаза этилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, қонун унга амал қилган, унинг доирасидан четга чиқмаган, ҳалолликни одат қилган тадбиркорнигина ҳимоя қилади, унинг қонуний манфаатига хизмат қилади. Бу бежиз эмас. Чунки тадбиркорлик фаолияти ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётган ва соҳа вакилларига қулай иш муҳити яратиб қўйилган бир паллада ҳалолликдан тойиб, қонунга зид фаолияти билан ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқарадиган, ўз манфаатини ўйлаб, давлат манфаатларига зарар етказадиган тадбиркорлар ҳам, афсуски, оз бўлса-да, учраб турибди.

Қонунни четлашга уринадиган, давлат манфаатларига зиён етказадиган бундай кимсалар охир-оқибат суднинг қора курсисида ўтириб, қилмишлари учун жавоб беришади, жазонинг муқаррарлиги таъминланади.

Фикримизни ҳаётий мисоллар билан давом эттирадиган бўлсак, «Кўҳинур инвест капитал» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Холмирза Йўлдошев (исм-шарифлар ўзгартирилган) Иноят Ниёзов билан жиноий тил бириктирган ҳолда бир қатор жиноятларни содир этган.

Аслида ушбу корхонани асосан мебел ишлаб чиқариш ва уларни сотиш мақсадида 2017 йилнинг сентябрида И. Ниёзов ташкил этган. Умумий раҳбарлик тизгини И. Ниёзовнинг қўлида бўлган. Қолаверса, Х. Йўлдошев билан И. Ниёзов бир-бирларига бегона эмас — Иноят Холмирзага тоғавачча.

Энди қариндошларнинг жиноий қилмишларига тўхталадиган бўлсак, миллий валютадаги корпоратив банк карталари, жайдари қилиб айтганда, тадбиркорларни пулни қоплаб кўтариб юришдек машаққатдан халос қилди.

2005 йил 18 апрелда Адлия вазирлигида 1470-сон билан рўйхатга олинган «Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги Низомда ундан қонуний фойдаланиш тартиби аниқ белгилаб қўйилган. Ушбу Низомнинг 7-бандида корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда тўлаш учун сарф қилинаётган пул маблағлари корпоратив банк картасининг сақловчисига ҳисобдорлик шарти билан бериладиган, қатъий тарзда белгиланган мақсадларга ишлатиладиган маблағлар ҳисобланиши, корпоратив банк картасининг сақловчиси уни ҳисобдорликка олган кундан бошлаб ўн кундан кечиктирмай корпоратив банк карталари воситасида ишлатилган суммалар тўғ­рисида юридик шахснинг бухгалтерия­сига ҳисобот тақдим этиши шартлиги бел­гиланган.

Афсуски, қариндошлар қонуннинг ана шу талабига мутлақо риоя қилмаган.

Оқибатда 2017 — 2020 йиллар мобайнида 3 миллиард 218 миллион 426 минг 400 сўм миқдоридаги маблағ ноқонуний сарфлаган. Сарфланган ушбу маблағ учун тўлов терминали квитанцияларининг асл нусхалари, электрон тижорат битимларидаги томонларнинг идентификациялаш имконини берувчи электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар ва қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли реквизитларга эга бошқа ҳисобот ҳужжатлари юритилмаган. Бу маблағлар ҳисобига олинган товар-моддий бой­ликлар корхонага кирим қилинмаган. Бу билан жуда кўп миқдорда савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари бузилган.

Юқорида қайд этилган Низом талабига кўра, корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шакл­да тўловни амалга ошириш ушбу банк картасининг сақловчисига ҳисобдорлик шарти билан берилади. У қатъий тарзда белгиланган мақсадларга ишлатиладиган маблағ ҳисобланади. Аммо Х. Йўлдошев ўзининг ҳамтовоғи И. Ниёзов билан жиноий тил бириктириб, корпоратив картадан сарфланган маблағ учун ҳисобдор шахс сифатида ҳисоботлар тузмаган. Сарф қилинган маблағнинг кирим ҳужжатлари мавжуд бўлмаган тақ­дирда у жисмоний шахслар учун даромад солиғи объектига айланади.

Х. Йўлдошев жамият корпоратив картасидан шахсий манфаатлари учун фойдаланиб, 3 миллиард 218 миллион 426 минг 400 сўмлик пул маблағини солиқ органидан яшириб, 438 миллион 233 минг 100 сўмлик даромад солиғини қасддан тўламаган. Буниси етмаганидек, Х. Йўлдошев сарфланган маблағ учун тўлов терминали квитанцияларининг асл нусхалари, электрон чеклар, хабарлар ва қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли реквизитларга эга ҳисобот ҳужжатларини қасддан йўқ қилган.

Устига устак, қинғир йўлни танлаган ҳамтовоқлар 270 миллион сўмлик 60 тонна шакар маҳсулотини қонунга зид равишда нақд пулга сотиб юборишган ва ушбу маблағни солиқ органига тақдим этилган ҳисоботлардан яширишган. Улар шу тариқа 35 миллион 217 минг 400 сўм қўшилган қиймат солиғини тўлашдан бўйин товлашган. Бу учун шакар маҳсулотини реализация қилиш билан боғлиқ корхонанинг қатъий ҳисобида турадиган бухгалтерия ҳужжатларини ҳам қасддан йўқ қилишган.

Таъкидлаш ўринлики, Х. Йўлдошев ва И. Ниёзовнинг солиқ тўловлари билан боғлиқ қинғирликлари фақат шулардан иборат эмас.

Корхонада 2020 йилнинг февраль-октябрь ойларида ишлаган ўн нафар ишчига иш ҳақи тўланган. Бироқ уларнинг иш ҳақи тарзида олган даромадлари ҳақида маълумотлар солиқ органига тақдим этилмаган. 108 миллион сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг солиқ органига тақдим этилган ҳисоботларда акс эттирилмагани натижасида 12 миллион 852 минг сўм жисмоний шахсларнинг даромад солиғи, 5 миллион 40 минг сўм ижтимоий солиқ, 108 минг сўм шахсий жамғариб бориладиган пенсия бадали қасд­дан тўланмаган.

Бундан ташқари Х. Йўлдошев билан И. Ниёзов корхона товар-моддий бойликларни сотиб олмаган бўлса-да, қў­шилган қиймат солиғи бўйича бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ қар­зи­ни камайтириш мақсадида бошқа корхона раҳбарлари билан сохтакорликка қўл уришган.

Хусусан, И. Ниёзов 2020 йилнинг 15 июль куни «Жиззах савдо мажмуа» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ш. Ҳамдамовдан солиқ тўловларидан қарзи борлиги, текширувчилар сезмаслиги учун ҳисоб-фактура бериб туришни илтимос қилади. У ҳисоб-фактурада кўрсатилган маблағларни «Жиззах савдо мажмуа»нинг ҳисоб рақамига кейинчалик ўтказиб бериб, товарларни олиб кетишини маълум қилади. Ш. Ҳамдамов «Кўҳинур инвест капитал» масъулияти чекланган жамиятига қў­шимча қиймат солиғи ҳисобга олинган ҳолда 695 миллион 750 минг сўмлик қурилиш материаллари бергани ҳа­қи­да сохта электрон ҳисоб-фактура тузиб, И. Ниёзовнинг қўлига тутқазади.

«Жиззах қурилиш савдо» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Фаррух Дадажонов ҳам Ш. Ҳамдамов сингари И. Ниёзовнинг илтимосини бажонидил бажаради. У 2020 йилнинг 24 март­даги 15-сонли шартномага асосан «Кўҳинур инвест капитал» масъулияти чек­ланган жамиятига қўшимча қиймат солиғи ҳисобига олинган ҳолда қиймати 591 миллион 100 минг сўмлик қурилиш материаллари бергани ҳақидаги ик­кита сохта электрон ҳисоб-фактура тузиб, уларни И. Ниёзовга тақдим этади.

Ҳамтовоқлар кўзбўямачилик ва сохтакорликни яна давом эттириб, 2020 йилнинг 23 июнь ва 17 июль кунлари қўшимча қиймат солиғи ҳисобига олинган ҳолда қиймати 1 млрд. 475 миллион 737,5 минг сўмлик иккита электрон ҳисоб-фактура тузишади. Улар шу тарзда тўланиши лозим бўлган 987 миллион 745 минг 600 сўм солиқларни қасддан яширишади.

«Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади» дейишгани айни ҳақиқат.

Очиқ суд мажлисида Х. Йўлдошев, И. Ниёзов, Ш. Ҳамдамов ва Ф. Дадажонов содир этган қинғир ишларга тегишли жиноят иши мазмунан кўриб чиқилди.

Судда судланувчи Х. Йўлдошев ва И. Ниёзов «Кўҳинур инвест капитал» масъулияти чекланган жамияти тўлаши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғини тўламаслик мақсадида бир жи­ноят таркибини ташкил қилувчи бир-бирига ўхшаш бир нечта жиноий қилмишлардан иборат бўлган ҳақиқатда олинмаган товар-моддий бой­ликлар учун электрон ҳисоб-фактураларни сохталаштиргани маълум бўлди.

Суд қонун талаблари ва Олий суд Пленуми раҳбарий тушунтиришларига риоя қилиб, судланувчилар содир этган қилмишни ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят­лар деб таснифлаб, солиқлар қисман тўлангани ва уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганини инобатга олди.

Суд Х. Йўлдошев ва И. Ниёзовга тўрт йил муддатдан озодликни чеклаш жазоси тайинлаб, ҳукм қонуний кучга киргач, судланувчилар зиммасига қопланмай қолган 494 миллион 657 минг 600 сўм солиқ қарздорлигини тўққиз ой мобайнида солидар тартибда тўлаш мажбуриятини юклади. Ш. Ҳамдамов ва Ф. Дадажоновга нисбатан эса, иш ҳа­қининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йилдан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Дунёда ишонч деган юксак туйғу бор. Юртимизда тадбиркорлар ва тадбиркорлик субъектларига катта ишонч билан фаолиятларини кенг кўламда амалга ошириши учун имтиёз, имконият ва қулайликлар яратиб берилган. Ана шу ишончни оқлаш ҳар бир тадбиркорнинг бурчи ҳисобланади. Бурч­га хиёнат эса, асло кечирилмайди. Қилмишларига яраша қонуний ва адолатли жазо олган ҳамтовоқларнинг қисмати ҳам бунинг яққол исботидир.

Қаҳрамон ХОЛМУРОДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Шароф Рашидов тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: