БЎЛАЖАК КЕЛИН ТЎЙДАН ОЛДИН ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ

Маълумки, никоҳ тўйи инсон ҳаётидаги энг унутилмас, қувончли лаҳзалардан биридир. Бинобарин, ҳамюртларимиз фарзандларинингникоҳ тўйига йиллар мобайнида тайёргарлик кўришади. Келин ва куёв эса ўзгача тадорик билан бу кунни интиқ бўлиб кутади.

Қибрай туманида яшовчи Нозима Соатова(исм-шарифлар ўзгартирилган) нинг ота-онаси ҳам якунланган 2022 йилда ўзларига маъқул келган совчиларга розилик бериб, нон синдиришди. Аммо Нозима тўйдан олдин ота-онасининг юзини ерга қаратиб қўйди.

Гап шундаки, 2022 йилнинг 8 февраль куни у холалари Жамила ва Ҳалима Неъматуллаева билан бирга Мирзо Улуғбек туманидаги “Ширин” бозорига тўй харажатларини қилиш учун боради. Савдо дўконлари оралаб юришар экан, Н. Соатова атайин холаларидан ортда қолиб кетади. Улар узоқлашгач, Нозима тадбиркор Гулнора Камоловага қарашли 22-дўконда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ичкарига киради.

Сўнг чаққонлик билан стол тортмасида бўлган аёллар сумкасидан нархи 280 000 сўмлик 4 дона флеш-карта, 200 АҚШ доллари, 500 000 сўм нақд пул, “Ипотекабанк” ва “Алоқабанк” томонидан очилган пластик карталарни ҳамда баҳоси 30 000 сўмлик аёллар ҳам­ёнини ўғирлаб, чиқиб кетади. Бироқ жаб­рланувчи ўғирликни ким қилганини билмай қолади.

Орадан бир ҳафта ўтгач – 2022 йил 16 февраль куни тушга яқин Жамила ва Ҳалима опа Нозимани еталаб, яна ўша бозорга боришади. Лекин Г. Камолованинг дўконига яқинлашар экан, бўлажак келиннинг яна нияти бузилади. Аксига олиб, бу гал ҳам Гулнора опа дўконни қаровсиз қолдириб чиқиб кетганди. Айни ҳолат эса ўғри қизга жуда қўл келади.

Оқибатда Нигора Камолованинг стол устида турган сумкасидан нархи 3 500 000 сўмлик “POCO X3 Pro” русумли уяли телефонини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинади.

Шундан сўнг Н. Камолова ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади. Қонун ҳимоячилари бозорга ўрнатилган видеокузатув қурилмалари орқали ўғирликни фош этишди. Оқибатда Нозима Соатовага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди эса “қаҳрамон”имизни Жиноят кодексининг тегиш­ли моддалари билан айбдор деб топиб, озодликни чеклаш жазосига маҳкум этди. Унга жазо тайинлашда жабрланувчига етказилган моддий зарарлар қопланганлиги инобатга олинди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Бўлажак келин оила аталмиш қўрғонини қуриш остонасида жиноятчига айланди. Энди қайнона-қайнотаси ва турмуш ўртоғи уни қандай қабул қилишаркин? Улар пешонасига ўғрилик, судланганлик тамғаси босилган келинга ишонишармикин?..

Санжар АБДУҒАНИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: