САЙЛОВЛАР ЮҚОРИ САВИЯДА ЎТИШИ УЧУН МАСЪУЛМИЗ
2019 йил муҳим сиёсий жараёнлари билан тарихда қолади.
Хабарингиз бор, шу йил охирида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.
Ушбу сайловни юқори савияда ташкил этиш, сайловга оид қонунчилик ва сайлов жараёнида вужудга келадиган масалалар юзасидан аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида жорий йилнинг августидан Хоразм вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида “Сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари” мавзусида семинар-тренинг машғулотлари ташкил этилди.
Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби масъул ходимлари жойларда сайлов қонунчилиги, сайлов жараёнларини ўтказишни самарали ташкил этиш мақсадида Хоразм вилоятида олий таълим муассасалари, коллеж ва мактабларнинг профессор ўқитувчилари, вилоят адлия бошқармаси, фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилот, муассасалар ходимлари орасидан ўзаро суҳбат ва танлов асосида тренерларни танлаб олиб, танлаб олинган тренерларни 7-9 август кунлари сайлов қонунчилиги ва сайлов жараёнларига оид билим ва қўникмаларини ошириш юзасидан тренинг машғулотлари ўтказдилар.
Тренингни ўтказишдан кўзланган мақсад – сайловга оид қонунчилик ва сайлов жараёнида вужудга келадиган турли масалалар юзасидан аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти ошириш, ундан кўзланган натижа эса кенг омма ва сайлов иштирокчиларида сайловнинг мазмун-моҳияти, сайловга оид қонунчилик юзасидан билимларини ошириш, сайлов комиссиялари, уларнинг ваколатларини амалда қўллаш кўникмаларини шакллантиришдир.
Шу билан бир қаторда, сайлов жараёни иштирокчиларининг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан назарий ва амалий билимларини мустаҳкамлаш, сайловда овоз берувчилар рўйхатини шакллантириш борасида маълумотлардан тизимли фойдаланиш кўникмаларини ошириш, сайлов участкаларини жиҳозлашга қўйиладиган талабларни ўргатиш асосий вазифа қилиб олинди.
Тадбирда тренерларга муддатидан олдин овоз бериш тартибини тушунтириш, сайлов кунини ўтказиш жараёнини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича билим ҳамда кўникмаларини ошириш, сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилишга оид кўникмаларини ривожлантириш, такрорий овоз бериш ва такрорий сайлов ўтказиш ҳақида тушунчалар бериш, сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликка оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида билимларини мустаҳкамлаш, сайлов участка аъзоларининг мулоқот самарадорлигини ривожлантириш асосий вазифа этиб белгиланган. Тренинг жараёнида интерфаол суҳбат, гуруҳий муҳокамада қатнашиш, вазиятларни таҳлил қилиш, ролли ўйинлар, «ақлий ҳужум», кичик гуруҳларда ишлаш, баҳс-мунозара, психологик ва ривожлантирувчи машқлар ва тақдимот каби педагогик технологиялар орқали турли вазиятларда муаммоларни ҳал қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Тренинг қизғин бахс-мунозараларга бой тарзда ўтиб, унинг якунлари бўйича тингловчиларда сайловга оид қонунчилик ва сайлов жараёнида вужудга келадиган турли масалалар юзасидан зарур билим ва кўникмалар ҳақида тушунча берилиб, сертификатлар топширилди.
Таъкидлаш жоизки, танлаб олинган 50дан ортиқ тренерлар ўқув машғулотларида ўзлаштирган билимлари асосида келгусида ўзлари бириктирлган ҳудудларида сайлов қонунчилиги ва уни ташкил этиш борасида машғулотлар олиб борадилар.
У.Сайдахмедов,
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги
Судьялар олий мактаби доценти в.б.
Фикр қолдириш