АРБИТРАЖ МУҲОКАМАСИ БИЛАН БОҒЛИҚ ИШЛАРНИ СУДДА КЎРИШГА ОИД ЯНГИ ҚОНУННИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ
Сўнгги йилларда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратилмоқда. Бу борада хусусий мулк муҳофазаси ва кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, инвестиция муҳити ва ишбилармонлик ҳолатини янада яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Нуфузли, малакали арбитраж давлатнинг халқаро ишбилармонлик муҳитида обрў-эътиборини мустаҳкамлайди. Бу, ўз навбатида, иқтисодиётни барқарорлаштиришга, жумладан, қулай инвестиция муҳитини яратишга хизмат қилади.
Айнан шу сабабли ўз иқтисодиётига хорижий инвестициялар оқимини фаоллаштиришни истаган давлатлар халқаро тижорат арбитражини ҳам ҳуқуқий, ҳам ташкилий жиҳатдан ривожлантиришга ҳаракат қилади.
Шу сабабли бутун дунёда халқаро арбитраж халқаро савдо, тижорат ва инвестицияларнинг деярли барча соҳаларида ишбилармон шериклар ўртасидаги низоларни ҳал қилишнинг мақбул усулига айланган.
Бу ҳақда сўз борганда, мамлакатимизда 2021 йил 16 февралда «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Қонунда халқаро тижорат арбитражига ҳал этиш учун топшириладиган низолар, арбитрларнинг ва арбитраж муҳокамаси бошқа иштирокчиларининг иммунитети, арбитраж судининг мустақиллиги, суд аралашувининг чегаралари, суднинг ваколати, ёзма хабарларни олиш, эътироз билдириш ҳуқуқидан воз кечишга оид нормалар белгиланган.
Халқаро тижорат арбитражига тарафларнинг келишувига биноан тижорат хусусиятига эга бўлган ҳам шартномавий, ҳам шартномадан ташқари барча муносабатлардан юзага келадиган низолар берилиши мумкин.
«Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун билан иқтисодий суд ваколатига 9 тоифадаги аризаларни кўриб чиқиш киритилган. Мазкур аризаларни судга тақдим қилишда уларнинг шакли ва илова қилинадиган ҳужжатларга оид талаблар, ушбу тоифадаги ишларни кўриб чиқишнинг процессуал тартиб-қоидалари, муддатларига оид ҳуқуқий нормаларни белгилаш зарурияти мавжуд эди.
Шу муносабат билан Олий суд томонидан, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Парламентга киритилди. Ушбу қонун жорий йил 16 май куни қабул қилинди.
Янги қонун билан Иқтисодий процессуал кодексда иқтисодий судлар томонидан кўриладиган арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар рўйхати белгиланди. Улар жумласига қуйидагилар киритилди:
арбитрни тайинлаш, рад этиш ёхуд унинг ваколатлари амал қилишини тугатиш ёки арбитраж суди юрисдикцияси масаласи юзасидан қарор қабул қилиш тўғрисидаги ишлар (тарафлар арбитр шахси ёки арбитраж судининг ваколатлари бўйича келишувга эришмаганда қўзғатилади);
далилларни олишга кўмаклашиш, даъвони таъминлаш чорасини кўриш ёки уни ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар (арбитраж суди фаолиятига кўмаклашиш зарур бўлганда қўзғатилади);
арбитраж ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки арбитраж ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар (тарафлар арбитраж қароридан норози бўлганда ёки ушбу қарор ихтиёрий равишда ижро этилмаганда қўзғатилади).
Арбитраж муҳокамасида ҳар доим бир тараф хорижий давлат резиденти бўлишини ҳамда чет элликлар билан боғлиқ ишларни кўриш учун муайян тажриба зарурлигини инобатга олиб, арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан кўрилиши белгиланди.
Шунингдек, Иқтисодий процессуал кодексга судлар томонидан арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни кўриш тартибини белгиловчи алоҳида боб киритилди. Унга кўра:
иқтисодий суд томонидан кўриладиган арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларнинг аксарияти арбитраж суди фаолиятига тааллуқли бўлганлиги сабабли манфаатдор шахслар аризаларни арбитраж жойлашган жойдаги иқтисодий судга тақдим этиши;
арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар ариза судга келиб тушган кундан эътиборан 20 кунлик, даъвони таъминлаш чораси билан боғлиқ ишлар эса, 1 кунлик муддатда кўриб чиқилиши;
арбитрни тайинлаш, рад этиш ёки унинг ваколати амал қилишини тугатиш, арбитраж суди юрисдикциясини аниқлаш ёки унга далилларни олишга кўмаклашиш билан боғлиқ ишлар арбитраж судига кўмаклашиш мақсадида қўзғатилганини инобатга олиб, улар бўйича иқтисодий суднинг ажрими устидан шикоят қилинмаслиги;
даъвони таъминлаш чораси, арбитраж ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки уни ижрога қаратиш билан боғлиқ ишлар тарафлар манфаатларига бевосита таъсир қилишини инобатга олиб, улар бўйича иқтисодий суднинг қарори устидан шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланди.
Шу билан бирга янги қонун билан «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришга асосан арбитраж ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида давлат божи тўланиши назарда тутилди.
Эътиборлиси шундаки, арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ қолган тоифадаги, яъни арбитрни тайинлаш, рад этиш ва бошқа ишлар арбитраж судига кўмаклашиш мақсадида қўзғатилиши сабабли улар бўйича давлат божи ундирилмайди.
Ўзбекистон 1954 йил 1 мартдаги «Фуқаролик процесси масалалари тўғрисида»ги Гаага конвенциясига ҳамда 1958 йил 10 июндаги «Чет эл арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида»ги Нью-Йорк конвенциясига қўшилган. Бундан кўзланган мақсад — ривожланган давлатлар сингари халқаро арбитраж судлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишдан иборатдир.
Арбитражнинг ҳал қилув қарори тегишли тараф томонидан ихтиёрий ижро қилинади ёки Нью-Йорк Конвенциясига мувофиқ, у қайси мамлакатда қабул қилинганидан қатъи назар, ундирувчи томонидан ваколатли судга ёзма илтимоснома берилган тақдирда арбитражнинг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва мажбурий ижрога қаратиш мумкин.
Хулоса ўрнида айтганда, янги қонуннинг қабул қилиниши халқаро тижорат арбитражини ривожлантириш, арбитраж муҳокамаси институтининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, арбитражлар фаолияти учун зарур бўлган давлат судлари билан ҳамкорлик механизмларини жорий этишга хизмат қилади.
Нурали Мўминов,
фуқаролик ишлари бўйича
Денов туманлараро
суди судьяси
Фикр қолдириш