КУНДОШ МАКРИНИНГ ҚУРБОНИ

Халқимиз «Ота бўлиш осон, аммо оталик қилиш қийин», деб бежизга айтмаган. Бу ҳикмат, айниқса, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан, яъни алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган оталарга кўпроқ тааллуқлидир.

Бағдод туманида яшовчи Латифжон Ҳайитматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) зиммасидаги оталик мажбуриятини бажармагани ва келгусида ҳам бажармаслик мақсадида мудҳиш жиноятга қўл урди.

Бу жиноятни содир этишда унга иккинчи турмуш ўртоғи Гул­лола Қоби­лова шерик бўл­ди.

Латифжон 2011 йилда Муҳайё Содиқова билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурганида навқирон 21 ёшда эди. Оилада бирин-кетин 2 нафар фарзанд дунёга келди. Аммо турмушларининг иккинчи йи­ли ўзаро келишмовчилик туфайли ёш оиланинг боши жан­жалдан чиқмай қолди. Оқи­батда 2013 йилнинг декабрь ойида улар ажрашиб кетишди. Ҳатто шириндан-шакар фарзандлари ҳам на ота, на онанинг кўзига кўринмади.

Шундан сўнг 2014 йил 21 январда Муҳайёнинг мурожаатига асосан Латифжондан 2 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғ­рисида фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судининг суд буйруғи чиқарилди. Бироқ юқо­рида таъкид­ла­га­нимиздек, ота бўлмиш зиммасидаги мажбуриятни бажармади. Натижада 2019 йил 1 апрелга қадар унинг алимент­дан бўл­ган қарзи 22 260 204 сўмга етди. Худди ўша кезларда, аниқроғи, 2019 йил 18 март куни Л. Ҳайитматов Чексарой маҳалласида яшовчи Гул­ло­ла Қобилова билан шаръий ни­коҳ асосида турмуш қурди. Бу эса, шундоғам фарзандлари учун алимент ундиролмай хуноб бў­либ юрган Муҳайёнинг асабларини қақ­шатиб юборди.

Шу боис, у алиментни ундириб беришни сўраб, Мажбурий ижро бюроси­нинг туман бўлимига мурожаат қилди. Пировардида Бағдод туман маъмурий судининг 2019 йил 18 апрелдаги қарори билан Латифжон Ҳайитматовга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ко­декснинг 474-моддасига мувофиқ 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Лекин Гуллоланинг қистови биланми ёки бош­қа сабабданми, эртаси куни М. Содиқова алимент пулларини тў­лиқ олгани ҳақида тилхат ёзиб бе­ришга мажбур бўлди. Шунга кўра, номард ота қамоқдан озод этилади.

Буни қарангки, 15 суткалик қамоқ жа­зосига тортилиши Латифжоннинг ўзига ҳам, Гуллолага ҳам жуда алам қилганди. Шунинг учун Л. Ҳайитматов қа­моқдан чиққан заҳотиёқ улар биратўла Муҳайёни гумдон қилиш режасини тузишади.

Қисқаси, эртаси — 2019 йил 20 апрель куни «ишга» киришишди.

Жиноий­ режага кўра, дастлаб Г. Қобилова М. Содиқова билан телефон орқали гаплашиб, «Учкўприк автостанция­си» шоҳбекатида учрашишга келишиб олади. Шунга биноан, Муҳайё кеч соат 20:30 ларда кичик қизи Мадинабону билан бирга белгиланган манзилга етиб боради. Аммо унинг қизчаси билан кели­ши­­ни кутмаган Гуллола бироз иккила­ниб қолади. Сўнг у нотаниш таксини тўх­татиб, М. Содиқовани ҳам машинага чиқишини сў­райди. Ҳайдовчи йигит уларни тумандаги транспорт коллежи чорраҳасига элтиб қўя­ди.

Негаки, ўша ерда Г. Қобиловага аввалдан таниш бўлган киракаш Исмоил Зиёдов «Нек­сия-2» автомашинасида кутиб турганди.

— Уч уйдаги уйимизга ҳайданг, — дейди Гуллола Муҳайё ва Мадинабону би­­­­лан бирга автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтиришгач.

Тахминан 200-300 метр юришгач, олдиндан келишувга асосан йўл бўйида уларни кутиб турган Латифжон автомашинага чиқади. Шунда уни кў­риб, М. Содиқова қўр­қувга тушганидан ранги оқариб кетади.

Бувайда тумани маркази Янгиқўрғон ша­ҳарчасига етиб келишгач, Г. Қобилова автомашинани тўхтатади.

— Майда-чуйда олиб чиқаман, — дея у дўконга кириб кетади.

Бироқ Гуллола дўкондан майда-чуйда­ эмас, балки сирка кислотасини олиб чиқади.

— Мана шу сирка билан се­ни ўлдираман, — дейди у автомашинага ўтиргач кундошига. Сўнг эр-хотин кутилмаганда Муҳайёни дўппослашга тушишади. Латифжон эса, И. Зиёдовга автомашинани Олтиариқ тумани Қизилтепа қишло­ғи томонга ҳайдашни буюради. Бу пайтда соат 22:00 га яқинлашиб, бояқиш Мадинабону аллақачон ухлаб қолганди. «Нексия-2» автомашинаси ким­са­сиз дала ҳу­дудидан ўтиб бораётганда эса, Г. Қобилова яна уни тўхтатади. Кейин хўжайини иккаласи М. Содиқовани ав­­­томашинадан тушириб, аввалгидан баттарроқ дўппослашади. Лекин бу уларни қониқтирмайди. Шу боис Л. Ҳа­йитматов Муҳайёнинг қўлини орқа­га қилиб боғлаб бўйнидан бў­ғиб олади. Гул­лола бўлса, сирка кислотасини унинг юзига сепиб юборади.

— Мени кечиринглар, энди ҳаётларингга аралашмайман, — дея йиғлаб ёлвора бошлайди ўлим шарпасини сезган М. Содиқова.

Қолаверса, у ёр­дам сў­раб бақиради. Шунинг учун ҳайдовчи Ис­моил Зиёдовга азбаройи раҳми келганидан эр-хотиндан уни урмасликни илтимос қи­­лади. Натижада зўравонлар Муҳайёнинг қўлини ечиб, юз-қўлини ювдириб, яна машинага ўтқазишади.

— Бағдодга ҳайданг, — деб буюради Латифжон ҳайдовчига. Аммо машина Ширинсув қишлоғига — Катта Фарғо­на ка­нали бўйига етиб борганда, Исмоил Зиёдов соат 23:00 бўлгани ва онаси қўнғироқ қилаётга­нини айтиб, уларни автомашинадан тушириб кетади.

Шундан сўнг Л. Ҳайитматов ва Г. Қобилова яна М. Содиқовани уришда давом этишади. Қо­лаверса, Латифжон Муҳайёнинг қўлини яна орқасига қайириб, рў­мол билан боғлайди. Бечора аёл эса, бундан қўрқиб, яна бақириб юборади. Шунинг учун Гуллола сумкасидаги сочиқчани кундошининг оғзига мажбурлаб тиқиб қўяди.

Охир-оқи­бат Г. Қобило­ва қўлтиғидан, Л. Ҳайитматов оёғидан кўтариб, М. Содиқовани каналга ташлаб юборишади. Шунда Муҳайё жон ҳолатда типирчилаб, қирғоққа яқинлашади. Би­роқ инсоний қиёфасини йўқотган Латифжон тош ва кесаклар отиб, уни чўктириб юборади.

Устамонликни қарангки, эртаси куни Гуллола М. Содиқова вақтинчалик яшаб келган «Мулла Зоир-2» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дадақўзи ўуломовга қўнғироқ қилади.

— Тоға, мен Муҳайёман, — дейди у оқсоқолни алдаб. — Бир катта одамнинг телефонини ўғирлагандим, қўлга тушиб қолдим. Сиз қизимни қутқариб қолинг. Уни Янгибозордаги кў­катчи аёлларга ташлаб кетаман.

Лекин Дадақўзи ака унга савол беришга ҳам улгурмай, алоқа узилади. Би­но­барин, маҳалла оқсоқоли дарҳол «Муҳайё» айт­ган манзилга етиб бо­ради. Аммо ўша рақамга қўн­ғироқ қилса ҳам, «SMS» хабар жўнатса ҳам ҳеч қандай жавоб бўлмайди. Фақатгина орадан бир соат вақт ўт­гач, Мадинабонуни кўкат сотаётган аёллардан бирига қолдиргани ва қизини олиб ке­тишини илтимос қилгани ҳа­қи­да «SMS» хабар келади. У аёл эса, қизалоқ билан бирга уй калити, Муҳайёнинг уя­ли телефони ва сумкасини Д. Ғуломовга беради. Ўз навбатида, Дадақўзи ака М. Содиқованинг телефони хотирасидаги рақамлар орқали отаси Қамариддин Содиқовни топиб, набирасини унга топширади. Орадан 12 кун ўтгач…

2019 йил 3 май куни Муҳайё­нинг мурдаси Катта Фарғона ка­налининг Фур­қат тумани Кармак маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмидан қўллари орқага боғ­ланган ҳолда топилади. Натижада ту­ман прокуратураси ва ИИБ ходимларидан иборат тезкор тергов гуруҳи оёққа туради. Гуруҳ аъзолари биринчи галда марҳуманинг номига расмийлаштирилган уяли телефон рақами ва ундаги сўнг­ги кириш-чиқиш қўнғироқларига эътибор қаратишади. Оқи­батда гувоҳларнинг кўр­сатмаси асосида кўп ўтмай, қабиҳ жиноят фош этилади.

Жумладан, Қўқон шаҳрида жойлашган, халқ тилида Янгибозор деб аталган савдо мажмуасида уяли телефон савдоси билан шуғулланувчи Эгамназар Расулов 2019 йил 23 апрель куни Гуллола «Samsung J2» русумли уя­ли телефонни 390 000 сўмга сотиб кетганини маълум қилди. Ўша телефон М. Содиқованики бўлиб, пулини Латифжон иккиси шахсий эҳтиёжларига сарф­лаб юборишганди.

Шундан сўнг Л. Ҳайитматов ва Г. Қобиловага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона ви­лоят­ суди эса, қотилларни Жи­­­ноят кодексининг 97-моддаси “ж”, “и”, “п”-банд­лари, 169-моддаси 2-қисми «в»-банди билан айбдор деб топиб, узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.

Шунингдек, суд ҳукмида жабрланувчининг отаси Қамариддин Содиқовга айбдорлардан солидар тартибда 7 800 000 сўм моддий ва 15 000 000 сўм маънавий зарар ундириш ҳам белгиланди.

Жиноят иши материалларидан аён бўлишича, Латифжон муқаддам Жиноят­ кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а”, “в”-бандлари (ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб ҳамда бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган талончилик) га мувофиқ, Гуллола эса, ушбу кодекснинг 165-моддаси 2-қисми «в»-банди (бир гуруҳ шахслар то­мо­нидан олдиндан тил бириктириб содир этилган товламачилик) га биноан жиноий жавобгарликка тортилган. Шу­ни назарда тутганда, бу иккала шахс­нинг турмуш қуриши халқимизнинг «Кўр кўрни қо­ронғу­да топади» деган нақлини эслатади. Ам­мо туман ҳо­кимлиги, айниқса, хо­тин-қизлар қўмитаси, профилактика инспектори, маҳалла фуқаролар йиғини ва жамоатчиликнинг лоқайдлиги, уларга нисбатан назоратнинг сусайтириб юборилганлиги оқи­батида муд­ҳиш жиноят юз берганлиги ачинарли.

Беҳзод ЭРГАШЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона вилояти судининг судьяси

Хуршид СУЛТОНОВ,
«Куч – адолатда» мухбири
(“Куч – адолатда” газетаси,
2019 йил 27 декабрь)

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: