ФОШ БЎЛГАН СОХТАКОРЛИК

Тошкентлик Адҳам Комилов (исм-шариф ўзгартирилган) айни куч-қувватга тўлган, илм олиб, хунар ўрганадиган ёшда. Афсуски, у бунинг ўрнига меҳнат қилмай мўмай даромад топиш илинжида жиноятга қўл урди. Ҳаётда бирон-бир фойдали ишнинг бошини тутмаган А.Комилов кўп қаватли уйлар олдида жойлашган автомашиналар тураргоҳидаги“ВАЗ 2105” русумли транспорт воситасига кўзи тушгач, нияти бузилди.

У автомашинанинг давлат рақамини қасддан ечиб олиб, шу атрофдаги ариққа ташлаб юборади. Шундан сўнг автомашинага харидор топиб, уни 560 АҚШ доллари эвазига сотиб юборади. Харидор А. Комиловдан автомашинанинг эгаси кимлиги ва тегишли ҳужжатларни сўраганда, “эгаси вафот этган, жарима майдонидан ўн миллион сўм қарзи бор”, дея ёлғон тўқийди. Аммо орадан бир неча кун ўтгач, автомашинанинг ҳақиқий эгаси автотураргоҳга келганида унинг жойида йўқлигини кўргач, ички ишлар идорасига мурожаат қилади. Суриштирув натижасида ушбу жиноятни А. Комилов содир этгани аниқланди ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди. Суд А. Комиловни Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми «г» банди ва 227-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, унга 4 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Бундан ташқари жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўзганинг ҳақи бошқага ҳеч қачон буюрмайди. Бу ҳаётда кўп бор исботини топган. Демак, ҳаётда фақат ҳалол меҳнат кишини улуғлайди, кўнгилга хотиржамлик бағишлайди. Тўғри йўлдан оғиш эса, ҳеч қачон жазосиз қолмайди.

Аброр Саидов,

жиноят ишлари бўйича

Олмазор тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: