МИСИ ЧИҚҚАН ТАЪМАГИРЛИК

Ҳеч кимга сир эмас, бу ҳаётда ҳар бир инсон аввало намунали одоб-аҳлоқи, билими ва фидокорона меҳнати билан обрў-эътибор қозонади. Шунингдек, баъзан киши арзимайдиган хато ёки ўйламай босилган қадами туфайли йиллар давомида мисқоллаб йиққан обрўсини тўкиб қўйиши ҳам мумкин.

Масалан, Шаҳрихон туманида яшовчи Сайёра Акбарова (исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳам нафс қутқусига учиб, аёллик шаъни, кўпчилик ҳавас қиладиган касбига доғ туширди. Аниқроқ айтганда, у тўрт йилдан буён тумандаги 7-сонли мактабгача таълим муассасига раҳбарлик қилиб келаётганди. Аммо…

Гап шундаки, шу йил июль ойининг бошларида Гуллола Қодирова Сайёра Акбарованинг олдига иш сўраб келади. С. Акбарова унинг дипломини кўздан кечириб, тарбиячилик вазифасига мутахассислиги тўғри келмаслигини айтади.

— Ҳозирча бўш иш ўрни йўқ. Телефон рақамингизни қолдириб кетинг, сизга мос иш ўрни бўшаб қолса, ўзим хабар бераман, — дейди С. Акбарова.

Орадан бир-икки кун ўтгач, Г. Қодирова яна С. Акбаровага қўнғироқ қилади.

— Майли, келаверинг-чи, маслаҳатлашиб кўрамиз, — деб жавоб беради С. Акбарова.

Ўзаро суҳбат чоғида С. Акбарова унга «Мерож Барака Равнақи» масъулияти чекланган жамияти раҳбари билан гаплашиб, ошпазликка ишга жойлаштириб қўйишини айтади. Чунки айни пайтда болаларни овқатлантириш аутцорсинг тизими бўйича ташкил этилгани боис 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларини овқатлантириш юқорида номи қайд этилган масъулияти чекланган жа­мият­ зиммасига юклатилганди.

— Аммо бу иш «қуруқ» битмайди, — дейди С. Акбарова сирли тарзда.

Қисқаси, у Г. Қодировадан ишга жойлаштириш эвазига 100 АҚШ доллари беришни талаб қилади. Қолаверса, бу ҳақида ҳеч кимга айтмаслигини ҳам уқтиради. Бироқ Г. Қодирова оила аъзолари билан маслаҳатлашгач, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишга аҳд қилади.

Оқибатда С. Акбарова 2022 йил 8 июль куни ўз хизмат хонасида Г. Қодировадан 100 АҚШ долларини пора сифатида олаётган пайтда ушланди. Бинобарин, таъмагир мудирага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Сўнгра ушбу иш жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон тумани судида кўриб чиқилди. Суд С. Акбаровани Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми «в» банди билан айбдор деб топиб, қонуний жазо тайинлади.

Бу воқеани баён этишдан муддао шуки, жиноятнинг катта-кичиги бўлмайди. Бундан ҳам афсусланарли то­мони шундаки, таълим муассасасига раҳбарлик қилаётган кимсанинг таъмагирликка рўжу қўйишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Аслида С. Акбарова бу қилмиши билан маҳалла-куйда таъмагир деган ном олгани, обрў-эътиборини йўқотгани қолди. Ҳаёт ҳақиқати шундай: ҳеч қандай қилмиш жазосиз қолмайди. Буни доимо ёдда тутиш лозим.

Султонмақсуд ХОЛБОТИРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Шаҳрихон тумани суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: