ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ
2021 йил 27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва судьялари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Судьялар ассоциацияси, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳам видеоконфренцалоқа режимида иштирок этди.
Олий суд раиси К. Комилов бошқарган мажлисда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар, аввало, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоясини амалда таъминлаш орқали уларнинг суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни амалга оширилишнинг процессуал тартибини такомиллаштириш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”, “Терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”, “Маъмурий ишларни кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти”, “Фуқаролик ишларини кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”, “Иқтисодий ишларни кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”, “Жиноят ишларини кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгашининг таркибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари лойиҳалари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда мамлакатимизда фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Шу муносабат билан аҳолининг соғлиғини сақлаш, жисмонан соғлом, ақлан баркамол авлодни тарбиялаш учун қўшимча имкониятлар ва шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, дори воситалари, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар муомаласини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш орқали уларнинг ноқонуний айланишининг олдини олиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2019 йил 6 сентябрдаги “Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги 782-сонли қарори билан заҳарли моддаларнинг, 2019 йил 27 сентябрдаги 818-сонли қарори билан кучли таъсир қилувчи моддаларнинг рўйхати тасдиқланди. Бироқ олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва мустаҳкамлашга, баркамол авлодни тарбиялашга тўсқинлик қилувчи айрим турдаги жиноятлар сони сезиларли даражада ортиб бораётгани ғоятда ачинарлидир. Хусусан, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомаласи билан боғлиқ ҳолда содир этилаётган жиноятлар шундай ижтимоий хавфли қилмишлар тоифасига киради. Албатта бунинг учну Жиноят кодексининг 251-1-моддасида жиноий жавобгарлик белгиланган. Судлар томонидан 2019 йилда кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноят ишлари кўрилмаган бўлса, 2020 йилга келиб, ушбу тоифадаги қилмишлар билан боғлиқ жами 213 нафар шахсга нисбатан 138 та жиноят иши кўриб чиқилган, шундан 186 нафар шахсга нисбатан 124 та ёки 87,3 фоиз айблов ҳукми чиқарилган; судланганларнинг 86 нафари ёки 46,2 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар, 98 нафари ёки 52,7 фоизини 60 ёшгача бўлган шахслар ташкил этади. Бу эса, мазкур тоифадаги жиноятларни содир этган шахслар ва уни муомалага киритишдан манфаатдор томонларнинг жиноятларни яширишга қаратилган ҳамда олдиндан пухта режалаштирилган ҳолда ҳаракат қилганидан далолат беради. Шу муносабат билан Жиноят кодексининг “Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик” учун жавобгарлик белгиланган 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) га жиноий таъқибнинг таъсирчанлигини ошириш борасида Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 25 августдаги қонуни билан қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Қонунчиликка бундай ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, шунингдек, суд амалиётида ушбу тоифадаги жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўриш чоғида айрим масалалар юзага келганлиги Олий суд Пленумининг “Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорини қабул қилишни тақозо этди. Мазкур қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда, аввало, ушбу тоифадаги жиноят ишларини кўриш бўйича суд амалиёти умумлаштирилди, амалда бўлган Олий суд Пленуми қарорлари, Жиноят кодекси, шунингдек, дори воситалари, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар муомаласини ҳуқуқий тартибга солиш билан боғлиқ қонун ва қонун ости ҳужжатлари ўрганиб чиқилди. Ушбу Пленум қарорида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноят ишларини кўриб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар борасида тушунтиришлар берилган.
Жамиятда барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни қарор топтириш демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг ҳамда мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур тоифадаги жиноий қилмишлар домига ёшлар тушиб қолаётганлиги ғоятда ташвишланарлидир. Хусусан, Олий суд томонидан 2016 – 2020 йиллар ҳамда 2021 йилнинг ўтган олти ойи мобайнида судлар томонидан кўрилган терроризмни молиялаштиришга оид ишлар умумлаштирилган. Аниқроқ айтганда, шу давр мобайнида кўрилган ишлар бўйича жами 62 нафар шахс судланган бўлиб, уларнинг 18 нафари ёки 29 фоизи 18 ёшдан 30 ёшгача, 43 нафари ёки 69,4 фоизи 31 ёшдан 60 ёшгача, 1 нафари ёки 1,6 фоизи 60 ёш ва ундан юқори ёшдаги шахслардир. Шунингдек, судланганларнинг 2 нафари ёки 3,2 фоизи аёллар ҳисобланади. Ушбу тоифадаги ишларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, судланган шахсларнинг 41 нафари ёки 66,1 фоизи жиноий қилмишни террористик ташкилот, уларнинг вакиллари ёки унга алоқадор шахсларга пул маблағларини тақдим этиш ёки уларнинг ҳисобрақамларига пул кўчириш йўли билан содир этган бўлса, 21 нафари ёки 33,9 фоизи уларнинг молиявий харажатларини қоплаш йўли билан содир этган. Терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбланиб, судланган шахсларнинг асосий қисми пул ишлаш мақсадида хорижий давлатларга борган шахслар ҳисобланиб, жами 62 нафар шахснинг 43 нафари ёки 69,4 фоизи жиноий қилмишни хорижий давлат ҳудудида содир этган. Суд амалиётида экстремизмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноий қилмишлар Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан квалификация қилинади. 2016 – 2020 йиллар ҳамда 2021 йилнинг 1-ярми давомида мазкур тоифадаги жиноятларни содир этганлиги учун жами 9 нафар шахс судланган бўлиб, 5 нафари ёки 55,6 фоизини 18 ёшдан 30 ёшгача, 4 нафари ёки 44,4 фоизини 31 ёшдан 60 ёшгача бўлганлар ташкил этган. Эътиборли жиҳати, судланганларнинг асосий қисми, яъни 8 нафари ёки 88,9 фоизи жиноий қилмишни хорижий давлат ҳудудида туриб содир этишган. Терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари суд амалиётида ушбу тоифадаги жиноят ишларини кўришда ягона амалиётни шакллантириш юзасидан айрим масалалар бўйича тушунтириш бериш лозимлигини кўрсатди. Шу муносабат билан “Терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги Пленум қарорини қабул қилиш зарурати туғилди. Мазкур қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда ушбу тоифадаги жиноят ишларини кўриш бўйича суд амалиётини умумлаштиришдан ташқари Жиноят кодекси, Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 15 декабрдаги “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги, 2018 йил 30 июлдаги “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунлари, шунингдек мазкур масалалар билан боғлиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари ўрганиб чиқилди. Ушбу Пленум қарорида терроризм ва экстремизмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноят ишларини кўриб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар борасида тушунтиришлар берилди.
Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан олиб борилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини тўла-тўкис таъминлаш борасида суд қарорларини қайта кўриш институти янада такомиллаштирилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги бешта қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотининг мантиқий давоми бўлди. Ушбу қонунлар, таъбир жоиз бўлса, янги Ўзбекистон суд тизимини тубдан янгилашнинг навбатдаги муҳим ва юксак босқичига қадам қўйилганидан далолатдир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган қонунларнинг барчаси суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш тартибини илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштиришга хизмат қилади. Мазкур қонунларда фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанцияларини ислоҳ қилиш, назорат тартибида иш юритиш институтини бекор қилиш, прокурорнинг айбловдан воз кечишининг ҳуқуқий асослари ва процессуал тартибини белгилаш назарда тутилди. Шунинг баробарида 2021 йил 12 январда тугатилган назорат инстанцияси тизими суд ишларининг йиллаб ўз ечимини топмасдан, фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлганини ҳам холислик нуқтаи назаридан очиқ-ошкора айтишимиз керак. Қолаверса, назорат инстанцияси тизими халқаро амалиётга ҳам зид эди. Шу маънода, Президентимиз томонидан “бир суд – бир инстанция” тамойили илгари сурилгани юқорида санаб ўтилган салбий жиҳатларни бартараф этишда муҳим омил бўлди. Бу ташаббус, биринчидан, суд қарорларини қайта кўриш тизимида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларнинг ҳал қилинишига кучли туртки берган бўлса, иккинчидан, ушбу тизимнинг тубдан қайта кўриб чиқилишига асос яратди. Давлатимиз раҳбари илгари сурган “бир суд – бир инстанция” тамойилига кўра, эндиликда, биринчидан, халқаро андозаларга мос равишда уч босқичли – биринчи, апелляция ва кассация инстанциялари тизими яратилди.
Иккинчидан, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ тугатилди. Вилоят суди томонидан биринчи инстанцияда кўрилган суд ишлари юзасидан берилган шикоятларни шу суд томонидан юқори инстанция сифатида кўриш амалиётига барҳам берилди. Натижада ушбу жараёндаги коррупциявий омиллар бартараф этилиб, шикоят қилиш институтининг самарадорлиги ортди. Шунингдек, ўрта бўғиндаги судлар асосан апелляция инстанцияси суди сифатида ихтисослашгач, уларнинг масъулияти кучайтирилиб, барча диққат-эътибор суд қарорларининг сифатига қаратилди. Бунда биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар ўз вақтида бартараф қилинишига алоҳида аҳамият қаратилади. Энг муҳими, бу билан фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини ўз вақтида тиклаш ва одил судловни амалга ошириш сифатини янада яхшилаш имконияти яратилди. Ўз навбатида назорат институтининг тугатилиши ва кассациянинг учинчи босқич суди сифатида белгиланиши суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги бевосита ундан норози томоннинг тўғридан-тўғри берган шикояти асосида кўрилишига замин яратди. Янги қонунларда мустаҳкамланган нормаларнинг барчаси суд қарорларини қайта кўриш масаласига доир халқаро стандартлар талабларини процессуал қонунчилигимизга имплементация қилишни таъминлади. Бу айни вақтда қонун устуворлиги суд ҳокимияти мустақиллиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади. Энг асосийси, кассация инстанцияси ҳам тўлиқ ислоҳ қилинди. Шу муносабат билан судларга ушбу қонун нормаларини бир хилда тўғри қўллаш ва бу борада ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида Олий суд Пленумининг “Маъмурий ишларни кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти”, “Фуқаролик ишларини кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”, “Иқтисодий ишларни кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”, “Жиноят ишларини кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорлари лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, мажлисда Олий суд Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгашининг таркибини тасдиқлаш тўрисида”ги қарори лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси
Фикр қолдириш