БЕРУНИЙЛИК АЁЛНИНГ ВИДЕОМУРОЖААТИГА ОИД
2019 йил 26 ноябрда YouTube тармоғидаги Xabarlar.uz каналида эълон қилинган Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги ҳолат бўйича мурожаат (https://www.youtube.com/watch?v=5PiNnL7YVYc) юзасидан маълумот
Даъвогар Шермат Нуруллаев жавобгар Янгабай Хужанапесовга нисбатан ноқонуний қурилишни буздириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2019 йил 18 февралдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъво ариза қаноатлантирилиб, Беруний тумани, “Тинчлик” овул фуқаролар йиғин “Тоза боғ” аҳоли манзилидаги даъвогар Ш. Нуруллаевга тегишли турар жойнинг жануб томони энига 7,7 метр, шимол томони энига 5,7 метр, узунлиги 75,2 метр, жами 502,9 м2 ер майдони ичига қурилган турар жой жавобгар Я. Хужанапесовнинг ҳисобидан мажбурий бузиб ташлаш ва ер майдони яроқли ҳолатга келтириш белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича кассация инстанциясининг 2019 йил 30 майдаги ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Чунки, Халқ депутатлари “Тинчлик” овули совети ижроия қўмитасининг 1993 йил 7 апрелдаги 6/4-сонли қарори билан Уразбай Нуруллаевга “Тинчлик” ОФЙ ҳудудидан 1 500 м2 ер майдони ажратиб берилган. Ушбу ер майдонига У. Нуруллаев турар жой қуриб, Беруний тумани ҳокимининг 2017 йил 29 сентябрдаги 1332-сонли қарори билан Беруний тумани, Тинчлик ОФЙ, “Тоза боғ” аҳоли манзилидан ажратилган 0,15 гектар ер участкасининг амалда фойдаланиб келаётган 0,1485 гектарига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилган ва унинг шу ер участкасига қурган умумий фойдали майдони 76,67 м2 бўлган 3 хонали турар жойига хусусий мулк ҳуқуқи эътироф этилган.
У. Нуруллаев 2017 йил 11 октябрда мазкур турар жойни нотариал идора орқали ўғли Шермат Нуруллаевга ҳадя қилган.
Ушбу турар жой Шермат Нуруллаевнинг номига давлат рўйхатидан ўтказилиб, бу ҳақида 2017 йил 13 октябрдаги QR 0061946-сонли ва QR0098690-сонли ер участкаси ва бинога бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар берилган.
Беруний тумани БТИ томонидан Хайбулла Хужанапесовга унинг турар жой ва ер участкасига 1990 йили инвентар ҳужжатлар ишланиб, унга кўра умумий ер майдони 2653 м2эканлиги қайд қилинган. Беруний тумани ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг 2019 йил 5 февралдаги 0041/19 сонли маълумотномасига кўра, мазкур ер участкаси Х. Хужанапесовнинг номига давлат рўйхатидан ўтказилмаган.
Даъвогар Ш. Нуруллаевнинг ҳозирда эгаллаб келаётган ер участкаси ўзига ажратилган ер участкаси майдонидан 502.9 м2 кам. Сабаби жавобгар Я. Хужанапесов даъвогар Ш. Нуруллаевнинг ер майдони ичига унинг турар жойининг жануб томони энига 7.7 метр, шимол томони энига 5.7 метр, узунлиги 75.2 метр, жами 502.9 м2 ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, мазкур ер участкаси ичига турар жой кўтарган. Бу Беруний тумани ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг 2019 йил 5 февралдаги 0041/19-сонли маълумотномаси, низоли ер майдони расмлари, чизмалар, мутахассисларнинг кўрсатмалари ва бошқа иш ҳужжатлари билан тўлиқ тасдиқланган.
Шу сабабли, суд томонидан даъво аризани қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори чикарилган.
Ҳозирда юқоридаги суд қарорлари қонуний кучида.
ФИБ Беруний туманларао судининг 2019 йил 10 июндаги ажрими билан ҳал қилув қарорининг ижросини давом эттириш ҳақида ажрим чикарилиб, мажбурий ижро бюроси Беруний тумани бўлимига юборилган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш