САНСАЛОРЛИК ЁХУД ТАДБИРКОРНИНГ МАБЛАҒИ АСЛИДА КИМДА БЎЛГАН?
Инсон ва тадбиркорлар манфаатларини таъминлаш ва уларнинг мурожаатларини қонуний муддатда, тўлиқ ва сифатли кўриб чиқиш ҳар бир давлат хизматчиси ва ташкилот ходимининг қатъий вазифаси эканини англаши юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва иқтисодиётимиз ривожланишидаги муҳим омилдир.
Аммо суд амалиётида кўрилаётган ишлардан маълум бўлмоқдаки, айрим ҳолларда мурожаатларнинг тўлиқ ва масъулият билан кўриб чиқилмаслиги фуқаро ҳамда тадбиркорларнинг идорамаидора овора бўлишига сабаб бўлмоқда.
Хусусан, Мажбурий ижро бюроси Зарафшон шаҳар бўлими томонидан 2020 йил 11 апрелда 9423732-рақамли электрон инкассо топшириқномаси асосида «Zar-namuna boshqaruv kompaniya» масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамидан 12 146 813 сўм маблағ ечиб олинган. Шундан 12 098 270 сўм «O’ztransgaz» акциядорлик жамиятининг ҳисоб рақамига, 48 543 сўм эса, банк хизмати учун йўналтирилган.
Қизиқ томони шундаки, «Zar-namuna boshqaruv kompaniya» масъулияти чекланган жамияти табиий газ истеъмолчиси эмаслиги, газ қувурига уланмагани, газ идораси билан шартнома имзоламаганига қарамай унинг ҳисоб рақамидан 12 146 813 сўмлик маблағ ноқонуний ечиб олинган. Бу маблағни қайтариш юзасидан масъулияти чекланган жамияти мутасаддиларининг «Hududgazta`minot» акциядорлик жамияти, унинг ҳудудий филиали ҳамда «O’ztransgaz» акциядорлик жамиятига йўллаган бир неча мурожаати эътиборсиз қолдирилган. Бунинг оқибатида тадбиркор турли идораларга мурожаат йўллаб, овора бўлган.
Охир-оқибатда эса, «Zar-namuna boshqaruv kompaniya» масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «O’ztransgaz» акциядорлик жамияти ва «Hududgazta`minot» акциядорлик жамиятидан 12 146 813 сўм маблағни ундириб беришни сўради.
Судда ушбу ишни кўриш жараёнида маълум бўлдики, «Zar-namuna boshqaruv kompaniya» масъулияти чекланган жамиятидан олинган 12 098 270 сўм маблағ «O’ztransgaz» акциядорлик жамияти электрон дастурида сақланиб, 2021 йил 31 декабрдаги топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан ушбу маблағ «Hududgazta`minot» акциядорлик жамиятига ўтказилган. Ўз навбатида, «Hududgaz navoiy» газ таъминоти филиалининг ҳисоб рақамида эгаси аниқланмаган маблағ сифатида сақлаб келинган.
Энг қизиғи, ишни кўриш жараёнида судга тақдим қилинган 2022 йил 27 декабрдаги 33-01-28-976-сонли маълумотномада ҳам 12 098 270 сўмлик маблағнинг «Hududgazta`minot» акциядорлик жамияти ёки унинг ҳудудий филиалида мавжуд эмаслиги маълум қилингани ҳам ушбу ҳолатларга масъуллар томонидан эътиборсизлик ва масъулиятсизлик билан муносабатда бўлинганини кўрсатади.
Ҳолбуки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддаси биринчи қисмига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг мулки дахлсиздир ва қонун билан муҳофаза қилинади.
Низо юзасидан мавжуд барча ҳолатлар суд томонидан синчиклаб ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилди. Суднинг 2023 йил 25 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, «Hududgazta`minot» акциядорлик жамиятидан «Zar-namuna boshqaruv kompaniya» масъулияти чекланган жамияти фойдасига 12 098 270 сўм, кичик тадбиркорлик субъекти сифатида олдиндан тўланган 150 000 сўм давлат божи ва 24 000 сўм почта харажати ҳам ундирилиб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи қонуний ҳимоя қилинди.
Бундан ташқари келгусида бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик, фуқаро ва тадбиркорларнинг ортиқча сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида жавобгар раҳбарияти номига тақдимнома киритилди.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, қонун талабига риоя этилган жойда ҳеч қандай муаммо пайдо бўлмайди. Қолаверса, ҳар бир мурожаатга ҳам қонуний ёндошилса, турли тушунмовчилик ва оворагарчиликларнинг олди олинади.
Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро
иқтисодий суди раиси
Фикр қолдириш