ХОРИЖИЙ ИНВЕСТОРЛАР ҲУҚУҚ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИ — СУД ҲИМОЯСИДА

Мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланиши кўп жиҳатдан фаол инвестиция сиёсатига боғлиқ. Шу асосда давлатимизнинг рақобатбардошлиги, энг асосийси, аҳоли фаровонлиги тубдан ошади. Юртимизда янги корхона ва тармоқлар, иш ўринлари яратилиши кўпаяди.

Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги долзарб талаблари ва миллий конунчиликда белгиланган нормаларни аниқ ва бир хилда қўллаш давр талабидир. Бу ўз навбатида, иқтисодий судлар томонидан чет эл инвесторлари, хорижий тадбиркорлар учун судга мурожаат қилишда тенг имкониятлар яратишни, уларнинг судларимизга бўлган ишончини оширишни талаб қилади.

Чет эл фуқаролари ва тадбиркорларининг мурожаатларини кўриб чиқишда суд тизимида яратилган ахборот-коммуникация дастурларидан самарали фойдаланиш лозим. Зе­ро, шу йўл билан низоларни қисқа муддатда ва адолатли ҳал этиш мумкин. Натижада хорижий инвесторлар ҳуқуқ­лари, хусусий мулки ва сармоялари суд ҳи­моясида эканига ишончи тубдан ошади.

Суд амалиётида иқтисодий судлар томонидан чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни кўришда фуқаролик-ҳу­қуқий муносабатлар масалалари бўйича универсал халқаро шартномалар, ҳуқуқий муносабатлар ва ҳу­қуқий ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича минтақалараро халқаро шарт­но­маларга таяниш лозим бўлади.

Бу жараёнда, шунингдек, фу­қаролик ва хўжалик ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги давлатлараро икки томонлама халқаро шартномалар, чет давлат ҳуқуқи нормаларини қўллашда уларнинг чет давлатда шарҳланишига ва амалда қўлланилишига оид ҳукуматлараро ёки идоралараро халқаро шартномаларда назарда тутилган қоидалар ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратамиз. «Компания Агроимпекс ЛТД» корхонаси (кейинги ўринларда — учинчи шахс ёки харидор) «Navoi­yazot» акция­дорлик жамияти (жавобгар, сотувчи) ўртасида 10 000 тонна умумий қиймати 1 350 000 АҚШ доллари миқдорида аммиак селитраси етказиб бериш бўйича 2015 йил 11 ноябрда шартнома имзоланган. Ушбу шартномага 2015 йил 16 ноябр­да, 2015 йил 15 декабрда, 2015 йил 30 декабрда, 2015 йил 30 декабрда, 2016 йил 20 январда, 2016 йил 24 февралда, 2016 йил 9 мартда, 2016 йил 25 декабрда, 2017 йил 6 июлда — жами 9 та қўшимча келишув тузилган.

Шартноманинг 6.1-бандига асосан, учинчи шахс жавоб­гар­нинг ҳи­соб рақамига 761 250 АҚШ доллари миқдорида, шундан 585 000 АҚШ доллари 2015 йил 30 декабрда имзоланган қўшимча келишувга асосан «Chinese Technological So­lutions LTD» компанияси, яъни даъвогар ҳисобидан тў­ловни амалга оширган. Бу тў­ловлар 2015 йил 30 декабрда 270 000 АҚШ доллари ва 2016 йил 17 март­да 315 000 долларни ташкил этган.

Жавобгар учинчи шахсга 504 644,46 доллар қийматидаги маҳсулотни етказиб берган, натижада 256 605,54 АҚШ доллари миқдорида қарздорлик вужудга келган. Ушбу қарз­дорлик 2016 йил 25 майда ва 2016 йил 8 ноябрда тарафлар ўртасида тузилган ўзаро солиштириш далолатномалари билан тасдиқланган.

2017 йил 8 августда учинчи шахс ва даъвогар ўртасида та­лабдан бош­қа шахс фойдасига воз кечиш ҳа­қи­да шартнома тузилиб, унга кўра, 2015 йил 11 ноябрдаги шартномага асосан, даъвогарга учинчи шахснинг жавобгар олдидаги 256 605,54 доллари миқдоридаги қарздорлигини та­лаб қилиш ҳуқуқи ўтган.

Мазкур қарздорликни қайтариш тўғрисида жавобгарга йўлланган талабномалар оқи­батсиз қолдирилганлиги ва­жи билан даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилган. У жавобгардан 256 605,54 доллар асосий қарз ва 21 654,43 доллар миқдорида қў­шимча фоизни ундириб беришни сў­раган.

Биринчи инстанция судининг 2018 йил 3 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 256 605,54 доллар миқдорида асосий қарз, 4 000 доллар миқдорида қў­шимча фоиз ундирилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2018 йил 26 июлдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Суд қарорлари устидан жавобгар томонидан назорат тартибида шикоят берилган. Унда суд қа­рорларини бекор қи­либ, даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ян­­­­­­ги қарор қабул қилиш сў­ралган.

Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати қуйидаги асосларга кўра, суд қа­рорларини ўзгаришсиз қолдиришни ва назорат шикоятини қаноатлантиришни рад этишни лозим топди.

Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қо­нун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва та­лаблар бўлмаганда эса, иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Судлов ҳайъати жавобгарнинг учинчи шахс жавобгарга маҳсулотнинг қолган қисмига ёзма буюртма бермаганлиги, бунда жавобгар томонидан шартномавий мажбуриятлар бузилмаганлиги ҳақидаги важ­­лари би­лан келишмаган.

Хусусан, шартноманинг 8.2-бандида товар тўлиқ етказиб берилмаганда жавобгар тарафлар ўртасида қарздорлик юзасидан ўзаро солиштириш далолатномаси тузилгандан ке­йин 30 кун ичида етказиб берилган товар қиймати ва унга ўтказиб бе­рил­ган пул маблағи ўртасидаги фарқ суммасини учинчи шахсга қайтариши белгиланган.

Тарафлар ўртасида тузилган шарт­номага асосан, жавобгар томонидан товарни бериш мажбурияти қисман бажарилган. Яъни у учинчи шахсга 504 644,46 доллар миқдоридаги маҳсулотни етказиб берган.

Натижада 256 605,54 доллар миқдорида қарздорлик вужудга келган.

Мазкур қарздорлик юзасидан 2016 йил 25 майда ва 2016 йил 8 ноябрда тарафлар ўртасида ўзаро солиштириш далолатномалари тузилган бўл­са-да, шартноманинг 8.2-бандига зид равишда пул маблағи жавобгар томонидан қайтарилмаган.

Учинчи шахс томонидан жавобгарга 2017 йил 25 октябрда хат йўлланган. Унда қарздорлик эвазига шу кунда амалда бўлган нархлар бўйича шарт­номада кўрсатилган товарни олишга розилиги маълум қилиниб, товарни 2017 йилнинг ноябрь ойида жўнатиш сўралган.

Бироқ жавобгар томонидан мазкур хат жавобсиз қолдирилган.

Шартнома ва унга қўшимча келишувларда учинчи шахс­нинг манзили, маҳсулот жўнатиладиган темир йўл с­танцияси кўрсатилган бўл­са-да, жавобгар томонидан товар юклаб жўнатилмаган ёки пул маблағи қайтарилмаган.

Қолаверса, шартноманинг амал қи­лиш муддати 2017 йил 31 декабргача белгиланганлиги, мазкур муддат узайтирилмаганлиги сабабли ҳам даъво аризаси судга тақдим этилган кунда товарни юклаб жўнатишнинг имкони йўқолган.

Жавобгарнинг маҳсулот етказиб бериш шартномасининг 9.1-бандида тараф иккинчи та­­рафнинг розилигисиз мазкур шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўтказиши мумкин эмаслиги белгиланганлиги, бироқ 2017 йил 8 августда учинчи шахс ва даъвогар ўртасида талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақида шартнома жавобгарнинг розилигисиз тузилганлиги ҳақидаги важ билан ҳам келишиб бўл­майди.

Чунки Фуқаролик кодексининг 834-моддаси олтинчи қисмида битим бўйича ҳуқуқ­ларни комитентга топширишга, воситачининг учинчи шахс билан ҳуқуқларни бундай беришни тақиқлайдиган ёки чеклайдиган келишувидан қатъи назар, йўл қўйилиши белгиланган.

Иқтисодий процессуал кодексининг 68-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, ишда иш­­­­­­­тирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.

Шу маънода, Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати мазкур ҳолатда, биринчи ва апелляция инстанцияси судлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг важларини му­ҳокама этиб, уларга тегишли ҳу­қуқий баҳо бериб, моддий ҳамда процессуал ҳу­қуқ нормаларини тўғри қўл­лаб, иш ҳолатларига мувофиқ қо­нуний ва асослантирилган қарорлар қабул қилгани ва шу сабабли уларни ўзгартириш ёки бекор қи­лиш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисида хулосага келди.

Навоий вилоят иқтисодий судининг 2018 йил 3 майдаги ҳал қилув қарори ва Бухоро вилоят иқтисодий суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 26 июлдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда чет эл ин­вес­торларига қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятлари кафолатли ҳимоя қилиниши — юртимизда иқтисодиётни барқарор суръатларда ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қи­лиши билан аҳа­миятлидир.

Анвар Шукуруллаев,
Ўзбекистон Республикаси
 Олий суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: