АДОЛАТ ТАНТАНАСИ

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан фуқароларнинг дастлабки тергов органи ҳамда судларнинг қарорлари юзасидан мурожаатлари мунтазам равишда кўриб чиқилмоқда. Бу жараёнда масъул органлар томонидан йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш борасида тегишли тавсиялар берилмоқда. Миллий марказда жорий йилнинг ўтган 9 ойида судлар фаолияти юзасидан 217, суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолияти бўйича 286 та мурожаат кўриб чиқилган. Эътиборли томони шундаки, мурожаатлар бўйича ижобий қа­рор қабул қилинмоқда.

Масалан, Наманган вилояти, Чуст туманида яшовчи, «Чуст Фароғатхон» хусусий корхонаси раҳбари вазифасида ишлаб кел­­ган Наимжон Халиловга тааллуқли мурожаат шу тариқа ечим топди.

Энди бевосита ушбу мурожаат тафсилотига тўхталадиган бўлсак, 2017 йил 4 февраль куни тадбиркор Н. Халиловга нисбатан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Чуст тумани бўлими томонидан Жиноят кодексининг 189-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Бунга Чуст тумани Давлат солиқ инспекциясининг Н. Халилов раҳбарлигидаги хусусий корхонада ўтказган текшириши якунлари асос қилиб олинган. Аммо суриштирув органи корхонада ўтказилган текшириш натижаларини чуқур ўр­­ганмаган, шунингдек, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари тадбиркор томонидан қонунда белгиланган муддат ичида бартараф этилгани ва етказилган зарар қопланганини эътиборга олмаган.

Айблов хулосасида қайд этилишича, Н. Халилов 2014 йил 1 январидан 2017 йил 4 ноябрига қадар амалга оширган тадбиркорлик фаолияти даврида 814 788 000 сўмлик кирим қилинмаган товарларни реализация қилган. Шунингдек, у 399 308 112 сўмлик маҳсулотларни нақд пулга сотиб, назорат касса машинасига кирим қилмаган ва банкдан ташқари нақд пул айланмасини амалга оширган. Унинг ушбу ҳаракатлари Жиноят кодексининг жуда кўп миқдордаги савдо қоидаларини бузганликни назарда тутувчи 189-моддаси билан малакаланган. Жиноят ишлари бўйича Чуст тумани судининг 2017 йил 10 апрелдаги ҳукмига асосан унга  нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг юз баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Бундан норози бўлган тадбиркор юқори турувчи давлат ва суд идора­лари, хусусан, Инсон ҳуқуқлари бў­йича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига мурожаат этган. Ушбу мурожаат Миллий марказ томонидан  ўрганиб чиқилганда жиноят-процессуал қонунчилиги талаблари бузилишига йўл қўйилган ҳо­лат­лар аниқланди.

Шундан сўнг Н. Халиловнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги ҳақида хулоса тузилиб, ишни кассация босқичида қўшиб кўриш тўғрисида жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди кассация босқичига тавсия киритилди.Аммо кассация босқичи суди биринчи босқич судининг ҳукмини ўз кучида қолдирди.

Ўзининг ҳақлигига ишонган Н. Халилов 2022 йил 19 август кунига қадар адолат излаб турли давлат идораларига мурожаатлар қилди. Ниҳоят, адолат тантана қилди. Шу йилнинг 19 август куни Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъа­ти Жиноят ко­дексининг 189-моддаси 2-қисмидаги «биринчи марта жиноят содир эт­ган шахс, агар у жиноят­ аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда савдо ёки хизмат кўрсатиш қои­далари бузилишининг оқибатларини бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади» деган талабга асосан Н. Халиловни айбсиз деб топди ва уни оқлади.

Шу тариқа ота-боболаримизнинг «Адолат эгилади, букилади, аммо синмайди» деган ҳикматига амал қилган матонатли инсон ҳақиқатни қарор топтириш учун сабот билан курашди ва ўз мақсадига эришди. Адолат тантанаси энди унинг бутун ҳаёт йўлини чароғон этиб туриши шубҳасиз.

Зеро, одиллик ана шундай тотли ва ардоқлидир.

Отабек Норбоев,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази бўлим бошлиғи

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: