МУЛК ҲУҚУҚИ ДАХЛСИЗ БЎЛИБ, ҚОНУН БИЛАН ҚЎРИҚЛАНАДИ
Маълумки, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Аммо бу ўзга шахслар ёки жамият манфаатларига дахл қилмаслиги керак. Ўзга шахслар ҳамда жамият манфаатларини таъминлаш максадида давлат мулк хуқуқи чекловини белгилайди. Асосий қонунимиз ҳамда амалдаги Фуқаролик кодексининг 172-моддасида белгиланган талаблардан келиб чиқиб, Ер кодексининг 42-моддаси-да назарда тутилган мақсадларда мулк ҳуқуқи чекланаши мумкин.
Ер участкасига нисбатан мулк хуқуқини чеклаш ер участкасидан фойдаланиш ҳамда тасарруф этиш хуқуқини чеклашга бўлинади. Улар ўзаро ер участкасининг белгиланган мақсади ва субъектларига қараб мулк хуқуқини чеклашда фарқланади.
Ер кодексининг 39-моддасига биноан, ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори ер участкасида ундан фойдаланиш мақсадига мувофиқ мустақил хўжалик юритиш ҳуқуқига эга. Яъни ер участкалари юридик ва жисмоний шахсларга қонунда белгиланган мақсадларда берилади ҳамда ер участкаси эгаси, фойдаланувчиси, ижарачи ёки мулкдори ўзига тегишли бўлган ер участкасидан фақатгина ана шу қатъий мақсадларда фойдаланиши лозим.
Қонун талабига зид равишда ер участкасининг эгаси, фойдаланувчиси, ижарачиси ундан бошқа мақсадларда фойдаланса, ерга эгалик, фойдаланиш, ижарага олиш ҳуқуқлари бекор қилинади. Ерга нисбатан мулк ҳуқуқини чеклаш мулк ҳуқуқининг мазмуни доирасидан четга чиқмайди ва унинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, ер участкаларини давлат манфаатларини кўзлаган ҳолда олиб қўйиш тартиби қонунчилигимизда аниқ белгиланган.
Хусусан, Ер кодексининг 37-моддасига асосан ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишинча, шаҳар, вилоят ҳокими ёхуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан олиб қўйилади.
Мулк дахлсизлиги фақатгина етарли асослар бўлганда жамият ва халқ манфаатлари учун национализация, реквизиция, мусодора қилиш орқали чекланади. Мулк национализация қилинаётганда озчиликнинг манфаатига қараганда кўпчиликнинг манфаати бутунлиги таомиллардан келиб чиқилади ва камчиликнинг манфаатини кўпчилик томонидан муайян маблағ ҳисобига қопланиши лозим бўлади. Бу мулк дахлсизлиги ҳеч қачон изсиз кетмаслигининг далилидир.
Фикримизни фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом тумани суди томонидан кўрилган бир иш мисолида давом эттирамиз. Даъвогар А. З. Пастдарғом тумани ҳокимлигига нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, ўзига тегишли бўлган савдо дўкони 2010 йилда Пастдарғом тумани ҳокимлиги томонидан бузиб ташлангани ва ҳозирга қадар етказилган зарар қопланмагани сабабли уни ундириб беришни сўраган.
Суд мазкур фукаролик иши бўйича мулкнинг бозор нархига аниқлик киритиш борасида судга оид қурилиш экспертизаси тайинлади. Экспертиза хулосасида мулкнинг бозор баҳоси 164 миллион 582 минг 755 сўмга тенг экани қайд этилган.
Суд даъвогарнинг бузилган савдо дўконини таъмирлаш-тиклаш учун иш лойиҳасини тузиш мақсадида бир миллион 600 минг, суд қурилиш экспертизаси ўтказиш учун 844 минг, адвокат хизмати учун бир миллион, даъво ариза тақдим қилиш жараёнида 2 миллион сўм давлат божи тўланганини инобатга олган ҳолда Пастдарғом тумани ҳокимлиги ҳисобидан даъвогарга етказилган зарарни ундириш борасида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Бу мамлакатимизда мулк ҳуқуқи дахлсиз экани ва у қонун билан қўриқланишининг ёрқин исботидир.
Алмос БОЛТАЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Пастдарғом тумани
суди раиси
Фикр қолдириш