ЕЧИМ ТОПГАН МУАММО: СУД ТАДБИРКОРНИНГ ҲУҚУҚИНИ ҲИМОЯ ҚИЛДИ
Аввало шуни айтиш керакки, 2015 йил Андижон шаҳар марказий деҳқон бозори реконструкция қилиниши муносабати билан шаҳар ҳокимининг 2015 йил 23 июндаги 382-Қ-сонли қарорига мувофиқ, бозор ҳудуди ва унинг атрофидаги бино-иншоотлар белгиланган тартибда бузилганди. Бу бино-иншоотлар орасида «ANDIJON VED» масъулияти чекланган жамиятининг 133,41 квадрат метрдан иборат савдо дўкони ҳам бор эди.
Ушбу бино-иншоотлар бузилган вақтда амалда бўлган Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 26-бандида юридик шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси олиб қўйилган ҳолда аввалгисига тенг қийматли мол-мулк берилиши, етказилган зарар қопланиши белгиланган. Аммо ўша пайтда шаҳар ҳокимлиги томонидан «ANDIJON VED» масъулияти чекланган жамиятига савдо дўкони бузилиши муносабати билан компенсация тўлаб берилмаган. Масъулияти чекланган жамият раҳбари Л. Валиев ўзига етказилган зарарни қоплаб бериш юзасидан бир неча марта ёзма мурожаат қилган бўлса-да, унинг мурожаатлари эътиборсиз қолиб кетган.
Фақат 2018 йилда тадбиркор ва шаҳар ҳокимлиги ўртасида товон пули ўрнига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси қуриш учун 144,0 квадрат метр ер майдони ажратиб бериш бўйича келишув шартномаси имзоланади. Аммо мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги оқибатида ушбу келишув ҳам қоғозда қолиб кетади.
Шундан сўнг Л. Валиев Андижон шаҳар адлия бўлими ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказиниг Андижон вилояти бўлимига мурожаат қилди.
Экспертиза маркази мутахассиси (эксперт) нинг 2022 йил 8 августдаги хулосасига биноан, 144,0 квадрат метр ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқининг таққослаш усулидаги бозор баҳоси 130 миллион 272 минг 548 сўмни ташкил қилган. Шундан сўнг шаҳар адлия бўлими томонидан компенсация пули ва экспертиза харажатларини ундириш юзасидан Қўрғонтепа туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди.
Айтиш керакки, Ер кодексининг 41-моддасида ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг бузилиши натижасида етказилган зарар (шу жумладан, бой берилган фойда) тўлиқ ҳажмда қопланиши белгиланган.
Вазирлар Махкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган «Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 41-бандида кўчмас мулк объектлари бузиб ташланиши муносабати билан мулкдорларга олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати, олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати, кўчириш, шу жумладан, бошқа кўчмас мулк объектини вақтинчалик олиш билан боғлиқ харажатлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг бой берилган фойдаси, қонунчиликда ёки келишувда назарда тутилган бошқа харажатлар ва зарарлар компенсация қилиб берилиши, 45-бандида эса, эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқида тегишли бўлган ер участкаси олиб қўйилган тақдирда ушбу ҳуқуқ эгасига олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлаб берилиши қайд этилган.
Суд юқорида кўрсатиб ўтилган қонуний асосларга таяниб, Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан «ANDIJON VED» масъулияти чекланган жамияти фойдасига 130 миллион 272 минг 548 сўм компенсация тўлови ва 2 миллион 490 минг сўм экспертиза харажатларини ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди. Мазкур тўловни Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича ҳудудий жамғарма маблағи ҳисобидан амалга ошириш белгиланди.
Хуллас, тадбиркорни саккиз йил давомида қийнаб келган муаммо судда қонуний ечимини топди. Зеро, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш судлар зиммасидаги устувор вазифалардан биридир.
Иброҳим ЖЎРАЕВ,
Қўрғонтепа туманлараро
Фикр қолдириш