ТАСДИҚЛАНМАГАН АЙБЛОВ

Маълумки, Бош қомусимиз талабига асосан ҳар бир шахс суд мажлисида аниқланган ва тасдиқланган далиллар асосидагина айбдор деб топилиши мумкин.

Андижон шаҳрида яшовчи Ўткир Усмонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам суднинг қонуний ва адолатли ажрими ту­файли асоссиз айбловдан халос бўлди.

Дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган айб­ловга кўра, Ў. Усмонов 2017 йил октябрь ойида таниши ўайрат Узоқов орқали «Alimron Invest» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Темурмалик Мирзажоновдан «Малибу» русумли автомашинани лизинг тў­лов­лари­ни­ ўз вақтида тўлаш шарти би­лан 130 000 000 сўм­га сотиб олади. Т. Мирзажонов эса, ушбу автомашинани 2017 йил 25 январдаги лизинг шартномасига асосан «Asl-Kred» МЧЖдан сотиб олган эди.

Аммо Ў. Усмонов Т. Мирзажоновни алдаб, автомашинани Б. Қамбаров ёрдамида кредит тўлови миқдорини кам кўр­сатган ҳолда, 6 000 АҚШ долларига сотиб юборади. Гарчи у харидордан пулларни тўлиқ олган бўлса-да, автомашина учун лизинг тўловларини тўламасдан, Т. Мирзажоновнинг жуда кўп миқдордаги мулкини фирибгарлик йўли билан қўл­га киритади.

Шундан сўнг Ў. Усмоновга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а»-банди билан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят иши айблов ху­лосаси билан бирга судга юборилади.

Айтиш керакки, Жиноят процессуал кодексининг 22-моддасида суд жиноят юз берганини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тў­лиқ ва холисона текшириб чиқилиши, иш­да юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳо­латлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги белгиланган.

Қонуннинг ушбу талабидан келиб чиқиб баҳо берилса, даст­лабки тергов органи Ў. Усмоновнинг хатти-ҳаракатларини ишончга сазовор ва етарли далилларсиз, асоссиз малакалаган ҳолда, фақатгина уни айблаш юзасидан бир томонлама тергов ҳаракатлари ўтказиб, хатоликка йўл қўйгани ойдинлашади.

Жиноят иши ҳужжатлари ва судда аниқланишича, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этилган Т. Мирзажонов гувоҳ Ғайрат Узоқов билан ўзаро келишиб иш тутган. Аниқроғи, Т. Мирзажонов «Малибу» русумли автомашинани лизинг шартномаси асосида 36 ой муддатга 159 152 500 сўмга сотиб олиб, «Alimron Invest» масъу­лияти чекланган жамият раҳбари сифатида лизинг шарт­нома­сидаги барча мажбуриятларни ўз зиммасига олган.

Гарчи лизинг тўловлари тў­лиқ амалга оширилмасидан туриб автомашинани сотиш ҳу­қуқи бўлмаса-да, Ғ. Узоқов то­монидан 36 000 000 сўм пул ўт­казиш ва 20 000 000 сўм нақд пул шаклида тўловлар амалга оширилгач, Т. Мирзажонов уни оғзаки келишувга мувофиқ қолган маблағни тўлаш шарти билан йўл варақаси асосида сотиб юборган.

Уларнинг автомашинани лизинг шартномаси асосида сотиб олиши ва келишувлари жараёнида Ў. Усмонов иштирок этмаган.

Бинобарин, Ў. Усмонов Т. Мирзажоновга тўловлар бўйича ваъда бермаган, уни алдамаган ва автомашинани лизинг шартномаси асосида сотиб олишга қизиқтирмаган.

Қолаверса, Ғ. Узоқов тергов ва суд жараёнида Ў. Усмонов Т. Мирзажоновни ҳам, ўзини ҳам алдамаганини, олди-сотди келишувидаги пул миқдорини тў­лиқ бериб, кейинчалик автомашинани сотиш учун олганини, ойлик тўловларини ҳам тў­лаганини билдирган.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Тошкент шаҳар иқтисодий суди апелляция инстан­ция­сининг 2018 йил 12 мартдаги ажрими билан юқорида тилга олинган лизинг шартномаси бекор қилинган. «Малибу» транспорт воситаси «Als-kred» МЧЖга қайтарилган ва етказилган зарарни «Alimron Invest» МЧЖдан ундириш белгиланган.

Бундан ташқари дастлабки тергов жараёнида Т. Мирзажоновнинг аризаси юзасидан 4 маротаба — 2018 йил 14 август, 8 декабрь, 2019 йил 10 февраль ва 2019 йил 28 июлда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳам­да Ғ. Узоқов ва Ў. Усмонов ўртасидаги автомашина олди-сотдиси ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги боис келгусида фуқаролик ва иқтисодий судларга мурожаат этиш ҳа­қида қарор қабул қилинган.

Бу билан тўғри тўхтамга келинган бўлса-да, мазкур қарорлар асоссиз равишда бекор қилиниб, хатоликка йўл қўйилган. Бинобарин, суд «Малибу» автомашинаси юзасидан Т. Мирзажонов билан Ў. Усмонов ва Ғ. Узоқов ўртасида оғзаки келишувлар бўйича юзага келган низони «фуқаролик тартибидаги низо» деб ҳисоблайди.

Бинобарин, Жиноят процессуал кодексининг 23-моддасига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак. Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Хўжаобод тумани суди Ўткир Усмоновни айбсиз деб топиб, оқлади. Шу тариқа адолат қарор топди.

Муҳайёхон ТУРДИЕВА,

жиноят ишлари бўйича

Хўжаобод тумани суди раиси

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: