КОНСТИТУЦИЯГА АСОСАН СУДЛАР МУСТАҚИЛ, ЛЕКИН УЛАРНИНГ ЧИНАКАМ НАЗОРАТЧИСИ ХАЛҚ БЎЛИШИ КЕРАК

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конститу-цияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқлигини алоҳида таъкидлади. Бинобарин, ҳеч ким, ҳеч қайси идора жамоатчилик назоратидан холи бўлмаслиги, жамоатчилик назоратини четлаб ўтмаслиги керак.

Бу ҳақда сўз борганда, аввало, юртимизда шу кунга қа­дар давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби ва механизмлари мавжуд эканини қайд этиш лозим. Аҳамиятли жиҳати шун­­даки, давлатимиз раҳбарининг маърузасида жамо­ат­чилик назорати доираси тобора кенгайиб, энди судлар фаолиятига ҳам жорий этилиши масаласига эътибор қа­ратилди.

Жамоатчилик назорати ик­ки томонлама аҳамиятга эга. Яъ­ни бунда, бир томондан, аҳо­­­лининг ҳуқуқий онги ва ҳу­қуқий маданияти тобора ошиб бориши муносабати билан халқимизда ватанпарварлик, ислоҳотларга масъул­лик, юрт ҳаётига, инсон тақди­рига бефарқ бўлмаслик туй­ғулари кучайиб боради.

Иккинчи томондан, судлар ўз фаолиятида ошкоралик ва шаффофликни шакллантиради. Халқ олдида, омма назарида, чин маънода назоратда эканини ҳис қилади ва шунга кў­ра, иш фаолиятини ташкиллаштиради.

Конституцияга асосан судлар ўз фаолиятида мустақил, лекин уларнинг чинакам назоратчиси халқ бўлиши керак, дея таъкидлади Президентимиз. Жамоатчилик назорати — бу фақатгина давлат идоралари фао­лия­ти устидан назорат эмас, балки жамиятнинг ўзи­ни ўзи бош­қариш усули, бош­қача айт­ганда, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан биридир.

Ҳақиқатан ҳам, «Судлар тўғ­рисида»ги қонунга мувофиқ, судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳо­кимиятлардан, сиёсий партия­лардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.

Муайян ишни ҳар томонлама тўла ва холисона кўришга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд қарори чиқарили­ши­га эришиш мақсадида судья­ларга, қандай бўлмасин, бирон-бир тарзда таъсир кўр­сатиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бў­лади.

Судья­дан кўрилган ёки иш юритувидаги ишлар мо­ҳия­ти бў­йича бирон-бир ту­шунти­риш­лар беришни, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари, кимга бўлмасин, танишиб чиқиш учун ишларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.

Шу ўринда табиий савол ҳам туғилади: судьялар мустақил бўлса, у ҳолда ушбу жараёнда жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизми қандай шакллантирилади?

Маълумки, жамоатчилик назорати ижтимоий муносабатларнинг муайян шакли ва ўзи­га хос фаолият тури саналади. Жамоатчилик назорати субъектлари деганда, Ўз­бе­кистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари тушунилади.

Шунингдек, жамоатчилик назоратининг қандай шакллари мавжуд, деган савол ҳам туғилиши мумкин.

Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, қонунчиликда давлат органларига мурожаат ва сўровлар, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иш­тирок этиш, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳи­со­бот­лари ва ахборотини эшитиш кабилар жамоатчилик назоратининг шаклларига кириши белгиланган.

Амалдаги қонун ҳужжатларига биноан шу кунга қадар судларда жамоатчилик назоратининг маълум бир кўринишларини ифодалайдиган жорий амалиёт мавжуд. Аввало, судлар фаолияти, ишлар кўлами, суд ҳужжатлари, фуқароларнинг жамоавий мурожаатларига тушунтириш ва ҳуқуқий изоҳлар бериш, шунингдек, судлар фаолиятига доир маълумотларни жамоатчиликка тўлиқ ва тезкор етказиш мақсадида судларнинг матбуот хизмати фао­лият олиб боради.

Олий суд ҳузурида эса, маслаҳат органи бўлган ва жамоатчилик асосида ишлайдиган илмий-маслаҳат кенгашлари ту­зилган. Уларнинг вазифасига суд амалиётида келиб чиқадиган қонун ҳужжатларини қўл­лашга доир масалалар бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш киради.

Бундан ташқари судларда электрон тизим ташкил қи­линган. Шу кунга қадар қабул қи­линган суд ҳужжатлари шахс­сизлантирган ҳолда электрон базага киритиб борилмоқда. Бунинг натижада аҳоли ҳеч қандай тўсиқларсиз Олий суднинг сайтига кириб, ўзини қи­зиқтирган барча саволларга жавоб олиши учун қулайликлар яратилган.

Суднинг, судьялар томонидан чиқарилган ҳужжатларнинг тарбиявий ролини янада кучайтириш, уларнинг фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, суд ҳукмларини қабул қилишда жамоатчилик фикрини инобатга олишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, маҳалла фуқаролар йиғинлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман ва шаҳар кенгашлари, хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги асосида судланувчиларга, айниқса, ёшларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари тайинланмоқда.

Вояга етмаганлар, аёлларга жамоат кафиллигига асосланиб, жамиятда ўз ўрнини топишига имконият ва шароитлар юзага келтирилмоқда.

Суд раислари ўз фаолияти юзасидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларига ахборотлар тақдим этиб бориши йўл­га қўйилган. Шу орқали халқ вакиллари судлар фао­лия­ти юзасидан хабардор этилмоқда.

Судларнинг халқ олдидаги масъулиятини ошириш, халқнинг ишончини қозониш мақсадида янги тайинланаётган судьялар тегишли ҳу­дуд жамоатчилиги, маҳалла фаоллари муҳокамасидан ўтказилмоқда. Қолаверса, судьяликка номзодлар фуқароларнинг ижобий фикрини олиш орқали лавозимларга тайинланмоқда;

Аҳоли яшаш жойларида, маҳаллаларда, шунингдек, муассаса ва ташкилотларда сайёр суд мажлислари ўтказиш анъанага айланди. Бу янгича фаолият аҳолини судда кўрилаётган ишлар билан яқиндан таништириш, жиноят, ҳуқуқбузарлик ва ёки фуқаролик, иқтисодий низолар келиб чиқиш сабабларини таҳлил қи­лиш, тегишли хулосалар чиқариш, жамоатчилик фикрини олиш, қонуний, асосли, адолатли суд ҳужжатлари чиқаришга эришишга қаратилган.

Очиқ суд мажлисларида журналистларнинг иштирокини таъминлашга алоҳида эъ­ти­­­бор қаратилаётир. Янада аниқ қилиб айтганда, тарафларнинг розилиги асосида ом­мавий ахборот воситалари хизматидан фойдаланишга рухсат бериладиган бўлди.

Судьялар томонидан процессуал қонун нормаларига биноан чиқарилган ҳукм, ҳал қилув қарорларини ишда иштирок этувчи шахсларга, тарафларга, ишдан манфаатдор шахсларга тушунтириш бериш амалиёти йўлга қў­йилди.

Бундан ташқари Жиноят процессуал кодекснинг 21-моддаси жиноят ишларини юритишда жамоатчиликнинг иштирокига бағишланган, унга кўра, жиноят иши бўйича тергов олиб бориш ва ишни судда кў­риш чоғида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят содир этилган ҳолатларни аниқлаб олиш, айбдорларни қи­­­дириш ва фош этиш, адо­лат­ли ҳукм чиқариш, шунингдек, жиноятнинг содир этилиш сабаблари ва унга имкон берган шароитларни аниқлаш учун ўз ваколатлари доирасида жамоатчилик ёрдамидан фойдаланишга ҳақлидир.

Жамоат бирлашмалари ва жамоаларнинг вакиллари жи­­ноят ишини юритишда жа­моат айбловчилари ва жамоат ҳи­моячилари тариқасида қатнашишга ҳақли ҳисобланади. Жи­ноят ишини кў­ришда ушбу суд таркибига тайинланган ёки сайланган судьялар ва халқ маслаҳатчилари қатнашадилар.

Шу билан бирга, судлар фа­о­лиятида холис фикрни шакл­лантириш, жамоатчилик ва одиллик ҳамоҳанглигини таъминлаш борасида ҳали муайян­ камчиликлар борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Шунинг учун аҳоли, хусусан, судга мурожаат қилувчиларнинг ижтимоий фикрини билиш, судьялар ҳақида муайян фикрни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Бунда судьялар фаолиятини холисона баҳолашга муайян даражада таъсир кўрсатиш мақсадида суд биноларининг кутиш залларида «Шахсий фикр» китобини юритиш ўринли, деб ўйлаймиз.

Судьялар фаолияти устидан йилда икки марта жамоатчилик эшитувини ўтказиш лозим. Бу борада жамоатчилик мониторингини ташкил қи­лиш муҳим аҳамиятга эга.

Айни пайтда жиноят ишларини судда кўриш жараёнида, халқ маслаҳатчилари иштирокини инобатга олган ҳолда, жа­моатчилик фикри би­лан яқиндан танишиш ва ўзаро мақбул натижадорликка эришиш тақозо этилади.

Бунинг учун маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий маркази вакилларидан иборат халқ маслаҳатчилари гуруҳини шакллантириш ва уларни ишларни биринчи инстанция тартибида кўриш жараёнида иштироки мажбурийлигини таъминлаш зарур. Шу муносабат билан Фуқаролик процессуал кодексига тегишли ўзгартиш киритиш мақсадга мувофиқ.

Бу таклиф, айниқса, болалар тарбияси ва таъминоти, никоҳнинг тугатилиши, фарзандликка олиш, болаларнинг насл-насаби, эр-хотин ва болалар мулкий ҳуқуқ ва мажбурият­лари билан боғлиқ, уй-жойга оид низоларни ҳал қилишда муҳим ўрин тутиши билан аҳамиятлидир.

Замира Эсонова,
Тошкент Давлат юридик
университети профессори

  • Umida

    Конунларимизни бу йул билан ёки бу йул билан хам хал килса буладиган томонлари борлиги ачинарли.

    28.12.2019 at 14:25
  • Umida

    Конунларимизни бу йул билан ёки бу йул билан хам хал килса буладиган томонлари борлиги ачинарли. Бу фикрлар асосан жиноий ва маъмурий ишлар тугрисида.

    28.12.2019 at 14:27

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: