БАЁНОТ
Anorbank ва Sof.uz ўртасидаги низони кўриб чиқиш бўйича суд жараёни юзасидан
Тошкент туманлараро иқтисодий судида даъвогар “ANOR BANK” АЖ ва жавобгар “KOMIL UNSUR” МЧЖ (SOF.UZ интернет-нашри) ўртасида иқтисодий низо кўрилаётганлигидан хабарингиз бор. Негаки, ушбу низога оид фикр-мулоҳазалар мана бир ойга яқин вақт мобайнида қатор ижтимоий тармоқларда такрор-такрор айланмоқда.
Иш ҳолатига келсак: даъвогар “ANOR BANK” АЖ жавобгар “KOMIL UNSUR” МЧЖ дан тегишли веб-сайт ва Telegram-каналида банкнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларга банкнинг раддиясини чиқариш, YouTube-каналида раддияни эфирга бериш мажбуриятини юклаш хамда 10 000 000 000 сўм ололмай қолинган даромад ҳамда ишчанлик обрўсига путур етказилгани учун 5 000 000 000 сўм маънавий зарар ундиришни сўраган.
Иш суднинг 2022 йил 28 ноябрдаги ажрими билан 2022 йил 15 декабрь куни соат 14:30 да очиқ суд мажлисида кўриб чиқиш учун тайинланган.
Суднинг 2022 йил 28 ноябрдаги ажрими билан даъвогарнинг даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризаси қисман қаноатлантирилиб, даъвони таъминлаш чораси сифатида “KOMIL UNSUR” МЧЖга тегишли мол-мулклари хатлаб қўйилган ва бу ҳаракатлар Мажбурий ижро бюросининг Яшнобод тумани бўлими зиммасига юклатилган.
Суднинг 2022 йил 15 декабрдаги ажрими билан суд мажлисида жавобгар иштирокини таъминлаш, тарафлардан қўшимча ҳужжатларни талаб қилиб олиш ҳамда ушбу иқтисодий ишни ўз вақтида ва тўғри ҳал этилишини таъминлаш учун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Марказий банк ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигидан мутахассислар жалб қилиш мақсадида суд муҳокамаси 2022 йил 26 декабрь куни соат 15:00 га қолдирилган.
Гап шундаки, суднинг 2022 йил 15 декабрдаги мажлиси очиқ суд мажлисида бошланган. Ишда жавобгар вакили иштирок этмаган бўлиб, айни шу суд мажлисида “ANOR BANK” АЖ вакили томонидан низо банк ва тижорат сирига даҳлдор эканлигини асос қилиб, ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш юзасида судга ёзма илтимоснома киритган.
2022 йил 26 декабрь куни суд мажлиси очиқ суд мажлисида бошланиб, даъвогар вакилининг илтимосномаси муҳокамаси якуни бўйича суд ёпиқ суд мажлисида кўрилиши лозимлиги ҳақида ажрим қабул қилинган ҳамда иш тарафлар иштирокида кўрилиб, жавобгар “KOMIL UNSUR” МЧЖ (SOF.UZ интернет-нашри) ишни кейинга қолдириш юзасидан илтимосномаси қаноатлантирилиб, ишни мазмунан кўриб чиқиш учун 2023 йил 6 январь куни соат 15:00 га қолдирилган.
Ушбу ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш учун асос Иқтисодий процессуал кодексининг 11-моддасида белгиланган. Яъни, давлат сирини, тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш зарур бўлган тақдирда ишни ёпиқ суд мажлисида эшитишга йўл қўйилади. Ишни ёпиқ суд мажлисида видеоконференцалоқа воситасида эшитишга йўл қўйилмайди, бундай мажлиснинг аудио- ва видеоёзувлари амалга оширилмайди. Эшитиш ёпиқ суд мажлисида ўтказилган тақдирда ишни электрон шаклда шакллантиришга йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, “Тижорат сири тўғрисида”ги Қонун ҳамда Фуқаролик кодексида тижорат сирига оид нормалар белгилаб қўйилган. Даъвогар томонидан эса банкнинг тижорат сирига оид маълумотлар тақдим этилган.
Бироқ, айрим интернет-нашрлар ва Telegram-каналлар Олий суд ва мазкур ишни кўраётган судьяга нисбатан ҳеч бир асосга эга бўлмаган, судни обрўсизлантиришга қаратилган туҳматдан иборат ахборотларни тарқатмоқда.
Шу ўринда ҳали кўриб тамомланмаган суд иши бўйича ахборот босими орқали туҳмат, ҳақорат ва судга тўғридан тўғри таъсир кўрсатишдан иборат ҳаракатларни ўз манбаларида ифодалаётган “ижодкорлар”га “Судлар тўғрисида”ги Қонун нормаларинини ёддан чиқармасликка чақирамиз.
Мазкур ишни кўраётган судья ҳам айнан қонунчиликда белгиланган тартиб-тамойил асосида ўз ишини олиб бормоқда. Қонун талабига кўра унга кўраётган иши доирасида ҳеч ким топшириқ бера олмайди ва судья ҳеч кимга бўйсунмасдан ишни мустақил равишда кўради!
“Сўз эркинлиги”ни хаспўшлаб, жамиятда судларга ишончсизлик кайфитини уйғотувчи “ёзма асарлар” ва видеохабарлар муаллифларига шуни яна бир бор эслатишни лозим деб топамиз: иш ҳолатларини тушунмасдан туриб, ҳа деганда суд тизимини асоссиз равишда қора қилаверишдан, судьялар номига турли бўҳтонлар ёғдираверишдан кўзлаган мақсадингиз нима? Фуқаролар ўртасида суд тизимига нисбатан норозилик кайфиятини уйғотишдан-чи?
Суд бундай ҳолатни суд ва судья мустақиллиги, даҳлсизлигига очиқдан-очиқ таҳдид ҳамда судга нисбатан босим ўтказишга уриниш деб ҳисоблаб, шу асосда қонун ҳужжатларига мувофиқ чора кўришни сўраб Судьялар олий кенгаши ҳамда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга белгиланган тартибда мурожаат қилишини маълум қилади.
Маълумки, ҳар бир ҳуқуқий демократик давлатда ҳар қандай низо судларда ҳал этилиши табиий ҳолатдир. Шундай экан, ушбу вазиятда тарафкашлик қилиб ёки бошқа бир манфаатларни кўзлаб, судга таъсир ўтказиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлишини эсдан чиқармаслик лозим!
Фикр қолдириш