ҚАЛТИС ЎЙИН ҚУРБОНЛАРИ ЁХУД ЭЛЕКТРОН ҚИМОР ЎЙИНИ ОҚИБАТИ

Ҳозирги пайтда глобал интернет тармоғида турли-туман хабарлар билан бирга жуда кўп ўйин турлари ҳам мавжуд. Уларнинг ичида виртуал қимор ўйинларининг мавжудлиги турли салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда. Қуйидаги қилмиш тафсилоти ана шу ҳақда.

Ҳазорасплик Умар Отажонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) бутунжаҳон интернет тармоғидаги «1xbet» ўйинида қатнашиш ва унга бошқаларни ҳам жалб этиш имконини қўлга киритади. Ке­йинчалик «Рулетка» ўйини сир-асрорини ҳам обдон ўрганди. Шундан сўнг у Абдували Саидовни бу борада шерикликка таклиф қил­ди. Ўзаро келишган ҳолда А. Саидовнинг номига интернет тармоғида фаолият кўр­сатиш ваколатини берувчи махсус па­тент­ни расмийлаштиришади. Ҳамтовоқлар туман марказидаги бозорча яқинидаги 2 қаватли бинонинг бир хонасини ижарага олишган бўлса-да, бироқ ундан қимор ўйинлари майдони сифатида фойдаланишга шошилишмайди. Чунки уларга электрон қи­мор ўйи­ни учун кўп нарса талаб этилмаслиги қўл келади. Шу боис ўйинни ижарага олинган бинода эмас, балки ўз­ларига қарашли автомашина ичида ўтказишни маъқул кўришади.

Улар ташлаган «тўр»га дастлаб ҳазорасплик О. Қурбонов «илинади».

Уддабурон шериклар уни «1xbet», «Playstation» ва «Рулетка» ўйинлари ишламай мўмай даромад топишнинг қу­лай усули эканига қаттиқ ишонтиришади. Электрон қи­мор ҳақидаги хабар С. Жуманазаровнинг ҳам қу­лоғига етиб боради ва у ҳам қи­мор ўй­нашга рози бўлади.

Шу тариқа «ўйин» қизигандан-қизий бошлайди. Ажабланарли жиҳати шундаки, пулни қиморга икки мижоз тикса-да, ўйинни бевосита «ишбилармон» ҳамтовоқлар бошқаришарди. Бу ҳол бир неча ой давом этди. Мижозлар тарафидан ҳар битта ўйин эвазига тикилган пулнинг миқдори 5 минг АҚШ долларгача етиб борди. Ўйин «эгалари» бу жараёнда мижозларни оз-оздан «ютуқ» билан сийлаб туришди. Ам­мо ўйиннинг сир-синоати мижозларга ошкор этилмади. Натижада ютуқ ўрнини мағлубиятнинг сўнгсиз аламлари эгаллади. Ҳар бир ўйинга катта миқдорда пул тиккан мижозлар доғда қо­лишди. «Ўйин» ташкилотчилари охири йўқ ваъ­далар билан сийлаб, «Бу гал ютолмадик, кейингисида албатта, ютамиз, кутинг», қабилидаги важ-корсонларни қа­лаштириб ташлашди. Бироқ кутилган ютуқдан дарак бўлмади. Охир-оқибат сабр косаси тўлган жабрдийда мижозлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ёрдам сўраб ариза ёзишга мажбур бўлишди.

Суриштирув-тергов чоғида ҳамтовоқларнинг жиноий қилмиши Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ҳамда 278-моддаси 1-қис­ми бўйича малакаланди.

Суд муҳокамасида маълум бўлишича, икки ҳамтовоқ ютуқларни мижозлардан яширишдан унумли фойдаланишган. Улар хизмат ҳа­қини тўлаб, ўйинда қатнашиш ваколатини қўлга киритган шахсларни турли баҳоналар билан алдашган.

Ўз ҳаққини талаб қилган мижозларга аввалдан атайлаб йиғиб қўйилган ва ютқазилгани баён этилган сохта скриншотларни кўрсатишган. Ўйин учун мижозлар тарафидан тикилган пул ва ютуқларни ўз эҳтиёжлари учун сарф­лашган. У. Отажонов ва А. Саи­дов бу нопок йўл орқали катта миқдорда бойлик орттиришган. Қўша-қўша автомашиналар, Тошкент шаҳридан уй сотиб олишган.

Судда гувоҳлик берган фуқаровий даъвогар С. Жуманазаров электрон қимор ўйиларида қатнашиш, айниқса, «Рулетка» ўйини учун кўпроқ пул тикишга асосан У. Отажонов ундагани, бу қилмишга унинг даъвати асосида бош қўшгани, лекин катта миқдорда ютуқ олмагани, аксинча, ўтган йилнинг март-ноябрь ойлари мобайнида 32 минг АҚШ долларига чув тушганини билдирди.

Яна бир фуқаровий даъвогар О. Қурбонов эса, 160 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулидан айрилган.

Энг қизиғи, ноқонуний қи­мор орқали мижозларни чув туширган ҳамтовоқлар судда улардан астойдил кечирим сўрашди. Қилмишга иқрорлик билдиришди. Алдов ва фириб йўли билан даъвогарларга етказилган 192 минг АҚШ долларини эгаларига қайтаришди. Суд судланувчилар Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қис­ми бўйича эълон қилинган айб­ловни содир этмаган, деган хулосага келди. Чунки ноқонуний қи­мор ўйи­ни махсус бино ёки алоҳида хоналарда кўп­чиликни тўплаган ҳолда эмас, балки кўча-куйда ўтказиб келинган.

Шу сабабли суд У. Отажонов ва А. Саидовни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисмига асосан айбдор деб топиб, етказилган моддий зарарнинг ўрни қоплангани, содир этилган қилмишига иқ­рор­лиги, чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий ша­рои­­ти, муқаддам судланмагани каби ҳолатларни инобатга олди. Судланувчиларга нисбатан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини ушлаб қолиш шарти билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси та­йин­ланди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ҳар қандай алдов ва фирибнинг умри қисқа. Ам­мо унга қарши биргаликда курашилсагина самарадорликка эришиш мумкин. Бунинг учун кенг жамоатчилик ўртасида тар­ғибот-ташвиқот ишларини янада жонлантириш, аҳо­лининг ҳуқу­қий онги ва маданиятини юксалтириш зарур. Ана шундагина фирибгарлик сингари жиноятларнинг олди олинади.

Мурод Рўзметов,

жиноят ишлари бўйича

Ҳазорасп тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: