ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИГА ЖИНОЯТ ВА МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАР БЎЙИЧА ШИКОЯТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

Ўзбекистон Республикаси Олий судига жиноят ишлари бўйича апелляция тартибида шикоят қилиш тартиби

Жиноят-процессуал кодексининг 497-3-моддасига мувофиқ, Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, шунингдек, Олий суд томонидан биринчи инстанцияда кўрилган иш юзасидан чиқарган ҳукми, ажрими устидан берилган апелляция шикоятларини кўриб чиқади.

Мазкур кодекснинг 497-4-моддасига кўра, апелляция шикояти Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати номига ёзилиб, ҳукм, ажрим эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, 497-11-моддасига мувофиқ, маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи томонидан эса уларга ҳукм кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан 20 кун ичида қарор қабул қилган судга топширилади.

Ушбу муддат ўтказиб юборилган бўлса, ЖПКнинг 497-5-моддасига асосан, апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар, ўтказиб юборилган муддатни узрли деб топиб, муддатни тиклаш ҳақида биринчи инстанция судига илтимоснома билан мурожаат қилиши лозим.

Шикоят бевосита апелляция инстанцияси судига берилган тақдирда, суд ЖПКнинг 497-6-моддасида баён этилган талабларни бажариш учун шикоятни биринчи инстанция судига юборади. 

Олий судга жиноят ишлари бўйича кассация тартибида шикоят қилиш тартиби

ЖПКнинг 498-моддасига мувофиқ, биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек апелляция инстанцияси судининг ҳукмлари, ажримлари кассация тартибида қайта кўрилиши мумкин.

ЖПКнинг 500-моддасига асосан, кассация шикояти бевосита Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.

Агар шикоятда, қуйидаги:

1) оғирроқ жиноят тўғрисидаги қонунни қўллаш зарурлиги;

2) жазони кучайтириш ёки маҳкумнинг аҳволи ёмонлашишига олиб келадиган бошқа ўзгартиришлар;

3) оқлов ҳукмини ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ажримни бекор қилиш тўғрисидаги масалалар қўйилган бўлса, ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг, бир йил ичида ишни кассация тартибида қайта кўришга йўл қўйилади.

Кассация инстанцияси судининг қарорлари, ЖПКнинг 497-19-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра, такроран кассация тартибида қайта кўрилиши мумкин.

Апелляция ва кассация шикояти бериш ҳуқуқига эга шахслар

ЖПКнинг 497-2 ва 499-моддаларига мувофиқ, суднинг ҳукми, ажрими устидан:

маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, жабрланувчи, унинг вакили;

фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари

эса ҳукмнинг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан;

суд томонидан оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили

ҳукмнинг оқлаш сабаблари ҳамда асосларига доир қисми устидан;

ишда тараф бўлмаган шахслар, суд ҳукмининг, ажримининг ўз

ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қисми бўйича шикоят беришга ҳақлидир.

Апелляция ва кассация шикоятига:

иш бўйича қабул қилинган суд қарорларининг суд томонидан тасдиқланган нусхалари;

шикоят  адвокат   ёки  вакил   томонидан   имзоланганда,   вакилнинг

имзолаш  ваколатини тасдиқловчи  ҳужжат (адвокат ордери,  ишончнома, суриштирув ёки тергов органи қарори, суд ажрими) илова қилиниши керак.

Ўзбекистон Республикаси Олий судига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича шикоят қилиш тартиби

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-12-моддасига мувофиқ, кассация шикояти бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади.

Кассация шикояти апелляция инстанцияси судининг қарори чиқарилган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган муддат ўтказиб юборилган бўлса, кассация инстанцияси суди кассация шикояти бераётган шахснинг илтимосномасига асосан, агар уни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, ўтказилган муддатни тиклаш ҳақида ажрим чиқаради.

Кассация шикояти бериш ҳуқуқига:

МЖтКнинг 324-11-моддасига мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича ўзига нисбатан суд қарори чиқарилган шахс, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари, адвокат ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган орган суд ҳужжатлари устидан кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқига эга.

Кассация шикоятига:

иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларининг суд томонидан

тасдиқланган кўчирма нусхалари;

шикоят адвокат ёки вакил томонидан имзоланган ҳолларда, уни имзолашга ваколатини тасдиқловчи ҳужжат (адвокатлик ордери, ишончнома) илова қилиниши лозим.

Агар ушбу ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса, шунингдек, кассация инстанцияси судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан шикоят берилган бўлса, шикоят МЖтКнинг 324-13-моддасида назарда тутилган талабларга жавоб бермаса, иш кассация тартибида кўрилиши лозим бўлмаса, шикоят (протест) белгиланган муддат ўтказиб юборилгач берилган бўлса, шикоятни (протестни) чақириб олиш тўғрисида ариза келиб тушган бўлса, МЖтКнинг 324-14-моддасига асосан кассация шикояти қайтарилади.

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: