УЧ ЙИЛ «КЕЧИККАН» КОМПЕНСАЦИЯ: СУД ТОМОНИДАН УНДИРИБ БЕРИЛДИ
Айтиш керакки, Риштон туманидаги «Автошоҳ-бекат» масъулияти чекланган жамияти қарийб 20 йилдан буён туман аҳолисига транспорт хизмати кўрсатиб келмоқда. Фақат кейинги йилларда ушбу корхона фаолиятида бир муаммо кўндаланг турганди. Яқинда судда ана шу муаммо ўз ечимини топди.
Гап шундаки, туман ҳокимининг 2019 йил 13 майда қабул қилинган 2852-сонли қарорида туман маркази қиёфасини тубдан ўзгартириш мақсадида бир қатор тадбиркорлар ва хўжалик юритувчи субъектлар жойлашган бино-иншоотлар бузилиши белгиланади. Жумладан, бузиладиган бино-иншоотлар орасида «Автошоҳбекат» масъулияти чекланган жамиятига тегишли бино ҳам бор эди. Қисқаси, ўшанда корхонанинг 553,01 метр квадрат ер майдони давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинади.
Натижада ана шу майдонда жойлашган бино-иншоотлар ҳам бузиб юборилади. Кейинчалик, аниқроғи, Фарғона шаҳридаги «Континент имкон баҳо» масъулияти чекланган жамиятнинг 2019 йил 26 августдаги 362-сонли хулосасига кўра, автошоҳбекатнинг бузилган мулклари 450 088 446 сўмга баҳоланган. Бироқ орадан уч йил ўтган бўлса-да, компенсация пули берилмай келинаётганди. Корхона раҳбари М. Дадаевнинг бу борадаги мурожаатлари жавобсиз қолаверди. Бинобарин, мулкдор ушбу масалада амалий ёрдам сўраб, Риштон тумани адлия бўлимига мурожаат қилди.
Бош қомусимиз — мамлакатимиз Конституциясининг 53 ва 54-моддаларига биноан, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин. Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.
Бундан ташқари Фуқаролик кодексининг 164-моддасида «Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир» дея қайд этилган. Шу боис адлия бўлими томонидан масъулияти чекланган жамият манфаатини кўзлаб, Риштон туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, масъулияти чекланган жамиятга тегишли бино-иншоотлар бузилган пайтда амалда бўлган Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида»ги Низом 26-бандида юридик шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси олиб қўйилган ҳолда унга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк берилиши ҳамда ер участкаси давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учyн олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарар қопланиши белгиланган. Бинобарин, суд иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни ўрганиш ва ишни мазмунан тўғри ҳал қилиш мақсадида суд-қурилиш экспертизаси тайинлади. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Наманган вилояти бўлимининг 2022 йил 30 июндаги хулосасига асосан «Автошоҳбекат» масъулияти чекланган жамияти бино ва иншоотларининг бозор баҳоси 2019 йил 3 май ҳолатига кўра, 674 797 171 сўмни ташкил этган. Шунинг учун Риштон туманлараро иқтисодий суди туман ҳокимлигидан масъулияти чекланган жамият фойдасига 674 797 171 сўмни ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди.
Кези келганда шуни эътироф этиш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда мулкдорлар қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш мақсадида бир қатор муҳим ҳуқуқий асослар яратилди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашнинг янги механизми жорий этилди. Яъни Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма ташкил қилинди. Шунингдек, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйишда жамғарма билан мажбурий тарзда келишиш тартиби жорий этилди. Қолаверса, 2018 йил 26 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг 1047-сонли қарори билан «Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармалар маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланди. Бу ҳуқуқий асосларнинг барчаси мулкдорларнинг қонуний манфаатлари кафолатини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Умиджон ЭРГАШЕВ,
Риштон туманлараро
иқтисодий суди раиси
Фикр қолдириш