СОХТА ХАБАРЛАР ФИРИБГАРНИНГ ҲИЙЛАСИ БЎЛИБ ЧИҚДИ
Нуроталик Шаҳрибону Шокирова (исм-шарифлар ўзгартирилган) Навоий шаҳрига бориш учун такси қидираётганда ёнига «Лада ларгус» русумли автомашина келиб тўхтади. Ўзини Шоира деб таништирган автомашина соҳибаси билан йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетишди. Шаҳрибону гап орасида қирқ уч ёшга кирган бўлса-да, ҳали турмушга чиқмагани, қишлоқда кекса онаси билан ёлғиз яшашини айтганида, бу соддадиллиги ўзига жуда қимматга тушишини хаёлига ҳам келтирмаган эди.
Гап шундаки, ўтган йилнинг октябрь ойида Шаҳрибону яна вилоят марказига йўл олади. Бу гал ҳам Шоирага дуч келади. Йўлдаги ўзаро суҳбат давомида Шоира унга Навоий шаҳрида яшовчи Насриддин исмли танишига турмушга чиқишни таклиф қилади.
Шоира Насриддиннинг тақводор ҳожи экани, бой-бадавлатлиги, Навоий ва Тошкент шаҳарларида уйлари, вилоятда кўплаб дўконлари борлиги, қўшни Қозоғистондан кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келишини оғзидан бол томиб таъриф-тавсиф қилади.
— Тунов куни сиз ҳақингизда Насриддин акага айтгандим, қизиқиб қолди, — дейди у. — Мана, телефон рақами ёзилган қоғозни олиб қўйинг, ўзи сизга қўнғироқ қилади…
Орадан кўп кун ўтмай Шаҳрибонунинг қўл телефонига Насриддиндан электрон хабар келиб тушди.
Шаҳрибонунинг кўнглида умид ва илинж уйғонди. «Яхши одам бўлса, бахтим очилиб кетар, «ўтирган қиз ўрнини топар» дейишган-ку», деган фикрни хаёлидан ўтказгач, Насриддинга нисбатан ишончи ортди. Шундан сўнг Насриддин деганлари ҳам ҳар икки-уч кунда хабар жўнатишни канда қилмай қўйди. Шаҳрибону бора-бора уларни орзиқиб кутадиган бўлди. Шундай кунларнинг бирида Шоира қўнғироқ қилиб, кўнглида уйғонган умид учқунларини янада алангалатиб юборди. «Тошкентга борамиз, — деди у. — Насриддин ака учрашувга келинглар, Шаҳрибону билан танишайлик деб қўнғироқ қилди».
Шундан сўнг иккови пойтахтга йўл олишади. Бироқ бахтга қарши Насриддин билан учрашишнинг иложи бўлмайди. Тижорат сафари билан Қозоғистонга кетган Насриддин ушланиб қолгани учун танишув ортга сурилади. Орадан бир ҳафта ўтгач, бу ҳол яна такрорланади.
Бу Шаҳрибонуда шубҳа уйғотгани сабабли Насриддиндан ҳафсаласи пир бўлади.
Шу йилнинг январь ойи бошида Шоира кутилмаганда яна Шаҳрибонуни йўқлаб қолди. Насриддин паспортини йўқотгани, шу сабабли телефонига сим карта сотиб ололмаётганини айтиб, Шаҳрибонунинг номига иккита телефон рақами сотиб олдиради. Шундан сўнг Шаҳрибону ўзи олиб берган сим карта орқали Насриддин билан электрон шаклда мулоқот қилиб туради.
Ўн тўртинчи январь куни Шоира Шаҳрибонуникига келиб, «Ватан ҳимоячилари куни»га Насриддинга совға олиб беришни сўрайди. Шунда Шаҳрибону «У одамни кўрмаган бўлсам, қандай қилиб совға бераман», дея ҳайрон бўлади. Шоиранинг «Насриддин 8 март куни сенга ҳам совға қилади», деган гапини эшитгач, эркаклар атирини сотиб олиш учун Шоирага 200 минг сўм беради.
Орадан ўн кун ўтгач, Шоира яна Шаҳрибонуга учрашиб, Насриддинга четдан товар олиб келиш учун озроқ пул кераклигини маълум қилиб, унга ёрдам бериш зарурлигини айтади. Шоира уни шундай аврайдики, бунга лаққа ишонган Шаҳрибону бир бош ҳўкизини сотиб, 2 миллион 300 минг сўмни берворади. Бир ҳафтадан сўнг Шоира яна пул сўраб келади. Шаҳрибону пули йўқлигини айтади. Шунда Шоиранинг «Агар ҳозир пул топиб бермасанг, Насриддиннинг сенга бўлган ишончи йўқолади, оила қурганингдан кейин бутун бойлигини қўлингга топширмоқчи» деганини эшитгач, акасидан 2 миллион 400 минг сўм қарз олади ва уни Шоирага беради. Бироқ бу билан ҳам Шоиранинг талаби тўхтамайди.
Шаҳрибону январь ойининг охирида икки бош сигирини 10 миллион сўмга сотиб, пулини Шоирага тутқазишга мажбур бўлади.
Шоира катта миқдордаги маблағни қўлга киритгач, Шаҳрибону билан алоқани бутунлай узади. Қолаверса, Насриддин ҳам электрон хабар ёзишни тўхтатади. Умидлари чиппакка чиққач, Шаҳрибону Шоирага қўнғироқ қилиб, пулни қайтаришни сўрайди. Шоира Насриддин опасининг юрагини даволатиш ташвиши билан юрганини айтиб, уни аврашга тушади.
Кунларнинг бирида нотаниш киши Шаҳрибонуга қўнғироқ қилиб, ўзини Насриддинман дея таништиради ва «Пулингни мен олганман, Шоира ўртадаги почтачи эди. Пулинг бахтингдан устунми, уч-тўрт кунда қайтараман, опамни уйингга совчиликка юбораман», дейди.
Вақт шу зайлда ўтиб борар, аммо пулдан ҳам, совчилардан ҳам дарак йўқ эди. Шунда Шоира Насриддиннинг опаси жарроҳлик амалиётидан сўнг вафот этгани учун хайрли иш орқага сурилаётганини маълум қилади.
Шундан кейингина Шаҳрибонунинг кўнглида темир ҳалқадек бир-бирига боғланиб кетаётган воқеаларга нисбатан шубҳа уйғонади. У мобиль алоқа компаниясида ўзининг номига олиб берган телефон рақамининг кириш-чиқиш қўнғироқлари рўйхатини олганда, ушбу телефон рақамидан фақат ўзига таниш бўлган кишиларга ҳам қўнғироқлар бўлганидан хабар топади.
Шоира бу рақамни ўзи ишлатиб, Шаҳрибонуни алдаб юргани, Насриддин исмли шахс аслида бўлмагани, қўнғироқ қилган киши бошқа экани ойдинлашади. Кечикиб бўлса-да, ақл-ҳушини йиғиб олган Шаҳрибону ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат этади.
Суриштирув ва тергов чоғида Шоира Мирзаолимова турмушга чиқиш истагида юрган Ш.Шокировани аслида мавжуд бўлмаган Насриддин исмли танишига турмушга чиқишини таклиф қилиб, алдов йўли билан унинг 14 миллион 700 минг сўмини қўлга киритгани аниқланади.
Яқинда бўлиб ўтган суд мажлисида Шоира Мирзаолимова айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлик билдирди. Етказилган моддий зарарни қоплагани, айни пайтда ҳомиладор эканини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўради.
Суд Шоира Мирзаолимовага нисбатан жазо тайинлашда айбига иқрор ва чин кўнгилдан пушаймонлиги, аёллиги ва ҳомиладорлиги, етказилган зарарни қоплагани, шунингдек, жабрланувчининг даъвоси борлигини эътиборга олган ҳолда унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, алдов ва фирибгарликнинг умри қисқа. Чунки ўзганинг мулки ҳеч қачон бошқага буюрмади. Қолаверса, ортиқча ишонувчанлик ҳам инсонга наф келтирмайди. Баён этилган воқеа тафсилотлари бунинг исботидир.
Суюн БЎТАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Хатирчи тумани суди раиси,
Абдуҳамид Худойбердиев,
журналист
Фикр қолдириш