22 апрель 2019
Халқимиз азал-азалдан оилани муқаддас билиб, уни авайлаб-асрашга алоҳида эътибор қаратиб келади. Зеро, оилада миллий қадрият ва анъаналар ривож топиши билан бирга, эртанги кунимиз эгалари — фарзандлар камолга етади.
Конституциямизнинг 63-моддасида белгиланганидек, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.
Ушбу конституциявий норма талаблари доирасида 2018 йил 20 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий низолар ҳамда никоҳдан ажралиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида қўшма кўрсатма ҳамда ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланган.
Бундан кўзланган асосий мақсад никоҳдан ажрашиш ҳолатларининг олдини олишдир.
Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилоятида ҳам изчил ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, фу-қаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят суди билан вилоят Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида «Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, хотин-қизлар ҳамда вояга етмаган болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оилавий низоларни ҳамда никоҳдан ажралиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган очиқ мулоқот ва сайёр қабуллар режаси» тасдиқланди.
Шу асосда яқинда Жиззах вилояти туманлари ва Жиззах шаҳрида тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Ушбу тадбирларда оиласидаги келишмовчиликлар туфайли алоҳида яшаб келаётган эр-хотинлар билан мулоқотлар ўтказилди.
Тадбирларда вилоят, шаҳар ва туманлар Хотин-қизлар қў-миталари раислари, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси, оммавий ахборот воситалари, Халқ қабулхонаси вакиллари, Ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгаши аъзолари, Мусулмонлар идораси ҳудудий вакиллари, фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, маҳалла фаоллари ҳамда низоли оилалар аъзолари иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларига оилавий низоларни ва никоҳдан ажрашишларнинг олдини олиш мавзусида тайёрланган 400 дан ортиқ буклетлар тарқатилди. «Фарзанд — омонатдир» видеофильми намойиш этилди.
Айниқса, Ғаллаорол ва Дўстлик туманларидаги тадбирлар самарали ўтди. Энг намунали оилалаларга, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маьнавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш борасида намунали ишлар олиб борган мутахассисларга Фахрий ёр¬лиқлар топширилди.
Тадбирлар давомида жами 118 нафар эр-хотинлар билан алоҳида суҳбатлар ўтказилиб, шундан 19 нафарини яраштиришга эришилди. Натижада 32 нафар вояга етмаган бола ўз ота-онаси бағрида бахтиёр улғайишга замин яратилди.
Энг муҳими, жорий йилнинг би¬ринчи чорагида 2018 йилнинг шу даврига нисбатан Жиззах вилоятида никоҳдан ажратиш ҳақида судларга мурожаатларнинг сони 148 тага камайишига эришилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг дастлабки уч ойида 523 тани ташкил этган бўлса, бу йил айни шу даврда 375 тадан ошмади.
Буларнинг барчаси, албатта, вилоятда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий низолар ва никоҳдан ажралиш ҳолатларига барҳам бериш борасидаги изчил фаолият самараларидир.
Акром ШУКУРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилояти судининг раиси
Фикр қолдириш