“CАЙЁР СУД”НИНГ ФУҚАРОЛАР ҲУҚУҚИЙ ОНГИНИ ОШИРИШДАГИ РОЛИ

Судларимиз томонидан одиллик принципи ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий онгини шакллантириш, жиноятлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида суд мажлислари сайёр тарзда ўтказилмоқда.

Бу каби ижобий ҳолатларни бугунги кунда юртимиздаги барча судлар фаолиятида кўришимиз мумкин. Бундай натижалар суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ижобий ҳосиласи, албатта.

Ҳозирги кунда сайёр суд мажлисининг аҳамияти, тарбиявий жиҳатлари ва ижобий самарасини нафақат ўзимнинг фаолиятимда, балки ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва унинг олдини олишдаги роли бутун маҳаллада сезилганидан сўнг, сайёр суд мажлисларининг ўтказилиши нақадар тўғри фикр бўлганлигини шахсан ўзим гувоҳи бўлдим.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кейинги пайтда сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган бир қанча суд жараёнлари ҳар бир маҳалладаги кўпчиликнинг юрагида ёрқин из қолдирмоқда, десак хато бўлмайди. Ибратли тарафи шуки, бу жараёнлар ҳам бевосита кенг жамоатчилик кўз ўнгида ўтмоқда. Кўпчилик ушбу суд жараёнларидан ўзларига тегишли хулоса чиқариб, катта ҳаёт сабоғини олишмоқда.

Ушбу тадбирларнинг энг самарали жиҳатларидан яна бири, фуқаролар мавзуга оид саволлари ва маҳалла фаолларининг сайёр суд мажлисида кўрилган иш бўйича ўзларининг фикрларини билдириб келишларидир.

Шунингдек, сайёр суд мажлисларини ўтказиш фуқароларимизнинг ҳуқуқий онгини ҳамда уларда суд жараёни ҳақидаги кўникмасини ошишида катта хисса қўшиб келаётганлигини айтиш мумкин.

Бугун бизнинг Сардоба тумани, «Халқобод» маҳалласида жиноят ишлари бўйича Сардоба туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, ахлоқ тузатиш, озодликни чеклаш ва муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоларини ўтаётган 7 нафар шахс жазодан шартли озод қилинди.

Судлар томонидан қайта тарбияланган ҳамда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумларни муддатидан илгари жазодан озод бўлиши каби ишларни сайёр суд мажлисларида кўрилиши, фуқаролар онгида қонунларга бўлган ҳурмат руҳини шакллантиришда ва улар умри давомида ушбу қонун-қоидаларга риоя қилиб яшашда муҳим рол ўйнайди.

Ўйлайманки, ишларнинг сайёр суд мажлисларида ошкора тарзида кўрилиши, судларнинг жамиятдаги ролини, фуқароларимизнинг суд идораларига ишончларини мустаҳкамлашга хизмат қилади ҳамда фуқароларни янада хушёрликка чорлайди.


Улуғмурод Нодиров,
Сардоба тумани «Халқобод»
маҳалла фуқаролар йиғини раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: