ДАЛЛОЛ ҚИЁФАСИДАГИ ФИРИБГАР УЧ НАФАР КИШИНИ ЧУВ ТУШИРДИ
Фирибгарлар шундай устамон бўладики, соддадил ва ишонувчан одамлар уларнинг тузоғига қандай илинганини ҳам сезмай қолади.
Олмазор туманида яшовчи Суҳроб Аҳроров (исм-шарифлар ўзгартирилган) атиги бир ой ичида 3 нафар шахсни ўзининг фириб тузоғига илинтирди.
Фирибгарликнинг ҳадисини олган Суҳроб бир ярим йил мобайнида 3 маротаба судланган бўлса-да, бундан ўзига тегишли хулоса чиқариш ўрнига яна жиноятга қўл урди.
У шу йил бошида «OLX.UZ» сайтига ижарага хонадон борлиги ҳақидаги эълонни жойлаштиради. Орадан кўп вақт ўтмай, унга бир аёл қўнғироқ қилади.
— Эълонингизда кўрсатилган хонадон менга ёқди. Шуни ижарага олмоқчи эдим. Учрашиб, савдолашсак бўладими?, — деб сўрайди у.
— Албатта. Қорасув даҳасига келсангиз, бафурча гаплашамиз, — дейди бунга жавобан Суҳроб.
Учрашишгач, Суҳроб Венера Дониёровага ҳозир хонадонда ижарачилар борлиги, бир-икки кунда улар чиқиб кетишини айтади.
В. Дониёрова бу гапга ишониб, эски ижарачилар чиқиб кетишини кутишини билдириб, Суҳробга гаров тариқасида 100 АҚШ доллари беради. Суҳроб ундан пул олгани хусусида тилхат ёзиб беради. Шундан сўнг улар телефон орқали хабарлашиб туришга келишиб, хайрлашишади. Аммо ана шу учрашувдан сўнг Суҳроб Аҳроров уяли телефонини ўчириб қўяди.
Кейинги галда унинг фириб тузоғига Адиба Давлатова илинади. 2021 йил 11 февраль куни у ижарага уй топиш мақсадида «OLX.UZ» сайтига киради.
Шунда унга «Новза» метроси яқинида жойлаган хонадон маъқул келиб, эълонда кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилади. Гўшакни кўтарган киши ўзини «Абдулло» деб таништиради.
— Мен даллол эмасман, уй ўзимники. Ҳозиргача ҳеч кимни ижарага қўймаганман. Сизнинг омадингиз бор экан, — дейди у. — Фақат уч юз доллардан камига қўймайман.
Шундан сўнг «Абдулло» А. Давлатова билан Яккасарой туманидаги «NEXT» савдо маркази ёнида учрашади.
— Уйни бориб кўрсак бўладими?, — дея сўрайди мижоз.
— Келаси ҳафта шанба куни бўшайди. Шунда кўришингиз мумкин. Лекин олдиндан юз доллар беришингиз керак.
— Уйни кўрмасдан туриб, пул беролмайман, — дейди А. Давлатова.
— Ундай бўлса, уйни бошқаларга ижарага бериб юбораман, — деб чўчитади «уй эгаси».
Шунда аёл ноилож қолиб, унга 100 АҚШ долларини беради. Бироқ белгиланган куни «Абдулло» учрашувга келмайди. А. Давлатова «Новза» метро бекати олдида уни кутавериб чарчайди. Аслида уни Суҳроб Аҳроров алдаб кетган эди.
Бу орада Суҳроб Юнусобод туманида жойлашган 3 хонали хонадонлардан бирини ижарага бериши ҳақида «OLX.UZ» сайтига эълон жойлаштиради.
Ушбу эълон бўйича унга А. Абдураҳимов қўнғироқ қилади. Ўзаро суҳбат мобайнида Суҳроб ҳозир хонадонда бошқа биров яшаб келаётгани, агар 350 АҚШ доллари миқдоридаги ижара ҳақига кўнса, хонадон соҳиби уни ижарага қўйиши мумкинлигини маълум қилади.
— Олдиндан юз доллар берасиз, — дейди С. Аҳроров шарт қўйиб.
Унинг шартига рози бўлган А. Абдураҳимов Олмазор туманидаги 2-сонли туғруқхона олдида Суҳробга 100 АҚШ долларини беради. Бироқ эртаси куни Суҳроб яна 100 АҚШ доллари бериш шартлигини айтади.
— Майли, яна пул бераман. Лекин олдин уйни кўрсатинг, — дейди А. Абдураҳимов.
Шундан сўнг С. Аҳроров турли важ-карсонлар билан ишни ортга сураверади.
Охир-оқибат А. Абдураҳимов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат этишга мажбур бўлади. Оқибатда фирибгарнинг қилмишлари фош бўлиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов-суриштирув жараёнида С. Аҳроров жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплагани боис суд унга нисбатан асосий жазога жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судининг 2021 йил 24 майдаги ҳукмига мувофиқ тайинланган жазони қисман қўшиш орқали иш ҳақидан 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишли жазоси тайинлади.
Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтиш жоизки, одамларнинг ишонувчанлиги ва ўз ҳуқуқларини тўлиқ билмаслиги С. Аҳроров сингари фирибгар кимсаларнинг тегирмонига сув қуяди. Демак, ҳуқуқни билиш, қонунга риоя этиш ҳар қандай жиноят, шу жумладан, фирибгарликнинг ҳам олдини олади.
Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Баҳодир ҚАЮМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси
Фикр қолдириш