ЖОРИЙ ЙИЛ БЎЙИЧА ТАСДИҚЛАНГАН ДАВЛАТ ДАСТУРИДА СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИГА БАҒИШЛАНГАН УСТУВОР ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАНДИ
Президентимизнинг 2023 йил 28 февралдаги Фармони билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.
Ўз навбатида, Фармоннинг 14-банди адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш борасидаги суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишга қаратилган вазифаларга бағишланган.
Ушбу вазифалар доирасида Президент Фармонида:
– жиноятларни тергов қилиш жараёнида “Хабеас корпус” институтини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш мақсадида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувларини эшитиб туриш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш;
– жиноят ишини судларга айблов хулосаси ё айблов далолатномаси ва ҳимоячи фикри билан бирга тақдим этиш тартибини жорий этиш;
– адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиш талабини бекор қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини белгиланган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш белгиланди.
Айни вазифаларнинг таъминланиши, биринчи навбатда, жиноят содир этишда гумонланаётган, айбланаётган шахснинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган шахсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларининг ҳимояланиши ва сўзсиз таъминланишини кафолатлайди.
Жиноят ишини судларга айблов хулосаси ва ҳимоячи фикри билан бирга тақдим этиш тартиби жорий этилмоқда. Бу эса, Жиноят-процессуал кодексининг “Гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминлаш” принципининг сўзсиз бажарилиши ва жиноят содир этилганликда гумон қилинаётган, айбланаётган шахснинг бундай ҳуқуқларини нафақат судларда, балки суриштирув, тергов органларида ҳам таъминланиши учун муҳим кафолатдир.
Келгусида адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиш талаби бекор қилиниши назарда тутилмоқда.
Бунинг натижасида юртимизда ҳуқуқ ҳимоячилари, адвокатлар сони изчил ортади. Бу амалий қадам, шунингдек, олий ўқув юртини тамомлаган ёш кадрлар иш билан таъминланишига хизмат қилади.
Шундай қилиб, “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар, Конституция ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, инсон ҳаёти, дахлсизлиги, қадр-қимматини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Акмал Муродов,
Навоий вилояти маъмурий
судининг раиси
Фикр қолдириш