ОДИЛЛИК ВА ИНСОНПАРВАРЛИК ҚОНУНЧИЛИК ВА СУД ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИДИР
Баъзан киши билиб-билмай хато қилади. Ҳатто оқибатни ўйламай жиноятга қўл уради. Жиноят содир этгач, ўзини муқаррар жазо кутаётганидан қаттиқ ташвишга тушади, ҳаловатини йўқотади. Унинг кўнгил хуфтонлиги оила аъзолари ва яқинларига ҳам кўчади.
Яқинда А. Мамарасулов (исм-шарифлар ўзгартирилди) айни шундай ҳолатни бошдан кечирди.
Умарали Қудратов 2015 йилда «Гулобод» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган коллежга ўқишга қабул қилинганди.
Бир йил ўқигач, у ўқишни ташлаб, ишлаш мақсадида хорижга жўнаб кетади ва 2020 йилнинг бошларида қайтиб келади. Шундан сўнг Умарали ўқишини тиклаш ва диплом олиш мақсадида коллежга боради. Коллежда у А. Мамарасуловни учратиб қолиб, мақсадини айтади.
А. Мамарасулов коллеж тугатилиб техникумга айлантирилганини таъкидларкан, агар диплом олмоқчи бўлса, ҳужжатларни қайта топшириш лозимлигини айтади. А. Мамарасулов гап орасида ўқишга киритиб қўйиш ва бир йилдан сўнг диплом олиб бериш қўлидан келишини писанда қиларкан, бунинг эвазига 1 минг АҚШ доллари сўрайди.
Бу таклифни эшитиб, Умарали ўйланиб қолади. А. Мамарасулов эса, «бир минг АҚШ доллари берсанг, ўқишга келмасанг ҳам майли, ҳаммасини ўзим ҳал қиламан, диплом олсанг бўлди-да», дейди.
Таъмагирликнинг ҳадисини олган А. Мамарасулов ушбу техникумда ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлайди, мансабдор шахс ҳисобланади. Нафс балоси уни тўғри йўлдан адаштирди, ўзганинг ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан унинг мулкини қўлга киритишга ундади.
Қисқаси, Умарали А. Мамарасуловнинг «таклифи» жиноий қилмиш эканини англаб, Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилди. У А. Мамарасуловнинг ҳаракатларидан шубҳалангани сабабли ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни уяли телефонига ёзиб ҳам олганди.
Жабрланувчининг аризаси юзасидан ўтган йилнинг 1 ноябрь куни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Ургут тумани бўлими ҳамда ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Жабрланувчи таъмагир А. Мамарасулов билан олдиндан келишилгандек техникум ҳовлисида учрашишади. А. Мамарасулов Умаралидан кимёвий ишлов берилган пулларни олгач, тезкор ходимлар томонидан холислар иштирокида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Дастлабки тергов органи томонидан А. Мамарасуловнинг қилмиши Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми «в» банди ва Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 1-қисми билан малакаланди. Аммо суд жараёнида А. Мамарасуловнинг жиноий ҳаракати Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 1-қисми билан нотўғри малакалангани маълум бўлди.
Чунки жиноят ишида тўпланган объектив далиллар ва судда аниқланган ҳақиқий ҳолатларга қараганда, судланувчи А. Мамарасулов жабрланувчига 2022 ўқув йили якуни билан диплом олиб беришни ваъда қилган, бунинг учун ундан 1 минг АҚШ доллари миқдорида пулларни олиб, ушбу дипломни ўзи тўғрилаб беришини, бирон-бир мансабдор шахс орқали амалга ошириши ҳақида гапирмаган. Судда сўралган жабрланувчи У. Қудратов ҳам худди шундай кўрсатма берган.
Жиноят процессуал кодексининг 464-моддасида жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, судланувчининг содир этган қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, шунингдек, жиноят бошқа шахс томонидан содир этилганлиги аниқланса ҳамда судланувчига қўйилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилгандан кейин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандида назарда тутилган асосга кўра, судланувчини оқлашлиги кўрсатилган. Суд А. Мамарасуловнинг ҳаракатида Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли, уни Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 1-қисми билан оқлашни лозим топди.
Энди Жиноят кодексининг 168-моддаси 5-қисми мазмун-моҳиятига эътиборни қаратамиз. Гап шундаки, ушбу қонун нормасида «Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди» деб қайд этилган.
Суд юқоридаги қонун талабларидан келиб чиқиб, судланувчига нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда А. Мамарасуловнинг қилмишида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқ деб ҳисоблади, унинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон экани, зарарни қоплагани ҳамда содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олди. Судланувчи А. Мамарасуловга ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланди. У икки йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Ҳаётда ҳамма экканини ўради. А. Мамарасулов ҳам қилмишига яраша жазоланди. У бундан тўғри хулоса чиқарадими ё йўқ — буни вақт кўрсатади…
Нодир РАЖАБОВ,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд тумани суди раиси
Фикр қолдириш