ИККИ ЙИЛЛИК ИЗТИРОБ: АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ АЖРИМИДАН СЎНГ ОРТДА ҚОЛДИ
«Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди», дейди доно халқимиз. Бу ҳикматнинг исботига ҳаётдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.Масалан, Яшнобод туманида яшовчи Муножотхон Довулова ҳам бу ҳикматнинг бежизга айтилмаганига амин бўлди.
Ўқитувчилик жуда машаққатли, шу билан бирга шарафли касб. Аммо ўқитувчилар жамоасига раҳбарлик қилиш ундан ҳам ўн чандон масъулиятли. М.Довулова 2018 йил 7 февралда Яшнобод туманидаги 282-сонли умумий ўрта таълим мактабига директор этиб тайинланганида ана шу юксак масъулиятни ҳис қилган ҳолда фаолият бошлаганди.
Табиийки, шунга яраша мактабдаги таълим-тарбия сифати ҳам кўтарилди.
Ўқувчиларнинг турли беллашув ва фан олимпиадаларида қўлга киритган натижалари ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Бироқ орадан икки йил ўтгач, директорнинг бошига жиддий ташвиш тушди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув-тергов жараёни бошланди. Кейин ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди. Аниқроғи, жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судининг 2021 йил 25 мартдаги ҳукмига кўра, М. Довулова Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми, 207-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди ва унга нисбатан кодекснинг 59-моддаси тартибида узил-кесил 1 йил муддатга раҳбарлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, М. Довулова қайси қилмиши учун жазога тортилди?
Суд ҳукмида қайд этилишича, директор ўзининг 2018 йил 30 августдаги буйруғи билан Санжар Жўраевни мактабга психолог сифатида ишга қабул қилади. Лекин аслида Санжар директорнинг шахсий ёки муассасага тааллуқли бошқа топшириқларини бажарган. Бинобарин, у ўзининг бевосита психологлик вазифасини амалда бажармаган. Қолаверса, ишга ҳам ҳар куни келмаган. Бироқ мактаб раҳбари расмий ҳужжатларни қалбакилаштириб, 2020 йил март ойига қадар унга 24 093 602 сўм миқдорда ойлик маоши беришни таъминлаган.
Бундан ташқари М. Довулова Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги 275-сонли қарори ҳамда Халқ таълими вазирининг 2019 йил 29 августдаги 282-сонли буйруғи билан тасдиқланган Низомлар талабларига зид равишда ўқитувчиларга 22 926 943 сўм миқдорида ортиқча иш ҳақи, мукофот пули ва устамалар тўлаган. Шу билан бирга директор ўқитувчи, педагог, психолог ва кутубхона ходимларига 199 415 853 сўмлик устама, мукофот ҳамда моддий ёрдам пуллари тўғри, холис ва адолатли тўланишини таъминламагани натижада жамоада норозилик юзага келган.
Албатта, М. Довулова суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция инстанциясига шикоят билан мурожаат қилди. Аммо жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2021 йил 11 майдаги ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди. Шундан сўнг М. Довулова Олий судга мурожаат қилди. Чунки у ўзини айбсиз деб биларди. Натижада Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 26 октябрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг юқоридаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши айни инстанция судида янгидан кўриш учун юборилди.
Таъкидлаш керакки, ишни янгидан кўриш жараёнида М. Довулованинг айбсизлиги маълум бўлди. Жиноят-процессуал кодексининг 951-моддасига биноан, агар далиллар сохталаштириш (қалбакилаштириш) йўли билан, номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан, шунингдек, жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг суриштирувдаги, дастлабки терговдаги судда далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатмаларидан олинган бўлса, улар далил сифатида мақбул эмас деб топилади. Дастлабки тергов органи ва биринчи инстанция суди М. Довуловани айбдор деб топишда фақатгина тафтиш хулосасига асосланган. Ваҳоланки, тафтиш хулосаси мақбул бўлмаган далиллардан фойдаланилган ҳолда тузилган.
Жиноят ишидаги ҳолатларга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 17 февралдаги ажримига асосан қайта тафтиш тайинланди.
Мазкур тафтишга жалб қилинган Халқ таълими вазирлигининг ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис маркази методисти Гулчеҳра Тўраева берган хулосада қайд этилишича, психологларнинг вазифаси мактаб директори М. Довулова томонидан оғзаки тақсимлангани, шунга кўра, Санжар Жўраев ўқувчиларнинг мактабга мослашувини ўрганиш, юқори синф ўғил болаларини назорат қилиш, улар билан суҳбатлар ўтказиш, ўқувчиларнинг кийиниш маданияти, дарсга ўз вақтида келишини назорат қилиш, тарбияси оғир, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка мойил ўқувчилар билан ишлаш, турли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, ўтказилган тадбирлар, суҳбат, тест ва методикалар таҳлил натижаларини шакллантириш, умумлаштиришга кўмаклашишдан иборат.
Бундан ташқари дастлабки тергов органи томонидан гувоҳлар С. Мирзакаримова, Л. Бўтаева, М. Тўранқулова, Н. Нишонова, Г. Бўтаева, М. Аҳмедова, Т. Шомиева, Н. Файзиева, К. Ҳусанова, Ф. Тожиева, Г. Каипованинг кўрсатмалари фақатгина М. Довуловани айблаш учун асос сифатида олингани, бироқ уларнинг тушунтириш хатларида акс этган ҳолатлар мавжуд далиллар билан асослантирилмагани аниқланди.
Биринчи инстанция судида сўроқ қилинган гувоҳ И. Фейгина устама бериш бўйича махсус комиссия ҳаққоний ишлагани ва йиғилишлар мунтазам равишда ўтказилгани, устама олган ўқитувчиларни бунга лойиқ деб ҳисоблашини, психолог С. Жўраевнинг ишга келиб-кетишини кузатмагани, мактабда уни кўриб тургани, бироқ вазифасига айнан нималар киришини билмаслиги, тергов жараёнидаги кўрсатмаларини ўқимасдан имзолаганини маълум қилди. Гувоҳлар З. Нарзиева, М. Карамуталлаев, Д. Йўлдошева, Н. Йўлдошева, Д. Мадиева, О. Ҳусанова, Н. Оралова ва М. Нуритдинова ҳам айнан шунга ўхшаш кўрсатмалар беришди. Бинобарин, апелляция инстанцияси суди бирламчи тафтиш далолатномасидаги ҳолатлар жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг суриштирувдаги, дастлабки терговдаги судда далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатмаларидан олинган далилларга асослангани сабабли, бирламчи тафтиш далолатномасини мақбул бўлмаган далил деб топиб, уни далиллар рўйхатидан чиқарди.
Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, мактаб директори ўзининг фаолиятини қонун доирасида амалга ошириб келган. Ана шу асосларга таянган Тошкент шаҳар суди М. Довуловани айбсиз деб топиб, оқлади. Шу муносабат билан М. Довуловага ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 304, 312-моддалари тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди. Қолаверса, дастлабки тергов даврида Санжар Жўраев томонидан топширилган ва давлат фойдасига ўтказилган 24 094 000 сўм маблағ Тошкент шаҳар молия бошқармаси орқали унга қайтарилиши белгиланди.
Шу тариқа икки йил давом этган изтироблардан сўнг М. Довулованинг юзи ёруғ бўлди.
Таъкидлаш ўринлики, сўнгги йилларда судлар фаолиятидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бу мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг амалдаги самарасидир. Зеро, судлар зиммасига ҳар бир иш юзасидан адолатни рўёбга чиқариш вазифаси юклатилган.
Муҳтарама ТУРҒУНОВА,
Тошкент шаҳар суди судьяси
Фикр қолдириш