ҚОНУНГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРТИШ СУДЛАНУВЧИНИНГ ОҚЛАНИШИГА АСОС БЎЛДИ

Мана салкам беш йилдирки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида тарихий ислоҳотлар қатъият билан амалга оширилмоқда. Бу жараёнда амалдаги қонунларни дунё стандартларига уйғун тарзда такомиллаштириш, муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Масалан, амалдаги жи­ноят­ қонунчилигига киритилаётган муҳим ўз­гартиш ва қўшимчалар кўплаб судланувчилар тақдирига кескин ўзгариш ясамоқда.

Аниқроқ айтганда, қо­нун­чиликка киритилган ўзгартиришлар туфайли кимдир тайинланган жазодан халос бўлса, кимнингдир жазоси енгилроғи билан алмаштирилмоқда. Бу жараёнда оқланаётган шахслар ҳам бор.

Масалан, Қўқон шаҳрида яшовчи, бундан бир йил муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган Аброр Набиев ҳам қонунчиликка киритилган ўзгартириш туфайли оқ­ланди.

Хўш, аслида А. Набиев қандай қилмиши туфайли жиноий жавобгарликка тортилган эди?

Гап шундаки, А. Набиев Қўқон шаҳрининг Алишер Навоий номидаги кўчасида жойлашган 29-уй 4-хонадонни келгусида дорихона сифатида фойдаланиш учун жиҳозлайди. 2020 йил 11 январь куни таркибида кучли таъсир қилувчи «Прегабалин» моддаси мавжуд бўл­ган, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп модда ҳисобланмайдиган 0,2 грамм «Тропикамид» дори воситасини махсус харидорга 120 000 сўм эвазига сотади. Қолаверса, 111 дона «Тропикамид», 49 дона «Регапен» кучли таъсир қи­лувчи дори воситаларини ўт­ка­зиш мақсадида қо­нунга хилоф равишда сақлаб келган. Шу боис ун­га нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур жиноят иши жи­ноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида кў­риб чиқилган. Суднинг 2020 йил 8 июлдаги ҳукмига биноан А. Набиев Жиноят кодексининг 25,251-1-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Судланувчининг апелляция шикояти жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 13 августдаги ажримига мувофиқ қаноатлантирилмаган.

2020 йил 21 июлда қа­бул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўз­гар­тиш ва қў­шимчалар киритиш тўғ­рисида»ги қонунга асосан Жиноят кодексининг айрим моддаларига тегишли ўз­гарти­риш­лар киритилди. Мазкур ўзгартиш ва қў­шимчалар 2020 йил 22 октябрдан эътиборан кучга кирган. Бинобарин, А. Набиев ва унинг ҳи­моя­чиси Ш. Мингбоева Олий судга апелляция шикояти билан мурожаат қи­лишди. Шунга кў­ра, Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъа­тининг 2021 йил 7 майдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 13 август­даги ажрими бекор қилиниб, иш янгидан апелляция инс­тан­циясида кў­риш учун юборилди.

Яқинда ушбу апелляция шикояти Фарғона вилояти судида кўриб чиқилди.

Айтиш керакки, Жиноят кодексининг 13-моддасида қилмишни жиноийлигини бекор қи­ладиган, жа­зони енгиллаштирадиган ёки шахсни аҳволини бошқача тарзда яхшилайдиган қонун ортга қайтиш кучига эга, яъни ушбу қо­нун кучга киргунга қадар тегишли жиноий қилмиш содир этган шахс­ларга, шу жумладан, жазони ўтаётган ёки ўтаб бўл­ган шахсларга нисбатан, агар улар ҳали судланган ҳисобланса, тадбиқ этилиши белгиланган. Жиноят иши ҳужжатларидан аён бўл­дики, А. Набиев муқаддам сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, до­ри воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилмаган. Бундай ҳо­латда уни Жиноят кодексининг 25,251-1-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айб­дор деб топиб, жавобгарликка тортиб бўлмайди.

Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандида судланувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, айбсиз деб топилиши ва реабилитация қилиниши лозимлиги, кодекснинг 497-26-моддасида апелляция инстанцияси айб­лов ҳукмини бекор қилишга ва оқлов ҳук­ми чиқаришга ҳақ­ли экани белгиланган. Ана шу асосларга таянган Фарғона вилояти суди ўзининг 2021 йил 8 июлдаги ажрими би­лан Аброр Набиевни айбсиз деб топиб, оқлади.

Суд ажримида А. Набиевга ўзига етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиённи Жиноят-процессуал кодексининг 304-312-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.

Сўнгги йилларда юртимизда нафақат қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшим­чалар туфайли, балки муқаддам но­ҳақ айбловлар қў­йилган шахсларнинг айб­сизлиги исботланиб, оқ­ланаётганини бутун дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда. Бундай эзгу ишлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳам­да эркинликларини таъминлаш янги сифат босқичига кўтарилганидан далолатдир.

Фарруҳ АБДУРАИМОВ,

Фарғона вилояти суди судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: