ТУЗОҚ

Интернетнинг сарҳади кенг — унинг кўмагида ер шари аҳолиси бир-бири билан бемалол мулоқотга киришиши, ғойибона қўл бериб, ўзаро дўстлик, биродарлик, ҳамкорлик ришталарини боғлаши мумкин. Унда бир-бири билан эзгу орзу йўлида дўст тутинганлар билан бир қаторда ёвуз ниятда ҳаракат қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Қуйидаги мисол бунинг ёрқин исботи.

Хивалик Жавоҳир Маҳмудов 2018 йил (исм-шарифлар ўзгартирилган) ижтимоий тармоқлар орқали хорижда яшайдиган бир киши билан танишиб, у билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди. Аниқроқ айтганда, хорижий виртуал шерик Жавоҳирни жаҳон глобал ахборот тармоғининг Molekulabet 24.com веб-сайти орқали спорт ўйинларига пул тикиш ва фойда олиш йўлларига оид йўл-йў­риқлар билан таништирди. Бу Жавоҳирга мойдек ёқиб тушди. У тезда «Интеллект-Хива» хусусий корхонасини очиб, Molekulabet 24.com веб-сайти орқали онлайн қимор ўйинларини ташкил этди. Гарчи бу қонунчиликка зид бўлса-да, электрон қиморнинг имкониятлари катта эканидан фойдаланган Жавоҳир электрон спорт ва қимор ўйинларига пул тикиш, мусобақа якунларини олдиндан тўғри башорат қилганларни пул ютуқлари билан тақдирлаш билан боғлиқ қизғин фаолиятга киришди. Электрон мусобақа якунларини олдиндан башорат қилгани учун берилиши зарур бўлган ютуқдан ташқари алоҳида суперютуқ ҳам жорий этиб, ғолиб чиққан қатнашчини тақдирлаш учун янги «Спарк» ма­шинасини ўйинга тикди. Ютуқнинг 75 миллион сўмлик қисми хорижлик «ҳамкор» томонидан қопланди. Супер­ютуқни урганчлик Беҳзод исмли шахс ютиб олди, бироқ уни топиш «имкони» бўлмагани учун автомашина топширилмади.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, электрон қимор биргина спорт ўйинларига пул тикиш ва унинг даромадини ўзлаштиришдан иборат бўлмаган. Унда турли усуллари ишга солинган. Талабгорларга катта-катта миқдордаги пул ютуқлари таклиф қилинган. Ўйин шартига мувофиқ ҳар бир қатнашчи электрон қи­морхона эгасига 100 АҚШ доллари тўлаши шарт бўл­ган.

Ташкилотчи ушбу пул эвазига мижознинг телефонига Molekulabet24.com веб-сайтини юклаб, унга логин-пороль ва «ID» рақамини тақдим этган.

Башарти ютуқ чиқса, унинг 10 фоизини чегириб қолган ҳолда мижозга нақдлаштириб берилган.

Ошиғи олчи келган айрим мижозлар дастлаб 100-200 АҚШ доллари миқоридаги ютуқни ютиб олишга муваффақ бўлишган. Бу уларни яна онлайин қимор ўйнашга ундаган.

Фаолияти шу тарзда кенгайиб борган Жавоҳир синфдоши Мурод Нарзуллаевни ўзига шерик қилган. Олий маълумотли бу кимса Жавоҳирга қа­рашли корхонада компьютер хизматларини кўрсатиш билан шуғулланиб, электрон тарзда амалга оширилган қимор ўйинларини бошқарган. Мў­май фойда олишни кўзлаб қимор ўйнаганларнинг сони тобора ошиб бораверган. Буни дастлабки тергов ва суд муҳокамасида гувоҳ ва жабрланувчиларнинг берган кўрсатмалари ҳам яққол тасдиқлайди. Масалан, И. Каримовнинг айтишича, 60 миллион сўм­дан ортиқ пулни электрон қиморда ютқазган. Яна бир иштирокчи У. Султонов бошида 200 минг доллар ютуққа эга бўлган. Аммо яна ўйинга берилгани оқибатида 187 минг АҚШ доллари ва 250 миллион сўмни ютқазган. Бундан ҳам кўзи очилмаган ашаддий қиморбоз Урганч Марказий буюм бозорида жойлашган 2 та дўкони, бир нечта автомашина, чорва фермаси ва турар жой биносини ҳам сотиб, пулини қи­морга тиккан ва яна ўйинни бой берган.

Бундан ташқари Б. Жуманиёзов 181 минг, Ж. Отажонов 23 минг 700 доллардан айрилган. Уларнинг айтишича, ўйин фақат Жавоҳирнинг ютуғи кўз­ланган ҳолда ташкил қилинган бўлиб, компьютерлар хотирасига унинг манфаати учун ишлайдиган дас­турлар киритилган.

Ютиб олинган катта миқдордаги пулларнинг бир қисми Жавоҳирнинг чет элдаги ҳамкор ва ҳомийлари чўн­тагига бориб тушган. Агар ҳақи тўланмаса, улар халқаро ташкилотга қарашли бўл­ган ва унинг махсус назоратида сақланувчи логин-пароль ва «ID» рақамини Жавоҳирга бермаган бўлишарди.

Электрон қимордан жабрланганлар сони жуда кўп. Аён бўлишича, А. Абдолов 6 минг 500, А. Абдуллаев 26 минг 700, О. Отаев 23 минг 700, Э. Исмоилов 23 минг 700, Б. Ражабов 8 минг, Э. Исмоилов 10 минг, Ж. Ражабов 3 минг 500 АҚШ доллари, А. Отабоев 1 миллиард, М. Отажонов 150 миллион, Ж. Ражабов 120 миллион, Б. Ражабов 70 миллион, Ж. Қурбонбоев 32 миллион сўмни ют­қазишган. Умуман айтганда, ушбу электрон қимор ўйинида 203 миллион АҚШ доллари ва 2 миллиард 236 миллион сўм ўйналган бўлиб, уларнинг бир қисми хориждаги ҳамкорларнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказилган, озгина қисми ютуқ тарзида мижозларга улашилган, яна бир қисми ходимларга иш ҳақи сифатида берилган. Ушбу пул маблағининг катта қисми ўйин ташкилотчилари ҳисобида қолган. Унга Жавоҳир қўша-қўша уй, машина ва бош­қа мулклар сотиб олган.

Тергов жараёнида Molekulabet 24.com веб-сайтининг Урганч, Жиззах, Бухоро, Андижон, Навоий, Термиз, Са­мар­қанд, Қарши, Гулистон, Наманган, Фарғона, Нукус шаҳарларида 27 та шохобчаси фаолият кўрсатгани маълум бўлди.

Суд жиноят ишидаги ҳужжатларни синчиклаб ўрганиб чиқиб, ҳар бир ҳолатга қонуний баҳо берди. Ж. Маҳмудовнинг қи­мор, казино ва бошқа таъ­қиқланган ўйинларни ташкил этиш ва амалга ошириш, валюта қимматликларидан қо­нунга хилоф равишда фойдаланиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш борасидаги ноқонуний фаолияти Жиноят кодексининг тегишли моддалари бў­йича малакаланиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Бундан ташқари унинг уйи ва ишхонасидан ашёвий далил сифатида олинган 682,2 миллион сўм, 36 минг 482 АҚШ доллари, 30 минг Россия рубли, 200 минг Қозоғистон тенгеси давлат ҳисобига ўтказилди. 4 та турар жой, 2 та автомашина жиноят қуроли деб топилди ва давлат фойдасига мусодара этилди.

Судланувчи М. Нарзуллаевга оилавий шароити инобатга олинган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Суд муҳокамасида таъқиқланган ва жамоат учун зарарли деб топилган ўйинларда мижоз сифатида иштирок этган шахсларга оид масалага ҳам ойдинлик киритилди. Суд таъқиқланган қи­мор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларда қатнашган И. Каримов, У. Султонов, А. Абдолов, Э. Исмои­лов, Ж. Отажонов, М. Отажонов, О. Отаев, Б. Ражабов, Ж. Ражабов, Б. Жуманиёзов, Ж. Қурамбоев, А. Отабоев ва А. Абдуллаевни жабрланувчи сифатида эътироф этишни рад этди. Улар ноқонуний ўйинга тиккан пулларидан маҳрум бўлишди.

Бир гуруҳ осон даромад топишни мақсад қилган кимсаларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ана шу тариқа аянч­ли якун топди. Улар ижтимоий тармоққа қўйилган тузоққа тушишди. Бунга биров эмас, ўзлари сабабчи бўлишди. Нафс қутқуси уларни шу кўйга солди. Бундан бошқалар ҳам тегишли хулоса чиқариши талаб этилади. Чунки бу офат янги қурбонларни кутиб турибди. Унинг тузоғига тушиб қолмаслик учун ҳаётга очиқ кўз билан қараш ва хавф-хатарнинг олдини олиш зарур. Бунда жамоатчилик назорати муҳим аҳамиятга эга. Шу боис бу борадаги ишларни жонлантириш ҳаётий заруратдир.

Бунёд Ёқубов,

жиноят ишлари бўйича

Урганч тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: